Шавкат Мирзиёев ҳукуматга бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича топшириқ берди
Иқтисодиёт ривожининг бугунги ҳолати таҳлил қилиниб, қўшимча чоралар белгиланди.
Шавкат Мирзиёев 23 март куни иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.
«Коронавирус пандемияси пайтида ҳамма соҳаларни оғир шароитдан олиб чиқиш бўйича қарорлар қабул қилганимиз ўз натижасини берди. Ҳозирги вазиятда ҳам хавф-хатарларни олдиндан кўра билишимиз керак. Дунёда бўлаётган воқеалар натижаларга салбий таъсир кўрсатмаслиги учун аниқ чора-тадбирларни белгилаб олишимиз зарур. Айниқса, тадбиркорларга енгиллик яратиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз керак», деган давлат раҳбари.
Шундан келиб чиқиб, йиғилишда иқтисодиёт ривожининг бугунги ҳолати таҳлил қилинди ва қўшимча чоралар белгиланди.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тадбиркорлар билан кунлик мулоқот ўрнатиб, уларнинг лойиҳалари, ишлаб чиқариш фаолияти, экспорт-импорт амалиётларига кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди.
Тармоқ ва ҳудудларда кунлик мониторинг ўрнатиб, юзага келиши мумкин бўлган хатарларнинг олдини олиш бўйича тезкор чоралар кўриш вазифаси қўйилди. Тадбиркорлик субъектларига айланма маблағаларини тўлдириши учун револьвер кредит бериш тизимини янада соддалаштириш зарурлиги айтилди.
Президент экспорт масаласига ҳам тўхталиб, экспортчи корхоналарнинг транспорт-логистика масалаларини ҳал қилиб бориш, уларнинг транспорт харажатларини қисман қоплаш амалиётини кенгайтириш бўйича кўрсатма берди.
Маълумки, бугунги кунда дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришда муаммолар кузатилмоқда ҳамда уларнинг нархи сезиларли ошмоқда. Шу боис, Вазирлар Маҳкамасига ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш, буғдой, ўсимлик ёғи, шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилувчи тадбиркорларга кўмаклашиш орқали аҳоли талабини қондириш бўйича қўшимча топшириқлар берилди. Шунингдек, инфляция даражасини камайтириш ва унинг мақсадли кўрсаткичларга тезроқ қайтишини таъминлаш Ҳукуматнинг асосий вазифаси экани яна бир бор қайд этилди.
Марказий банкка ташқи валюта бозоридаги ноаниқ вазиятни инобатга олган ҳолда, ички валюта бозори барқарорлиги ва алмашув курси мослашувчанлигини таъминлашда эҳтиёткорона ёндашувни қўллаб бориш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Бунда ички валюта бозоридаги ҳолатни кунлик кузатиб, тадбиркорларни, умуман, халқимизни жорий вазият, кутилаётган ўзгаришлар ва кўрилаётган чоралар ҳақида хабардор қилиш кераклиги таъкидланди.
Мавзуга оид
08:10 / 02.11.2024
Октябр ойида инфляция 1 фоиздан паст бўлди
19:37 / 31.10.2024
«Валюта курсининг 1 фоизга қадрсизланиши инфляцияга 0,3-0,4 фоиз таъсир кўрсатиши мумкин» - МБ раиси
22:15 / 29.10.2024
АҚШ ва Европа нима сабабдан турлича иқтисодий қийинчиликларга дуч келяпти?
00:36 / 29.10.2024