Ўзбекистон | 08:30 / 16.03.2022
6436
2 дақиқада ўқилади

АҚШдан тиббий асбоб-ускуналардан иборат инсонпарварлик ёрдами навбатдаги туркуми Қорақалпоғистонга жўнатилди

АҚШдан Қорақалпоғистон тиббиёт муассасаларига тақдим этиш учун 3 миллион долларлик тиббий асбоб-ускуна ва тиббий буюмлардан иборат навбатдаги инсонпарварлик юклари ортилган тўртинчи контейнернинг жўнатилиши ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Инсонпарварлик ёрдами мамлакат элчиси Жавлон Ваҳобов ва «Project C.U.R.E.» хайрия ташкилоти президенти Дуглас Жексон ўртасида бўлиб ўтган мулоқот чоғида тиббий буюмлар ва жиҳозларни етказиб бериш бўйича келишувлар доирасида шакллантирилди.

«Project C.U.R.E.» ташкилотининг халқаро ҳукуматлар билан ишлаш бўйича директори Мелис Эспости маълум қилишича, Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги талабига мувофиқ шакллантирилган гуманитар юклар умумий ҳажми 6,5 тоннадан ошади.

Юк таркиби операция столлари учун матраслар, гемодиализ аппаратлари, чақалоқлар учун интенсив терапия инкубаторлари, лаборатория анжомлари, тиббий кислород баллонлари ва бошқа асбоб-ускуналардан ташкил топган.

Беғараз ёрдам юклари ортилган контейнер АҚШ - Испания - Греция - Грузия - Ўзбекистон йўналиши бўйича денгиз ва қуруқлик йўллари орқали Қорақалпоғистонга олиб борилади. Юкни манзилга етказиб бериш 2022 йил май ойи охирига қадар якунланиши режалаштирилган.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси 6 февраль куни «Project C.U.R.E.» билан ҳамкорликда Нукус шаҳрига умумий ҳажми қарийб 7 тоннадан иборат учинчи контейнерни жўнатган эди. Ушбу кўмак 2022 йил апрель ойи охирига қадар манзилга етказилади.  

Ўтган йилнинг май ойида Қорақалпоғистон тиббиёт муассасалари шошилинч тиббий ёрдам марказларини жиҳозлаш буюмларини ўз ичига олган «Project C.U.R.E.» гуманитар ёрдамининг дастлабки иккита контейнерини қабул қилиб олган.

«Project C.U.R.E.» нодавлат-нотижорат ташкилоти 1987 йилда ташкил этилган бўлиб, у ривожланаётган мамлакатларга замонавий тиббий асбоб-ускуналар танқислигини бартараф этиш борасида кўмак кўрсатади.

Мавзуга оид