Ўзбекистон | 17:07 / 14.03.2022
4176
3 дақиқада ўқилади

2021 йилда Омбудсманга мурожаат қилган 59 нафар маҳкумга нисбатан тайинланган жазо енгилроғига алмаштирилган

Ўтган йили Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига 18738 та мурожаат келиб тушган. Жумладан, Омбудсманга мурожаати ортидан 59 нафар маҳкумга нисбатан тайинланган жазо енгилроғига алмаштирилган, 6 та ҳолатда эса жиноят иши қўзғатилган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га 2021 йил давомида 18738 та мурожаат келиб тушган. Идора матбуот хизматининг Kun.uz’га хабар беришича, мурожаатларнинг 16559 таси фуқаролардан, 2120 таси тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларидан, 59 таси эса хорижий давлатлардан юборилган.

Таъкидланишича, ўтган йили маҳкум ва маҳбуслар, шу билан бирга уларнинг яқин қариндошларидан 6 104 та ариза ҳамда шикоят келиб тушган. 

“Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатлари жараёнида 32 та қарор барвақт қабул қилинганлиги аниқланиб, ушбу қарорлар бекор қилинди.

Омбудсман мурожаатига асосан, 6 та ҳолатда жиноят иши қўзғатилган, 16 та ҳолатда айбдор ходимларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан хизмат текшируви ўтказилди.

59 нафар маҳкумга нисбатан тайинланган жазолар қонунчиликка мувофиқ енгилроғига алмаштирилди. 2 нафар айбланувчининг эҳтиёт чораси енгилроғига ўзгартирилди. 11 нафар маҳкумнинг оила аъзоларига турли хил кўмаклар кўрсатилган. 13 нафар маҳкум истисно тариқасида яшаш жойига яқин бўлган ҳудуддаги жазони ижро этиш колониясига кўчирилди”, дея Омбудсман матбуот котиби Фотима Мадраҳимованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бундан ташқари, 2021 йили қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш мақсадида177 та мониторинг ташрифлари ташкил этилган. Шундан 91 таси жазони ижро этиш муассасаларида, 36 таси тергов ҳибсхоналарида, 12 таси Вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида, 7 таси Махсус қабулхоналарда, 5 таси Реабилитация қилиш марказларида ўтказилган.

Шунингдек, ўтган йили 2020 йилда мониторинг ўтказилмаган объектлар, жумладан, Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази, жиноят ишлари бўйича судлар биноларидаги вақтинча ушлаб туриш жойлари, Мажбурий даволаш муассасаларидаги ҳолатлар ўрганилган.

Мониторинг ташрифлари давомидаги жамоавий учрашувларда 4,5 мингдан ортиқ шахс қатнашган бўлса, 758 киши Омбудсман билан якка тартибда суҳбатлашиш истагини билдирган. 

Мавзуга оид