Донбассда сўнгги саккиз йилда нималар бўлганди? Можаронинг қисқача тарихи суратларда
Донбассдаги қарама-қаршилик 2014 йил баҳорида, Шарқий Украина аҳолисининг бир қисми Киевда ҳокимият инқилобий йўл билан алмашинувини қабул қилмаслиги ортидан бошланганди. Апрель ойи мобайнида Харьков, Донецк ва Луганскда ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган халқ республикалари юзага келади. Киев ИИВ кучлари орқали Харьков устидан назоратни тезда тиклайди. Донецк ва Луганск областларида эса тўлақонли фуқаролик уруши етилиб келади, қолаверса ДХР ва ЛХР Россиянинг қўллаб-қувватловидан фойдаланади — очиқчасига ҳам, махфий равишда ҳам, руҳан ва моддий жиҳатдан ҳам. Расман мазкур можаронинг «қайноқ» босқичи 2015 йил 12 февралида Минск келишувлари билан якунланади, гарчи келишувдан кейин ҳам ўзаро тўқнашувлар ва отишмалар давом этган бўлса ҳам. Етти йил мобайнида зиддият «музлатилган» кўринишида эди — бу жаҳон сиёсатида камёб ҳолат. Америкалик фотосуратчи Брендан Ҳоффман бу йиллар давомида қарама-қаршиликнинг турли томонларида туриб қолган одамларни — қуроллиларни ҳам, қуролсизларни ҳам суратга олиб келган.
«ДХР» тарафдорлари 2014 йил 4 майида Донецкдаги ҳарбий прокуратура биносини эгаллашади. Ундан олдинги бир неча ҳафта давомида Украина шарқидаги қатор шаҳарлар руспараст фаоллар назоратига ўтганди. Донецк областининг Славянск шаҳри маъмурий бинолари Россия ҳудудидан келган, Игорь Стрелков (Гиркин) бошчилигидаги 50 чоғли киши томонидан эгалланади - у бизнесмен Константин Малофеевнинг хавфсизлик хизмати бошлиғи эди. Украина ҳукумати 7 апрель куни мамлакат шарқида аксилтеррор амалиёт бошлангани ҳақида эълон қилади.
Донецкдаги ҳарбий прокуратура биноси олдида, 2014 йил 4 май. Бу «ДХР» тарафдорлари томонидан эгалланган сўнгги маъмурий бинолардан бири бўлганди. 7 апрель куни «Халқ республикаси» тузилади. 11 май куни референдум ўтказилиб, унинг якунларига кўра кейинги куни мустақиллик эълон қилинади. Ўшанда уни ҳеч ким тан олмаган — ҳатто Россия ҳам, гарчи расмий Москва «ДХР»га яққол хайрихоҳлик билдирган бўлса ҳам.
2014 йил 9 май куни Мариуполда маҳаллий милиция биноси учун жанг бўлиб ўтади. «ДХР» айирмачилари Украина Миллий гвардияси қисмини шаҳардан ҳайдаб чиқаради, ҳукумат кучларининг бир неча техникаси ташлаб кетилади. Суратда айирмачилар шу техникалардан бирини шаҳар майдони томон ўлжа сифатида олиб кетишмоқда.
12 май куни Мариуполда ИИББ биноси олдидаги тўқнашувларда ҳалок бўлганларни дафн этиш маросими ўтказилади. Қурбонлар орасида айирмачилардан ташқари, 9 май кунги митингнинг қуролсиз иштирокчилари ҳам бўлган.
Кўнгиллилар батальони бўлган «Донбасс» жангчилари Днепропетровск областидаги машғулот лагерига йўл олмоқда. 2014 йил баҳорида Украинанинг турли қисмларида бир нечта шу каби қуролли тузилмалар пайдо бўлди: уларнинг бир қисми — «халқ республика»лари мустақиллиги ёки уларнинг Россия таркибига қўшилиши, қолганлари (жумладан «Донбасс» батальони) — шарқдаги областларни Украина таркибида сақлаб қолиш учун курашарди.
2014 йил 17 июлида Донецк областининг Грабова қишлоғи ҳудудида уриб туширилган Boeing 777 йўловчи самолёти йўловчисининг жасади. Самолёт Амстердамдан Куала-Лумпурга MH17 рейсини амалга оширган. Уни «Бук» орқали уриб туширишган. 283 йўловчи ва экипажнинг 15 аъзоси ҳалок бўлган, ҳеч ким омон қолмаган. Нидерландиялик терговчилар ракета «ДХР» назоратидаги ҳудуддан учирилган, деган хулосага келишган, «Бук» Россия қуролли кучларига тегишли бўлган. Россия томони ушбу ҳодисага ҳар қандай алоқадорлигини инкор этади.
2014 йил июли охиридаги артиллерия зарбаларидан кейин Донецкдаги кўриниш. Бу вақтга келиб «ДХР» кучлари Славянск, Краматорск ва Донецк областидаги Донецк шаҳрига яқин бир қанча ҳудудларни тарк этганди. Украина қуролли кучлари барибир Россия чегарасигача бўлган ҳудудни тўлиқ қайтариб ололмади: уларнинг илғор қисмлари август ойида Иловайск остонасида қуршовга тушиб қолди. «ДХР»нинг қарши ҳужумларида россиялик ҳарбийлар қатнашди (буни ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республика бош вазири Александр Захарченко тан олганди), улар формал жиҳатдан «таътилга чиқарилганида» бу ерга келган. Натижада «ДХР» ва «ЛХР» сақлаб қолинди. 5 сентябрь куни Украина, Россия, «ДХР» ва «ЛХР» вакиллари Минскда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни имзолашди.
Украиналик ҳарбийлар ўз базасида дам олмоқда. 2014 йил ноябри, Донецк аэропорти учун жанглар авжига чиққан палла.
Донецк аэропорти яқинидаги Пески посёлкаси (хандақдан кўриниш). Украиналик ҳарбийлар аэропорт устидан назоратни 2014 йил баҳоридан ўзида сақлаб қолаётганди. «ДХР» кучлари бир неча бор уларни аэропорт ҳудудидан сиқиб чиқаришга уринган, аммо бу уринишларнинг барчаси муваффақиятсиз якунланган. Интенсив жанглар 2014 йил августи охиридан 2015 йил январига қадар давом этган. Якунда аэропорт «ДХР» қўлига ўтган. Уни эгаллаш учун жангларда икки томондан бир ярим мингга яқин киши ҳалок бўлган.
Ленин ҳайкалига муносабат Донбассдаги можарода қайси томонга содиқликни ифодаловчи муҳим кўрсаткич бўлган.
Донецк, 2015 йил 3 февраль.
Украина армиясининг чекинишидан кейин Дебальцеводаги йўл. Дебальцево — Донецк ва Луганск областларидаги шаҳар. Украин ҳарбийлари «ДХР»ни «ЛХР»дан узиб қўйиш учун шаҳарни ўз назоратида сақлаб қолишга уринган. Аммо «ДХР» ва «ЛХР» кучлари (яна россиялик «таътилчилар» ёрдамида) 2015 йил январь — февраль ойларидаги жанглардан кейин уни қайтариб олишга муваффақ бўлган.
Луганск областининг Новотошковское посёлкасида 2015 йил 21 февралида бўлиб ўтган асирлар алмашинуви вақтида украин ҳарбийлари. Бу процедура 12 февраль куни Украина, Россия, ЕХҲТ, «ДХР» ва «ЛХР» вакиллари томонидан имзоланган ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан қўллаб-қувватланган иккинчи Минск келишувларида назарда тутилганди. Бу келишув Украина шарқидаги можарони ҳарбий майдондан сиёсий майдонга олиб ўтиши кутилганди.
ДХР ёки ЛХР жангчилари Новотошковскоедаги асирлар алмашинуви вақтида. Минск келишувлари имзоланганидан кейинги етти йил мобайнида туташув чизиғида кўп бор ўт очишни тўхтатиш режими бузилди, томонлар бунда бир-бирини айблаб келишди.
«Днепр-1» батальонининг Дядя Вова лақабли жангчиси, Донецк областининг Первомайское посёлкаси, 2015 йил 19 март. Украина кучлари Донецк аэропорти ва Пескидан чекингач, Первомайское — Ғарбга олиб борувчи йўлдаги навбатдаги аҳоли пункти эди.
Луганск областидаги Троицкое посёлкаси, 2015 йил 11 декабрь. Қизил хоч жамияти томонидан етказилган инсонпарварлик ёрдами тақсимланиши.
Дўкондан Донецк области Павлополь қишлоғидаги ўз позицияларига қайтаётган украин аскарлари.
Донецк аэропорти, 2016 йил 22 март. Ўшанда аэропорт «ДХР» назоратига ўтганига бир йилдан ошган, аммо уни тиклаш бўйича ишлар олиб борилмаганди.
Авдеевка, Донецк области, 2017 йил 1 февраль. 60 ёшли Екатерина Волкова дўконга чиққанида «ДХР» томондан келган зарба туфайли ҳалок бўлади. Уни қизи Надежда топади. Авдеевка туташув чизиғида жойлашган, вазиятнинг ҳар қандай кескинлашуви унинг аҳолиси учун жиддий хавф туғдиради.
Авдеевкадаги Украина танки, 2017 йил 2 февраль.
Донецкдаги трамвай, 2017 йил 21 апрель. Зиддият бошланишидан аввал шаҳарда миллионга яқин киши яшарди. Кўплар уни тарк этди, аммо бу ҳамон йирик шаҳар. Фронт чизиғи унинг атрофидан ўтган.
Бердянск, Донецк области («ДХР»), 2018 йил 30 июнь. Ҳосил йиғими.
Олеся Гадарина со ўз тулпори билан. Мариуполь, 2018 йил 5 декабрь. Уларнинг ортида — «Азовсталь» заводи. Азов денгизида вазият кескинлашгач, Мариуполь портида товар айланмаси кескин қисқарган, шу туфайли завод ўз маҳсулотларини сотишда катта қийинчиликларга дуч келган.
Луганск областининг Счастье шаҳрида туташув чизиғидаги бункерда турган украин аскари. 2021 йил 16 апрель. Март ойи охирларидан ўт очишни тўхтатиш режими бузилиши бошланди. Апрель ойи бошида Россия чегарада улкан қўшин тўплашга киришди.
Россия чегарачи кемаси Азов денгизида (Украина чегарачи кемасидан кўриниш), 2021 йил апрель. Ўшанда кескинлик тинчлик билан якунланганди: апрель охирида вазият одатий тартибига қайтганди. Ўшанда Владимир Путиннинг Америка президенти Жо Байден билан учрашуви арафасида Россия ўз кучларини кўрсатиб қўйиш учун Украина чегарасига келтиргани айтилганди.
Марьинка шаҳри (тепада) ва Донецк областидаги Гнутово қишлоғи 2015 йилдан кейин амалда туташув чизиғи устига туриб қолган. Айрим ҳолатларда бу ҳудудлар аҳолиси далада ишлай туриб, минада портлаб кетган.
Донецк областидаги Гранитое қишлоғида танкларга қарши тўсиқлар. Украин армияси бу ерни 2014 йилда эгаллаган. 2021 йилда Украина томони айнан шу ерда илк бор турклар томонидан ишлаб чиқарилган Bayraktar зарбдор дронларини жойлаштирганди. 2022 йил 28 февраль куни «ДХР» раҳбари Денис Пушилин Гранитное посёлкаси маъмурияти биносига «ДХР» байроғини ўрнатди.