Ўзбекистон | 10:09 / 04.03.2022
16146
2 дақиқада ўқилади

ДХХга ишга киритиб қўймоқчи бўлган шахс ДХХ томонидан қўлга олинди 

Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди.

ДХХ хабарига кўра, 1985 йилда туғилган, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар содир этганлиги учун бир неча бор судланган шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишловчи мансабдор танишлари орқали фуқарони ДХХ идораларига ишга киритиб қўйиш эвазига 50 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ҳарбий хизматчиси ўзганинг ишончига кириб, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали унинг фарзандини ички ишлар идораларига ишга киритиб қўйиш эвазига 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Сирдарё вилояти Бахт шаҳрида яшовчи, собиқ ички ишлар ходими, ўзини гўёки Миллий гвардиянинг вилоят бошқармасида ишловчи ходими сифатида таништириб, Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқарони Миллий гвардия тизимига ишга киритиб қўйиш эвазига, ундан 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ва ИЖҚК Департаментининг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан қўлга олинди.

Миллий гвардияга пул эвазига ишга киритиб қўйиш ҳолати Қашқадарё вилоятида ҳам қайд этилди. Муқаддам Мудофаа вазирлиги тизимида ишлаб, нафақага чиққан, Қарши шаҳрида яшовчи шахс 1995 йилда туғилган фуқарони Миллий гвардияга ишга киришида ёрдам бериш эвазига 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид