Жаҳон | 19:19 / 24.03.2022
26324
3 дақиқада ўқилади

Биз танкларингизнинг атиги 1 фоизини сўрагандик — Зеленский НАТОга мурожаат қилди 

Фото: Getty Images

Украина президенти Владимир Зеленский 24 март куни НАТО саммитида видеоалоқа орқали чиқиш қилиб, альянсдан Украинага альянс ихтиёридаги барча танклардан атиги бир фоизини тақдим этишни сўрагани, аммо аниқ жавоб олмаганини айтиб ўтди.

«Бу уруш давридаги энг қўрқинчлиси — ёрдам ҳақидаги сўровга аниқ жавоб олмаслик», — деган у.

Зеленский Украина НАТОдан жанговар самолётлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари сўрагани, аммо бирорта ҳам олмагани ҳақида қўшимча қилган.

Украина президенти альянсни «айбламаслиги», аммо унинг аъзолари «ҳали ҳам украинларнинг россияликлар зарбалари қурбони бўлишдан сақлаб қолиши мумкинлиги»ни таъкидлаган. 

У Россия Украинада тўхтамаслиги ва НАТОнинг шарқий қанотига, хусусан Польша ва Болтиқбўйи давлатларига ҳужум қилиши ҳақида гапирган.

Зеленскийнинг НАТО етакчиларига мурожаатидан асосий иқтибослар:

  • Ҳа, бу тўғри, биз альянсда эмасмиз. Дунёнинг энг қудратли мудофаа бирлашмасида эмасмиз. Биргаликдаги мудофаа соябони, 5-модда соябони [НАТОнинг коллектив ҳимоя устави альянс аъзоларидан бирига ҳужум қилинган тақдирда биргаликда жавоб қайтаришни назарда тутади] остидаги 30 давлатдан бири эмасмиз. Шундай ҳиссиётки, биз кулранг ҳудуддамиз. Ғарб ва Россия ўртасида. Аммо сизники билан умумий бўлган қадриятларимизни муҳофаза қиляпмиз.
  • 24 февраль куниёқ сизга мутлақо тушунарли, мантиқий илтимос билан мурожаат қилгандим. Осмонимизни ёпишга ёрдам беринг. Қандай форматда бўлса ҳам. Бизнинг одамларни рус бомбалари ва ракеталаридан асранг, деб. Биз аниқ жавоб эшитмадик. Украинада кучли ракетага қарши қуроллар йўқ. Бизнинг ҳаво кучларимиз Россияникидан анча кичик. Шунинг учун уларнинг осмондаги устунлиги - бу оммавий қирғин қуроллари қўллашга тенгдир.
  • Ишончим комилки, сиз Россия Украинада тўхташ ҳақида ўйламаётганини тушунасиз. Ўйламаяпти ва ўйламайди ҳам. У давом этишни истайди. НАТОнинг шарқдаги давлатларига қарши. Болтиқбўйи давлатлари, Польша - булар аниқ.
  • Сиз бизга ўз самолётларингиздан бир фоизини тақдим этишингиз мумкин. Танкларингиздан бир фоизини. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидан бир фоизини. Бир фоиз! Биз уларни шунчаки сотиб ололмаймиз - бу фақатгина НАТОнинг [сиёсий] қарорига боғлиқ.
  • Бундан кейин, илтимос, ҳеч қачон, ҳеч қачон бизга бизнинг армия НАТО стандартларига жавоб бермаслиги ҳақида гапирманг. Биз ўз стандартларимиз нималарга қодир эканини кўрсатиб қўйдик. Ва биз Европа ва дунёдаги умумий хавфсизлик учун яна кўп иш қила олишимиз мумкин.

Қайд этиш керакки, Владимир Зеленский Украина НАТОга киришни истаётгани ҳақида ҳеч нарса демаган. Аввалроқ у бу деярли имконсиз экани, бундан ташқари, Украина блоклардан холи бўлиши - Россия талабларидан бири эканини қайд этганди. Шу билан бирга Украинада уруш бошланганидан буён мамлакатнинг альянсга қўшилиши ғояси рекорд даражада машҳурликка эришган.

Мавзуга оид