Ўзбекистон | 14:54 / 14.03.2022
11007
3 дақиқада ўқилади

Жиззахда ўқувчилар мактабга яширинча кириб, кўргазмали қуролларни бузиб, ёқиб юборди

3 нафар ўқувчи ва бир нафар вояга етган шахс Фориш туманидаги 13-мактабнинг кўргазмали қуролларига зарар етказиш, уларни ёқиб юбориш орқали мактабга 2,5 млн сўмлик зарар етказган.

Фото: Фориш тумани ҳокимлиги

Ижтимоий тармоқларда Фориш туманидаги мактаблардан бирида номаълум шахслар томонидан мактаб мулкига зарар етказилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Фото: Фориш тумани ҳокимлиги

Фориш тумани ҳокимлиги ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди.

“Фориш туман ИИБ томонидан тақдим этилган маълумотда билдирилишича, 26 февралдан 27 февралга ўтар кечаси номаълум шахслар тумандаги Ойбек маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 13-умумий ўрта таълим мактабининг физика амалиёт хонаси деразаси ойнасини синдириб кириб, унинг ичида бўлган 3 дона географик харитаси, 2 дона географик глобуси, 3 дона дарс жадвали, стол теннис анжомлари (қўл теннис тўпчаси ва ракеткаси), микроскоп, индикатор, тарозиларига қасддан шикаст етказиб, яроқсиз ҳолатга келтирган ва 3 дона девор қоғоз баннерларини йиртиб ташлаб, ёқиб юборган”, дейилади туман ҳокимлиги муносабатида.

Маълумотларга кўра, туман ИИБ томонидан терговга қадар олиб борилган суриштирув ишлари давомида бу ҳолатни 13-мактабнинг 9 ва 10-синф ўқувчилари М.М., Х.Й. ва Ф.М. ҳамда вояга етган Ш.Й.лар содир этгани аниқланган. Уларнинг ҳаракатлари натижасида мактаб мулкига жами 2,5 млн сўмлик моддий зарар етказилган.

Қайд этилишича, Фориш туман прокуратурасида ҳуқуқбузарлик содир этган ўқувчилар М.М., Х.Й. ва Ф.М. ҳамда Ш.Й.лар содир этган ҳуқуқбузарлик уларнинг ота-оналари, маҳалла ёшлар етакчиси, халқ таълими бўлими ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ўртасида танқидий муҳокама қилинган.

Фото: Фориш тумани ҳокимлиги

“Муҳокама натижасида мактабга етказилган зарар тўлиқ қопланиб, уч нафар вояга етмаган шахсларнинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига асосан (вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиш) ҳамда 1 нафар вояга етган шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-2-моддасига асосан (ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) маъмурий иш қўзғатилди”, деб маълум қилди ҳокимлик.

Мавзуга оид