Жаҳон | 19:30 / 16.03.2022
29385
2 дақиқада ўқилади

Хитой АҚШни кескин қарши чоралар кўриш билан огоҳлантирди

Чжао Лицзян санкциялар ҳеч қачон муаммони ечишнинг самарали воситаси бўла олмаслигини таъкидлади.

Фото: Getty Images

Хитой Украина масаласида ўз фикрига эга ва АҚШнинг бир томонлама санкцияларига қарши. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили Чжао Лицзян маълум қилди.

“Хитойнинг санкциялар бўйича муносабати аниқ. Сўнгги вақтда АҚШ Хитойга нисбатан кўплаб иғвогарона баёнотлар берди. Масалан, Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки агар Хитой Россия “босқини”ни қўллаб-қувватлайдиган бўлса, жиддий оқибатларга дуч келишини айтди.

“АҚШнинг баёнотлари ҳақорат ва қўрқитишни акс эттиради ҳамда сингиб кетган совуқ уруш менталитетини фош қилади. Бу баёнотлар шунингдек, Американинг “куч позицияда туриб” ҳаракат қилиш фалсафасини намоён этади.

Хитой Украина масаласида ўз мустақил фикрига эга ва вазиятдан келиб чиқиб холис ҳамда одилона таклифларини бермоқда. Хитой мулоқот ва музокараларга чақиради ва мавжуд инқирозни бартараф этиш бўйича ўз ташаббусини илгари суради”, деди у.

Унинг қўшимча қилишича, “Россия мустақил давлат сифатида ўз қарорларини чиқариш ҳуқуқига эга”.

Шунингдек, Лицзян санкциялар ҳеч қачон муаммони ечишнинг самарали воситаси бўла олмаслигини таъкидлади.

“Хитой бир томонлама санкцияларнинг барча кўринишларига ва АҚШнинг “қўли узун юрисдикцияси”га қарши чиқади. Санкциялар тўқмоғини силкитиб, Хитойнинг қўллаб-қувватлови ва ҳамкорлигига эришиб бўлмайди. Биз АҚШни Хитойнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига ҳеч қандай шаклда путур етказмасликка чақирамиз. Агар АҚШ ўз йўлида давом этадиган бўлса, Хитой албатта кескин қарши чоралар кўради”, деди Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили.

Мавзуга оид