Мигрант болаларни мактабга қабул қилиш учун рус тилидан тест синовлари давлат ёки муниципал ташкилотда фақат бепул ўтказилади, деб хабар қилди РИА Новости.
Шунингдек, рус тилини билиш даражаси паст бўлган ёки умуман билмайдиган мигрантларнинг фарзандлари учун тил курслари ҳам бепул бўлади.
Қайд қилинишича, Россия Таълим вазирлиги рус тилини билмайдиган мигрант болаларни мактабларга қабул қилиш тартибини ишлаб чиқади. Таълим муассасаларига ўқишга кириш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхати ҳам ўзгартирилади.
Аввалроқ, Россия Давлат Думаси рус тилини билмайдиган болаларни мактабларга қабул қилишни тақиқловчи қонунни қабул қилган эди. Аниқлик киритилишича, тил имтиҳони барча мигрантлар учун мажбурий ҳолга айланади.
Яна бир муҳим жиҳат — ноқонуний мигрантларнинг фарзандлари мактабларга қабул қилинмайди.







