Ўзбекистон | 07:46 / 18.03.2022
3907
3 дақиқада ўқилади

Олий суд ва фуқаролик ишлари бўйича судларда «E-ekspertiza» тизими жорий этилади

Фото: Getty Images/ William Whitehurst

Президентнинг “E-ekspertiza” идоралараро электрон ахборот тизими фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Президентнинг “Ўзбекистонда суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан суд экспертлари ва экспертиза тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, уларга ишлов бериш жараёнларини комплекс автоматлаштириш, аҳолига ва ваколатли органларга суд-экспертлик фаолиятига доир маълумотларни етказиш, экспертиза ҳаракатларини амалга оширишга алоқадор ташкилотлар билан ахборот ҳамкорлиги барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган “E-ekspertiza” электрон ахборот тизими ишга туширилиши белгиланган.

Адлия вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларнинг 2022 йил 1 июлдан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида, Олий судда ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро вилояти ва Тошкент шаҳридаги фуқаролик ишлари бўйича судларда (экспертиза тайинловчи орган) “E-ekspertiza” электрон ахборот тизимини эксперимент тариқасида жорий этиш, шунингдек, “Электрон суриштирув ва дастлабки тергов” ягона ахборот тизими билан интеграция қилишни босқичма-босқич амалга ошириш ҳақидаги таклифи маъқулланади.

Адлия вазирлиги Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда эксперимент натижалари асосида 2023 йил 1 январга қадар ушбу тизимни республиканинг барча ҳудудларида татбиқ этиш юзасидан асослантирилган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

а) 2022 йил 1 июлдан бошлаб эксперимент ўтказилаётган идора ва ташкилотлар доирасида:

марказ томонидан қабул қилинган иш материалларини қайд этиш, экспертиза тадқиқотларини ўтказиш, эксперт хулосаси (мутахассис фикри)ни шакллантириш ва сўров юборган орган (шахс)га тақдим қилиш, фаолияти юзасидан маълумотлар ҳамда экспертиза ҳаракатларини амалга оширишда ахборот ҳамкорлиги “E-ekspertiza” идоралараро электрон ахборот тизими орқали амалга оширилади;

марказ томонидан “E-ekspertiza” идоралараро ахборот тизимини четлаб ўтган ҳолда хулосалар тайёрланишига йўл қўйилмайди. Бунда, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат сири ҳисобланган маълумотлар ва махфий маълумотларни ўз ичига олган иш материаллари юзасидан тадқиқотлар ўтказиш бундан мустасно;

б) 2023 йил 1 апрелдан бошлаб марказ томонидан суд-экспертлик фаолиятига доир маълумотларни етказиш, суд экспертларининг реестрини юритиш ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга кўра шартнома асосида жисмоний ва юридик шахслар (шу жумладан, адвокатлар)нинг Марказга экспертиза тадқиқотларига эҳтиёжлари юзасидан сўров юбориш имконини берувчи ҳамда бошқа маълумотларни ўз ичига жамлаган “E-ekspertiza” тизими доирасида “Sud-expert” портали ишга туширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид