Ўзбекистон | 08:50 / 04.03.2022
7291
3 дақиқада ўқилади

Солиқ қўмитаси бошқармалари тузилмаларида янги назорат бўлимлари ташкил этилади

Фото: Shutterstock

Президентнинг “Сув ресурсларини аниқ ҳисобга олиш тизимини йўлга қўйиш ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича маъмурчиликни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Давлат солиқ қўмитасининг ҳудудий - Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар давлат солиқ бошқармалари тузилмаларида Сув ресурслари ҳисобини юритиш ва назорат бўлимлари ташкил этилади ҳамда уларга 270 та қўшимча штат бирлиги, шу жумладан марказий аппарат учун 3 та штат бирлиги ажратилади.

Давлат солиқ қўмитаси Сув хўжалиги вазирлигининг ягона маълумотлар базаси орқали сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ базасини кенгайтириш орқали бюджет даромадларини ошириб боради.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йил 1 июлга қадар тажриба тариқасида туманларда камида 1 тадан намунали қишлоқ хўжалиги корхоналарини сувдан фойдаланиш ҳамда сув истеъмоли ҳисобини юритишлари учун “Smart Wаtеr” ўлчагичи ва шу каби рақамли технологиялар билан ихтиёрий тарзда жиҳозланишини таъминлайди.

Бунда, сув ресурсларини ҳисобга олиш, маълумотларни қайта ишлаш ҳамда белгиланган тартибда ягона маълумотлар базасида акс эттирилиши бўйича вазирликнинг айрим функцияларини давлат хусусий шерикчилиги шартлари асосида хусусий секторга ўтказилиши белгиланади.

2022 йил 1 январдан уч йил муддатга:

қишлоқ хўжалиги корхоналарига сув ҳисоблаш воситалари билан жиҳозланган пайтдан бошлаб, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун белгиланган солиқ ставкалари 0,5 камайтирувчи коэффициент;

“Smart Wаtеr” ўлчагичи ва шу каби рақамли технологияларни жорий қилган қишлоқ хўжалиги корхоналари учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун белгиланган солиқ ставкалари 0,1 камайтирувчи коэффициентни ҳисобга олган ҳолда қўлланилади;

сектор раҳбарларининг тавсиясига асосан кам таъминланган ва ишсиз аҳолига такрорий экин учун ер майдони ажратган қишлоқ хўжалиги корхоналарига, ажратилган ер майдони қисми бўйича сув ресурслари истеъмолининг нормативлари асосида аниқланадиган солиқ суммасининг 50 фоизи миқдорини тўлаш ҳуқуқи берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид