Жаҳон | 13:40 / 31.03.2022
43434
6 дақиқада ўқилади

Чернигов ўққа тутилиши давом этди. Урушнинг 35-куни якунлари

Урушнинг 35-куни арафасида Россия Мудофаа вазирлиги Киев ва Черниговдаги қўшинлар «Донбассни тўлиқ озод этиш бўйича операцияни якунлаш учун олиб кетилиши» ҳақида маълум қилди. Харьков ўққа тутилиши оқибатида газ қувури жабрланган. БМТ Россия томонидан кассетали ракеталар қўлланиши билан боғлиқ 24 ҳолатни текшира бошлади. АҚШ разведкаси Владимир Путинга атрофидагилар томонидан Украинадаги уруш бўйича хато маълумотлар берилаётганини маълум қилди.

Вайрон бўлган Мариуполнинг сунъий йўлдош орқали олинган тасвири
Maxar Technologies / AP / Scanpix / LETA

Чернигов области губернатори Вячеслав Чаус Москванинг бу йўналишда ҳарбий ҳаракатларни қисқартириш ваъдасига қарамай, Россия армияси томонидан ҳужумлар тўхтамаётганини маълум қилди. Регион раҳбарининг сўзларига кўра, бутун тун давомида ўт очиш давом этишидан аҳоли турар жойлари, инфратузилма объектлари, кутубхона биноси ва савдо марказлари жабрланган.

Чернигов мэри Владислав Атрошенко Россиянинг Киев ва Черниговда ҳужумларни юмшатиши тўғрисидаги ваъдаси, агар россияликларнинг гапи ҳақиқат сифатида қабул қилинса, яхши янгилик бўлиши ҳақида гапирди.

«Кўпинча руслар бир гапни айтиб, амалда бошқа ишни қилишади. Уларнинг сўзлари қанчалик ҳақиқат эканини фақат вақт кўрсатади. Ҳозир эса биз бу сўзларга эҳтиёткорлик билан ёндашмоқдамиз», деган Атрошенко.

Сешанба куни Атрошенко BBC билан суҳбатда аҳоли истиқомат қилувчи туманлар ўққа тутилиши оқибатида 35 киши шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берганди.

Киевда чоршанба тонгида ҳаво тревогаси сиреналари янграган, аммо шаҳар мэри ўринбосари Николай Поворозник тунда ўт очишлар кузатилмаганини маълум қилган.

Киев ва Вашингтондагилар Россиянинг Киев ва Чернигов йўналишларида ҳарбий ҳаракатларни қисқартириш тўғрисидаги баёноти Москва ҳарбий бўлинмаларини Украина шарқига кўчираётганидан дарак беришини айтишган.

Ҳарбий фаоллик пасайтирилиши тўғрисидаги ваъдани украинлар ишончсизлик билан қабул қилишган. «Украинлар - содда одамлар эмас», - деди президент Владимир Зеленский тунги видеомурожаатида.

АҚШ президенти Жо Байден Россиянинг баёнотига баҳо беришга ҳали эрта экани, кейинги ҳаракатлар қандай бўлишини кузатиш кераклигини айтди.

Буюк Британия, Франция, Германия ва Италия ҳам Россия билан муносабатларда диққатни йўқотмасликка чақирган.

Дипломатия, стратегия, ҳарбий ҳаракатлар. Украинадаги умумий картина қандай?

Урушнинг илк кунларидан буён қамалда бўлган Мариуполда гуманитар инқироз юзага келган

Россия Украинага бостириб кирганидан буён беш ҳафта ўтди. Истанбулдаги музокаралардан кейин Россия Киев ва Чернигов атрофида ҳарбий ҳаракатларни кескин камайтириши ҳақида баёнот берганди.

Буюк Британия ҳарбий разведкаси Россия энди диққатини шарқдаги регионларга қаратиши, шу билан бирга оғир йўқотишларга учраган бўлинмалар захиралар ҳисобига тўлдирилиши ва қайта ташкил этилиши учун Россия ва Беларусь ҳудудларига қайтарилаётгани ҳақида хабар берган.

Америка урушларни тадқиқ этиш институти россиялик ҳарбийлар Киевни эгаллашдан воз кечган бўлишса-да, шаҳар атрофидаги эгаллаб бўлинган позицияларини сақлаб қолиш учун ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришини хабар қилган.

Россия қўшинлари Донбассни тўлиқ эгаллаб, жанубда бу ҳудудни Қрим билан боғловчи қуруқлик коридорига эга бўлишни кўзламоқда.

Мазкур йўналишда жойлашган Мариуполь стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлади. Институт экспертлари ҳисоблашича, бир ойдан буён қамалда қолаётган шаҳар тез орада таслим бўлади.

Куннинг бошқа воқеалари:

  • Украина президенти офиси раҳбари Алексей Арестовичнинг ҳисоблашича, ҳарбий ҳаракатларнинг фаол босқичи «яна бир ҳафта ва ундан кўпроқ» вақт давом этиши мумкин. Арестович Россия кучларини Украинанинг Донецк ва Луганск областларига у ерда устунликка эга бўлиш ва украин кучларини ўраб олиш учун ташламоқчи.
  • Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков - музокаралар ҳақида: «Позитив жиҳати шундаки, Украина томони ҳеч бўлмаганда ўзи таклиф қилаётган нарсани шакллантириб, қоғозга туширган. Шу вақтга қадар бу амалга ошмай келаётганди. Бу ижобий фактор. Қолганига келсак, биз ҳозирча ҳеч қандай истиқболли ютуқлар ҳақида гапира олмаймиз. Ҳали олдинда қилиниши керак бўлган ишлар кўп».
  • Киев области, Буча районида вазият кескинлигича қолмоқда, Ирпенда жанглар давом этмоқда, россиялик ҳарбийлар назоратидаги Вишгород районида - гуманитар фалокат юзага келмоқда.
  • Донецк области раҳбари Павел Кириленко областнинг Украина назоратидаги ва россияпараст айирмачилар қўлида қолган ҳудудни ажратиб турувчи туташув чизиғидаги барча аҳоли пунктлари Россия томонидан ўққа тутилаётгани ҳақида хабар берди.
  • БМТ маълумотига кўра, уруш бошидан буён Украинани тўрт миллиондан ортиқ киши тарк этди.

Қуйида урушнинг 35-кунида олинган суратлар:

Украин ҳарбийлари Киев атрофидаги фронт чизиғида россияликлар техникаси олдида
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Ҳужумлар вақтида нобуд бўлган туяқуш, Киев яқинидаги хусусий ҳайвонот боғи
Vadim Ghirda / AP / Scanpix / LETA
Тростянецдаги темирйўл станцияси, бу ерда россиялик ҳарбийлар яширинганди. Шу кунларда шаҳар украин армияси томонидан озод этилган
Roman Pilipey / EPA / Scanpix / LETA
Тростянцда автомобил йўловчилари яксон этилган рус танки олдидан ўтмоқда
Chris McGrath / Getty Images
Ён томонига Россия босқини рамзи — Z ҳарфи битилган автомобиллар, Тростянец
Roman Pilipey / EPA / Scanpix / LETA
Россия босқини рамзи — Z ҳарфи — русларнинг ҳарбий техникаси эшигида, Тростянец
Roman Pilipey / EPA / Scanpix / LETA
Россияликлар зирҳли транспортини шатакка олган трактор, Тростянец
Thomas Peteк / Reuters / Scanpix / LETAnpix / LETA
Украин ҳарбийлари томонидан озод этилган Тростянец шаҳри аҳолиси вакили яксон этилган рус танки олдидан ўтмоқда
Roman Pilipey / EPA / Scanpix / LETA
Кўнгилли аёл аскарлар учун камуфляж тўри тўқимоқда, Львов
Yuriy Dyachyshyn / AFP / Scanpix / LETA
Луганск областидаги Попасна шаҳарчаси ўққа тутилиши вақтида ҳалок бўлган украин аскарининг дафн маросими
Viacheslav Ratynskyi / Reuters / Scanpix / LETA
Одамлар ҳаво ҳужуми тревогаси вақтида ресторанга тушиб олишган, Львов
Mykola Tys / EPA / Scanpix / LETA​​​​​​
Украин ҳарбийлари Киев яқинидаги фронт чизиғида рус аскарлари жасадлари олдида турибди
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA

 

Мавзуга оид