Ўзбекистон | 19:03 / 11.03.2022
10847
3 дақиқада ўқилади

Хоразмда Россияга авиачипта олган йўловчилар рейс бекор қилинган бўлса-да, пулини қайтариб ололмаяпти

Хоразм вилояти, Урганч шаҳрида «Урганч – Санкт-Петербург» йўналиши бўйича Россиянинг S7 Airlines авиакомпанияси рейсларига авиачипта олган йўловчилар парвоз бекор қилинган бўлса-да, чипта пулини қайтариб олишолмаяпти.

Фуқаронинг мурожаат қилишича, у 3 март куни Россиянинг S7 Airlines авиакомпаниясининг «Урганч – Санкт-Петербург» йўналиши бўйича 24 март куни парвоз қилиши режалаштирилган S7-6416 рейсига 2 млн 380 минг сўмга чипта харид қилган. Бироқ, авиакомпания 5 март кунидан бошлаб халқаро рейсларни бекор қилган. Шундай бўлса-да, 11 март куни ҳолатига чипта пули қайтарилмаган.

S7 Airlines авиакомпанияси 5 мартдан бошлаб барча халқаро рейсларни, жумладан Ўзбекистонга рейсларни ҳам бекор қилган.

«Бекор қилинган халқаро рейсларнинг йўловчилари SMS хабарнома олганидан кейин чипта қийматини тўлиқ қайтариб олишни расмийлаштириши мумкин» дейилади S7 Airlines компанияси хабарида.

Йўловчи рейс бекор қилингани ва чипта пулини қайтариб олиш учун авиакассага мурожаат қилиши лозимлиги тўғрисида SMS хабарнома олган. Шундан сўнг, чипта сотиб олинган «Nilufar avia parvoz» МЧЖ кассасига мурожаат қилган. Бироқ, орадан қарийб 1 ҳафта ўтган бўлса-да, чипта пули қайтарилмаган.

S7 Airlines авиакомпаниясининг Хоразм вилояти бўйича координатори берган маълумотга кўра, барча авиакассаларга пули қайтариладиган чипталар рўйхатини тузиш ва компанияга юбориш топшириғи берилган. Бундай рўйхатларни қандай шакллантириш бўйича кассирларга батафсил тушунтириш ҳам берилган. Чипта пулини қайтариш эса фақатгина чипта сотиб олинган кассалар орқали амалга оширилади.

«Nilufar avia parvoz» МЧЖ авиакассаси ходими берган маълумотга кўра, ҳозирги пайтда S7 Airlines авиакомпанияси рейси чиптаси пулини қайтариб олмоқчи бўлган йўловчилар рўйхати шакллантирилган ва компанияга етказилган, аммо чипта пуллари ҳали қайтарилмаган. Қачон қайтарилиши ҳақида ҳам ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Авиакасса фақат S7 Airlines авиакомпанияси чипта пулларини қайтариб берганидан кейингина йўловчилар билан тўлиқ ҳисоб-китоб қила олишини билдирди.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид