07:34 / 04.03.2022
4944

Тошкент вилоятида акасининг номидаги МЧЖга банк кредитини ўтказиб, талон-торож қилган бош ҳисобчи аниқланди  

Фото: Kun.uz

Янгийўл шаҳрида акасининг номидаги МЧЖга банк кредитини ўтказиб, талон-торож қилган бош ҳисобчи аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Департаментнинг Янгийўл шаҳар бўлими томонидан “Ўзмиллийбанк” АЖнинг Янгийўл филиали мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган.

Унда, Янгийўл филиали бош ҳисобчиси Ж.М. кредит маблағларини ўзлаштириш мақсадида, акаси Ж.нинг номига “Z.B.” МЧЖни ташкил қилиб, 11 нафар фуқаронинг номига кредит ҳужжатларини расмийлаштириб, уларга ажратилган 754 млн сўмни дастлаб “Z.B.” МЧЖ ҳисобрақамига ва у орқали пластик картага ўтказиб, талон-торож қилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 179-моддаси (сохта тадбиркорлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top