Ўзбекистон | 23:28 / 14.03.2022
20204
2 дақиқада ўқилади

«Ural airlines» авиакомпанияси Ўзбекистон шаҳарларига учишда муаммога дуч келди

Россиянинг «Ural airlines» («Уральские авиалинии») компанияси бугун Россия шаҳарларидан Ўзбекистонга парвозларни вақтинча амалга ошира олмай қолди.  

Фото: airliners.net

14 март куни «Ural airlines» Санкт-Петербургнинг Пулково аэропортидан Бухорога (учиш соат 9:00 да), Москванинг Жуковский аэропортидан Наманганга (учиш соат 22:30 да), Минералние Водидан Самарқандга (учиг соат 23:15 да), Москванинг Домодедово аэропортидан Урганчга (учиш соат 23:30 да) парвозлари режалаштирилган эди. Бироқ авиакомпаниянинг онлайн таблосида Ўзбекистонга барча парвоз вақтлари 15 мартга сурилган.

Энди Бухорога парвоз 28 соат кечикиш билан, Наманганга 14 ярим соат, Самарқандга қарийб 14 соат, Урганчга 13 ярим соат кечикиш билан ташкил этилади. Қайтиб учиб кетиш ҳам 13–18 соатга сурилган.

Новости Ташкентского неба рус авиакомпаниясидаги манбаларига таяниб хабар беришича, рейсларни амалга оширишдаги узилиш амалда бўлиб турган парвозга яроқлилик сертификатларининг йўқлигидир. Душанбага ўтар кечаси Бермуд ороллари авиация ҳокимияти Россия Федерациясининг шу давлатда рўйхатга олинган 700 дан ортиқ самолётларининг парвозга яроқлилик сертификатларини тўхтатди. «Ural airlines»нинг 52 та самолётдан иборат авиапарки Бермуд оролларида рўйхатга олинган, шунингдек хорижий лизингга берувчилардан ижарага олинган. Улар март ойининг сўнгига қадар Урал авиаташувчисининг барча самолётларини қайтариб олишлари керак.

Аввалроқ самолётлари хорижда рўйхатга олинган Россия авиакомпанияларининг тўхтатилган парвозга яроқлилик сертификатлари қандай оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида ҳикоя қилган эдик.

Кейин, Россия президенти Владимир Путин фуқаро авиациясини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисидаги қонунни имзолагани ҳақида хабар берган эдик. Бу қонунга кўра, Россия авиакомпаниялари лизинг асосида фойдаланадиган хориж самолётларига бўлган ҳуқуқларни ўзларига расмийлаштиришлари мумкин бўлади.

Мавзуга оид