Зеленский — ултиматумларга рози эмаслиги, Кремлнинг шартлари ва НАТОдан совигани ҳақида
Украина етакчиси Владимир Зеленский Американинг ABC телеканалига интервю берди. Унда президент Қрим ва Донбасс масаласида музокарага тайёрлиги, бироқ ултиматумларни рад этишини айтди. Зеленскийнинг фикрича, Путин “кислородсиз ахборот пуфагида” яшамоқда ва унга киритилаётган маълумотларнинг қанчалик ҳаққоний экани урушнинг боришида муҳим рол ўйнайди.
— Мамлакатдаги ҳозирги вазият қандай, пойтахт Киевни қанча вақт тутиб тура оласизлар?
— Нафақат Киев шаҳри ва аҳоли яшаш мавзелари, балки Киев атрофидаги туманлар ҳам бомбардимон қилиняпти. Пойтахтимиз қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Харков, Винница, Одесса, Житомир, Чернигов, Мариупол – кўп шаҳарларимиз бомбалар остида қолди.
— Россия армиясининг катта қисми Украина атрофига олиб келинган. Украина халқи ва армияси Россияни қандай тўхтатиб қола олади?
— Ишончим комил, украиналиклар бутун ҳаётлари давомида Россия босқинига қарши туриш учун тайёрланиб келишган. Россия ҳарбийлари оккупация қилган шаҳарларда оддий аҳоли, ҳеч қандай қуролсиз уларга қарши чиқишмоқда. Бу – жасорат.
Муаммо шундаки, Украинанинг бир нафар аскарига ўн нафар Россия аскари тўғри келади. Битта Украина танкига эса элликта рус танки. Биз уларни йўқ қиляпмиз ва бу фарқ қисқаряпти. Бироқ биз қанча вақт қарши тура олишимизга келсак, кўп нарса фақат бизгагина боғлиқ эмас. Улар бутун мамлакатни эгаллаб олган тақдирда ҳам, уруш исёнлар билан давом этаверади, чунки ҳеч ким мустақиллигимизни бериб қўймайди.
Бугун уруш бизнинг мамлакатимизда бўляпти, [агар Россия тўхтатилмаса] эртага Литва, Дания, Полша, Германияда бўлмайди деб айтиб бўлмайди.
— Куни кеча Кремл урушни тўхтатиш шартларини айтди. Уларнинг айтишича, Украина Конституциясини ўзгартириб, НАТОга кириш мақсадидан воз кечиши, Қримни Россияники деб тан олиши ҳамда Украина шарқидаги айирмачи ҳудудлар мустақиллигини тан олиши керак. Бу борада ҳозир Владимир Путинга нима деган бўлардингиз?
— Биринчидан, мен мулоқотга тайёрман. Биз капитуляцияга тайёр эмасмиз. Гап менда эмас, бу – мени сайлаган халқ билан боғлиқ.
НАТОга келсак, анча аввалроқ – алянс Россия билан ўртасида зиддият келиб чиқиши эҳтимоли сабаб Украинани ўз таркибига қабул қилишга тайёр эмаслигини тушунган пайтимдаёқ НАТОдан ҳафсалам пир бўлган. Биз ҳеч қачон тиз чўкиб ёлворадиган давлат бўлишни истамаймиз, мен ҳам бундай президент бўлишни хоҳламайман.
— Кремлнинг учта шарти – НАТОга киришдан воз кечиш, Қримни Россияники деб тан олиш, Украина шарқидаги иккита республика мустақиллигини тан олиш. Путинга нима деган бўлардингиз, урушни сиз бошламаганингиз ва бу шартларга рози эмаслигингизни айтасизми?
— Мен хавфсизлик кафолатлари ҳақида гапиряпман. Оккупация қилинган ҳудудлар ва тан олинмаган республикалар – уларни Россиядан бошқа ҳеч ким тан олгани йўқ – масалаларини муҳокама қилиб, бу ҳудудлар келгусида қандай ҳаёт кечириши борасида келишувга эриша оламиз, деб ўйлайман. Мен учун муҳими – бу ерларда яшовчи, лекин Украинанинг бир қисми бўлишни истовчи аҳоли қандай яшайди?
Масала шунчаки тан олиш ёки тан олмасликдан кўра мураккаброқ. Бу – навбатдаги ултиматум. Биз ултиматумларга тайёр эмасмиз. Нима қилиш керак – президент Путин кислородсиз ахборот пуфагида яшашнинг ўрнига, гапиришдан тўхтаб мулоқотга ўтиши керак. Менимча, у айнан шундай вазиятда. У ўзининг қобиғига ўралиб қолган. У маълумотларни олиб турибди, лекин бу маълумотлар қанчалик ҳақиқатга яқинлигини билмаймиз.
— АҚШ президенти Жо Байден билан яна бир бор гаплашдингиз. Айтинг-чи, сиз ҳозир АҚШдан сўраётган энг катта нарса нима?
— Мен унга айтдимки, бугун биз учун энг муҳими – ҳаводаги хавфсизлик. Ҳаво кенгликларимизда Россия фаол бўлишига қўйиб бера олмаймиз, чунки улар бизни бомбардимон қилишяпти; [Украина осмонида] ракеталар, вертолётлар, қирувчи ракеталар каби кўплаб техникалардан фойдаланишяпти.
— АҚШ Украина осмонини ҳарбий парвозлар ман этилган ҳудуд деб эълон қилишни рад этмоқда. Бу қарор урушни ҳозирги даражадан кенгайишига олиб келиши мумкинлиги, НАТО Россиянинг Украина ҳудудидаги учувчи қурилмаларини ўққа тутишига тўғри келиши эҳтимолидан шундай қарорга келинмоқда. Бу хавотирга қўшиласизми?
— Россия учувчи қурилмаларини уриб тушириш? Масалан, кеча Россия ракетаси Харков шаҳридаги университет ва ётоқхонага тушди. Худди шундай ракета Киевдаги педиатрия клиникасига ҳам тушди. Бу ракеталарни уриб тушириш керакми-йўқми, сиз шунга иккиланяпсизми? Инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун бу ракеталар уриб туширилиши керак, саволга бундан бошқа жавоб йўқ. Бу ракеталар талабаларга қараб отилганини билиб турган америка аскарлари уларни уриб туширишга иккиланмаган бўлар эди.
— Сиз Путин тинч аҳоли манзилларига қасддан ҳужум уюштиряпти деб ҳисоблайсизми?
— Мен нима деб ҳисоблашимнинг нима фарқи бор? Натижа бир хил-ку: одамлар ўляпти. Мактаблар, боғчалар, университетлар, ётоқхоналарга бомба тушяпти.
— Сизнингча, Путин уруш жиноятини содир этдими?
— Бизнинг мамлакатимизга кириб келганлар, бунга буйруқ берганлар, ўқ узаётганларнинг барчаси – уруш жиноятчилари.
— АҚШ ва Ғарб агар зарурат туғилса сизни қутқариб олиш бўйича таклиф жўнатгани ростми? Сиз қанча вақт қолмоқчисиз?
— Ҳа, таклиф қилишди. Чунки кўплаб маълумотлар бор эди, мени ва оиламни ўлдириш учун бир нечта махсус гуруҳлар юборилган эди. Мен йўқ дедим. Ахир қандай қилиб ташлаб кетаман? Бу – менинг ватаним. Мен шу халқнинг сайланган президентиман.
— Демак, нима бўлишидан қатъи назар, Украинада қоласиз, шундайми?
— Мен барчаси Ҳолливуд киноларидагидек бахтли якун топишини истайман.
— Путин Украинани денацификация қилиш ҳақида гапирмоқда. Биламиз, сиз яҳудийсиз, аждодларингиз орасида Ҳолокост вақтида қурбон бўлганлар бор. Украинани денацификация қилиш ҳақида Путинга нима деган бўлардингиз?
— Ҳозирги ҳолатда денацификация – украин миллатига зарба беришга тенг. 1940 йилларда ҳам шундай бўлган: Германияда яҳудий миллатини денацификация қилишга уринишган. Бундай ҳолат замонавий дунёда бўлаётганидан шокдаман.
— Европаликларга мурожаатингизда: “Биз қуласак, сиз ҳам қулайсиз” дедингиз. Бу билан нимани назарда тутдингиз?
— Украина, тили ва яшаш жойидан қатъи назар, замонавий дунёдаги барча ёшдаги одамлар ишонадиган қадриятларни ҳимоя қиляпти. Агар Россия ана шу қадриятларни барбод қилишига йўл қўйиб берсак, бу интиҳо бўлади. Украиналиклар, шунингдек европаликлар ҳам ана ўша қадриятлар учун қалқон бўлишяпти. Бироқ бу имтиҳондан айнан Украина халқи ўтяпти. Шундай экан, бизга кўмак беришингиз зарур. Ҳозир Украина халқи – бутун Европанинг соқчиларига айланган.
— Ҳозир Путинга нима деган бўлардингиз?
— У ўзи бошлаган урушни ўзи тўхтата олади. Мабодо у “Урушни мен бошламаганман” деб ҳисобласа ҳам, битта муҳим нарсани билиши керак: у урушни тўхтатиш ўзининг қўлида эканини инкор қила олмайди.