Жаҳон | 07:51 / 02.03.2022
19816
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Россия самолётлари учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди

Америка Қўшма Штатлари Россия самолётлари учун ҳаво ҳудудини ёпди. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден Конгрессга мурожаатида айтди.

Фото: Reuters

АҚШ сенаторлари ва конгрессменлари президент нутқини тинглаб, Украинани қўллаб-қувватлаш учун сариқ ва кўк рангли ленталарни тақиб олди. Мамлакат элчиси Оксана Маркарова махсус фахрий меҳмон сифатида АҚШ биринчи хоними Жилл Байденнинг ёнида ўтирди.

«Путин жуда хато иш қилди. У Украинага кирса, дунё остин-устун бўлиб кетади, деб ўйлади. Бунинг ўрнига ўзи кутмаган ёки тасаввур қилмаган куч деворига дуч келди. У Украина халқи билан учрашди», деди Байден Конгрессга мурожаатида.

Қайд этилишича, АҚШ Адлия вазирлиги қошида махсус гуруҳ ишлайди, унинг мақсади - «Россия олигархларининг жиноятларини тергов қилиш» бўлади.

Таъкидланишича, АҚШ Россия авиакомпаниялари учун осмонни ёпади. Бу ҳақда 2 март куни расман эълон қилинади.

Байден янгиликдан хавотирга тушган америкаликларни тинчлантирди. «Бу давр тарихи ёзилса, Путиннинг Украина билан уруши Россияни заифлаштиради, бутун дунёни эса кучлироқ қилади», деди АҚШ президенти.

Маълум қилинишича, АҚШ ва иттифоқчилар Украинага ҳарбий, иқтисодий ва гуманитар ёрдам сифатида 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратади.

Аввалроқ, Байден Украинага зудлик билан 600 млн доллар ажратилишини эълон қилганди.

Жо Байден давлат котиби Энтони Блинкенга Украинага зудлик билан ҳарбий ёрдам кўрсатиш ҳуқуқини берувчи меморандум имзолади. 

«Украинага зудлик билан ҳарбий ёрдам кўрсатиш мақсадида давлат котибига қуйидаги ваколатларни топшираман: АҚШнинг 250 миллион долларгача бўлган миқдорда ёрдам кўрсатиши мамлакат хавфсизлик манфаатлари учун муҳимлигини аниқлаш ваколати, Мудофаа вазирлигининг мудофаа маҳсулотлари ва хизматлари кўринишида умумий қиймати 350 миллион долларгача бўлган маблағларни юбориш ваколати», дейилади ҳужжатда. 

Жо Байден маъмурияти АҚШ Конгресси Россиянинг Украинага бостириб киришига Вашингтон жавоб чораларини кўриш учун дастлаб 6,4 миллиард доллар ажратишини истамоқда, деб ёзади AP. 

Маблағлар биринчи навбатда минтақага ҳарбий ва гуманитар ёрдам учун йўналтирилиши керак, дея хабар берган сўровдан хабардор уч нафар манба. 

Мавзуга оид