19:24 / 01.03.2022
11809

«Ўзлигимизни йўқотмаслигимиз шарт» — Шавкат Мирзиёев айрим сериалларни танқид қилди

Телеканалларда эфирга узатилаётган айрим сериаллар танқид қилиниб, хотин-қизлар образи салбий бўёқларда тасвирланаётгани дунёқараши ҳали шаклланмаган қизлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.

1 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев телеканалларда эфирга узатилаётган айрим сериалларни танқид қилди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг ёзишича, «йиғилишда бугун сериалларда хотин-қизлар образи жуда юзаки, салбий бўёқларда тасвирланаётгани юртдошларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани айтилган».

«Энг ачинарлиси, бундай ҳолатлар дунёқараши ҳали шаклланмаган қизларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди»,  дейилади хабарда.

Мутасаддиларга ибратли хотин-қизлар образлари акс эттирилган юксак бадиий, кино ва саҳна асарлари яратиш чораларини кўриш, бунинг учун ижодкорларга мақсадли грантлар ажратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

«Шу ўринда, оқила қизларимизга кўнглимдаги бир фикрни айтмоқчиман. Бугун биз очиқ жамиятда яшаяпмиз. Бу имкониятдан тўғри фойдаланиб, илғор ғояларни ўзлаштиришимиз керак. Лекин, миллий қиёфамизга путур етказадиган иллатлардан эҳтиёт бўлишимиз, ўзлигимизни йўқотмаслигимиз шарт», деди давлат раҳбари.

Ибо-ҳаё, поклик, сабр, шукроналик, илмга интилиш сингари эзгу қадриятларни тарғиб қиладиган мобиль иловалар ва интернет платформаларини яратиш муҳим экани таъкидланди.

Top