Ўзбекистон | 20:42 / 24.03.2022
10347
3 дақиқада ўқилади

Тошкент инвестфоруми биринчи иш кунини якунлади

Илк маротаба ўтказилаётган Тошкент халқаро инвестиция форумига 1500дан зиёд меҳмон таклиф қилинди. Форумнинг очилишида президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, инвесторларга шахсан кафолат беришини таъкидлади. Кун давомида, шунингдек, Ўзбекистонда сўнгги йиллардаги энг йирик ИЭСлардан бири қурилишига старт берилди.

24 март куни биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумига старт берилди. Куннинг биринчи ярмида форумни президент Шавкат Мирзиёев очиб берди.

“Бундай кенг кўламли форумни Ўзбекистонда биринчи марта ўтказяпмиз. Нима учун бу тадбирда шахсан қатнашяпман? Мен президент сифатида сизларга кафолат бераман!

Бу ерда Ўзбекистон президенти жамоаси йиғилган, ҳукумат вакиллари, вазирлар, ҳокимлар келишган. Мақсадимиз – сизларга барча шароитни яратиб бериш. Ўзаро мулоқот қилиб, кўп нарсани ўзгартириб, қонунларни мустаҳкамлаб, коррупцияга қарши қатъий курашиб, сизлар билан манфаатли ҳамкорликни йўлга қўямиз.

Албатта, камчиликларимиз кўп. Лекин биз инвестицион муҳитни яхшилаш учун ҳаракат қилмоқдамиз”, – деди президент форум иштирокчиларига қарата.

Давлат раҳбари ўз маърузасида Ўзбекистонда ярим миллиондан ортиқ оила муҳтожлар тоифасидан чиқарилганини маълум қилди. Шавкат Мирзиёевга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси ўртадан юқори даромад оладиган давлатлар рўйхатига кириши мумкин.

Кун давомида, шунингдек, Шавкат Мирзиёев ва европалик ҳамкорлар Сурхондарёдаги биринчи ИЕС қурилишига старт берди. 1,2 млрд долларлик лойиҳа натижасида 1 560 мегаватт қувватли электростанция қурилади ва унда 12 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади – бу сўнгги йилларда Ўзбекистонда қурилган электростанциялар ичида энг йириги бўлади.

Сессияларда турли иқтисодий мавзулар, хусусан Марказий Осиёда савдо оқими трансформацияси, транспорт тизими рақамлашуви, туризмга инвестицияларни жалб қилиш имкониятлари, қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, яшил энергия истиқболлари, савдони эркинлаштириш ва иқтисодий интеграция, Ўзбекистоннинг минтақавий саноат маркази сифатидаги салоҳияти, камбағалликни қисқартириш ва саноат каби мавзулар муҳокама қилинди.

Форумда сўзга чиққан Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо Ўзбекистонда барқарор иш ўринларини яратиш ва иқтисодий ривожланишда кичик ва ўрта бизнеснинг аҳамияти ҳақида фикр билдириб, шаффоф трансформация орқали мамлакатга яхшироқ инвесторларни жалб қилиш мумкинлигини таъкидлади.

Одил Рено-Бассо, шунингдек, Осиё тараққиёт банки президенти Масацуга Асакава, Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим, Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ ва БАА энергетика ва инфратузилма вазири Сухайл ал-Мазруий президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди.

Форум 26 мартга қадар давом этади.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид