Жамият | 20:28 / 19.03.2022
22139
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда ИИБ ходимларининг хизмат фаолиятига фаол қаршилик кўрсатган 16 нафар спортчи қамоққа олинди

Самарқанд вилояти ИИБ ҳамда ДХХ ходимлари ҳамкорлигида спорт мажмуаларида тезкор профилактик тадбирлар ўтказилган ва уларда кўплаб қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган.

Фото: Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизмати

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, вилоят ИИБ ҳамда ДХХ ходимлари ҳамкорлигида криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатувчи спортчилар билан профилактик тадбирлар олиб борилмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳар ҳудудида жойлашган 14та йирик спорт мажмуасида тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилган.

Тадбирлар давомида 7та спорт мажмуасида мураббийларнинг сертификати йўқлиги, шуғулланувчиларнинг рўйхатга олиш тизими ташкил этилмагани, мураббий ва спортчилар соғлиги ҳақида маълумотлар йўқлиги, санитария-гигиена талабларига жавоб бермаслиги, биринчи ёрдам ҳамда тиббиёт бурчаги ҳам мавжуд эмаслиги аниқланиб, барчасига тегишли баённомалар тузилган.

Бундан ташқари, 10та спорт мажмуасида рухсатномасиз сотиб келинаётган 72 килограмм протеин ва кучли таъсир этувчи дори воситалари ҳужжатлаштириб олинган.

Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 16 нафар спортчи шахс ИИО ходимларининг хизмат фаолиятига фаол қаршилик қилган, шунингдек, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётгани учун қонунда белгиланган тартибда қамоққа олинган.

Спорт заллари ва клубларда аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар уларнинг фаолияти тўхтатилган ҳамда клуб эгалари билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, жиноят содир этмаслик тўғрисида расман огоҳлантирилган.

Қайд этилишича, бу каби тезкор тадбирлар барча жойларда давом этмоқда.

Аввалроқ Самарқанддаги автошоҳбекатлардан бирида кира қиладиган ҳайдовчилардан «доля» ундириб келган бир гуруҳ спортчилар қўлга олинганди.

Бундан ташқари, Самарқанддаги яна бир автошоҳбекатда кира қиладиган ҳайдовчилардан «доля» ундириб келган жиноий гуруҳ ўзларига қарши чиққан ёки сўралган пулларни бермаган ҳайдовчиларга бир гуруҳ уюшган спортчиларни ёллаб, улар орқали жисмоний тазйиқ ўтказиб, зўравонлик ва оғир турдаги тан жароҳатлари етказиб келишгани аниқланганди.

Мавзуга оид