Ўзбекистон | 19:30 / 03.03.2022
6877
2 дақиқада ўқилади

Андижон ва Хоразм вилоятларида ер майдонларини сотмоқчи бўлган фирибгарлар ушланди

Андижон вилоятида 12 000 АҚШ доллари, Хоразмда эса 10 500 АҚШ доллари эвазига ер майдонларини сотмоқчи бўлган фирибгарлар ушланди.

Фото: Прокуратура департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг хабар беришича, Андижон вилояти Олтинкўл туманида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда фуқаро Н.Ю. бошқа бир фуқаро О.нинг ишончига кириб, унга юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Андижон шаҳри, Бобуршоҳ кўчасидаги бўш турган 3 сотих ер майдонига уй-жой қуриш учун рухсатнома олиб бериш эвазига 12 000 АҚШ доллари сўраб, шундан 1 700 АҚШ долларини қўлга киритиб, яна 5 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Фото: Прокуратура департаменти

Шунингдек, Хоразм вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда ҳам шундай ҳолат аниқланди. Фуқаро А.К. Янгиариқ туманидаги “Сабурзом” маҳалласида фуқаро Р.нинг номига гўёки тугалланмаган турар жой биноси сифатида расмийлаштирилган 13 сотих экин ер майдонини фуқаро Ж.га сотишга келишиб, танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, эвазига 10 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Фото: Прокуратура департаменти

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид