Ўзбекистон | 20:03 / 31.03.2022
16549
8 дақиқада ўқилади

“Раҳмоновнинг ўлими хизмат билан боғлиқ эмас” – Светлана Ортиқова Бош прокуратуранинг 33 ёшли ходими ўлими ҳақида

Светлана Ортиқова Самир Раҳмоновнинг ўлими бўйича чиқарилган суд қарори ҳали қонуний кучга кирмагани, қарорда қонунчиликда мавжуд бир қатор нормалар бузилганини таъкидлаб, бу ишни назоратига олиши ва Бош прокурор ўринбосари сифатида Олий судга такроран кассация киритишга тайёрлигини маълум қилди.

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Kun.uz мухбирининг саволига жавобан идоранинг 33 яшар ходими марҳум Самир Раҳмонов иш жойида вафот этгани ҳақидаги иддаоларни рад этди.

“Бош прокуратура ходими Самир Раҳмонов ишхонада эмас, кўп тармоқли касалхонага олиб борилганда ўлгани ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ходимлари касбий малакасини ривожлантириш маркази томонидан хулоса берилган. Бу биринчиси.

Иккинчидан, ишни кўриб чиқишни тугатиш ҳақида 2022 йил январда чиқарилган суд қарори бор. Чунки даъвогар марҳум Самир Раҳмоновнинг отаси вафот этган. Бу қарор ҳали кучда, ҳеч ким уни муҳокама қилгани ҳам йўқ, бекор қилгани ҳам йўқ.

Суд-тиббий экспертизадан ўтказиш учун мурдани ёриб кўриш керак. Марҳумнинг отаси бунга розилик бермаган ва бу ҳақда тилхат ёзиб берган”, дея таъкидлаган Светлана Ортиқова.

Бош прокурор ўринбосарига кўра, экспертиза хулосасида ҳам Раҳмоновнинг ўлими хизмат билан боғлиқ эмаслиги қайд этилган.

Фото: Kun.uz

“Маънавий зарар ундириш Фуқаролик кодексининг 1021-моддасида акс этган. Маънавий зарарни аниқлашда уни етказувчининг айбини тасдиқлаш керак. Жиноят иши терговолди суриштирув натижасида ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисмига, яъни жиноят таркиби мавжуд эмас деб топилган. Шунга кўра Раҳмоновнинг ўлимида Бош прокуратуранинг айби йўқ.

Хизмат билан боғлиқ ўлим дейиш учун юз берган ўлим ҳолатининг хизмат билан боғлиқ жойи бўлиши керак. Бу қонунни мен ишлаб чиққаним йўқ, лекин мен унга итоат қилишга ва бажаришга мажбурман. Экспертиза ҳам Раҳмоновнинг ўлими хизмат билан боғлиқ эмас деган хулосага келган. “Прокуратура тўғрисида”ги қонуннинг 50-, 56-моддаларига асосан марҳумнинг ўзи ва унинг оила аъзолари ҳимояга олинган ва етарлича моддий ёрдам кўрсатилган”, дейди у.

Матбуот анжуманида Светлана Ортиқова Бош прокуратура томонидан фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2022 йил 28 мартдаги марҳум Самир Раҳмоновнинг оиласига 951 275 952 сўм миқдорида бирйўла тўланадиган нафақа пули тўлаш ва Бош прокуратурадан 20 000 000 сўм миқдорида маънавий зарар ундириш ҳақидаги ҳал қилув қарорига нисбатан протест киритилиши ёхуд Олий судга такроран кассация киритилиши мумкинлигини истисно этмаган.

Фото: Kun.uz

 “Бош прокуратура давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилот. Агарда бюджет интизомини сиз билан биз бажармасак, миллиард у ёққа, миллиард бу ёққа қилсак, унда врачларга, ўқитувчиларга устамаларни, ойликни, нафақахўрларга эса нафақасини ким тўлайди? Ногиронларни ким ҳимоя қилади? Агарда Бош прокуратуранинг айби бўлса, бажонидил иккита қўлни кўтарамиз ва [товон пулини] тўлаймиз. Лекин ҳозир Тошкент шаҳар судининг 28 мартда қабул қилиниб, 29 мартда ижтимоий тармоқларга тарқатилган, ҳали қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори бўйича прокуратура албатта ўзининг муносабатини билдиради. Чунки Бош прокуратуранинг иш бўйича тараф ва протест билдиришга ваколати бор.

Эътибор берган бўлсангиз, Тошкент шаҳар суди ўзининг ташаббуси билан даъвогарни ҳам, даъво талабини ҳам ўзгартирган. Бунда ФПКнинг 124-моддаси талаблари бузилган. Амалдаги суд қарори мавжуд бўлатуриб, уни ҳеч ким бекор қилмаганини инобатга олмасдан Тошкент шаҳар суди ўзининг ташаббуси билан даъвогарни ва даъво талабини ўзгартиришга ҳаққи йўқ. Мен ўзим назорат қиламан бу ишни. Керак бўлса бош прокурор ўринбосари сифатида Олий судга такроран кассация киритишга тайёрман”, деб айтган мулозим.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 26 апрель куни Бош прокуратуранинг 33 яшар ходими Самир Раҳмонов вафот этган эди. Марҳумнинг отаси Kun.uz’га берган интервьюсида ўғлининг вояга етмаган фарзандлари боқувчисиз қолгани сабабли қонун ҳужжатларида белгиланган товон пули берилишини сўраб даставвал бош прокурор номига хат билан мурожаат қилганини, бироқ илтимоси бўйича рад жавобини олгач, Бош прокуратурани судга берганини маълум қилганди.

Самир Раҳмонов (марҳум) Фото: Kun.uz

Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2021 йил 17 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан, даъвогар – Аъзамжон Раҳмоновнинг жавобгар – Бош прокуратурага нисбатан фарзанди вафоти муносабати билан иш жойидан нафақа пули ҳамда маънавий зарар ундириш тўғрисидаги даъво ва қўшимча даъво аризалари рад қилинганди.

Шундан сўнг даъвогар фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига ФИБ Миробод туманлараро судининг ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти киритганди. Апелляция шикояти Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, судлов ҳайъатининг ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилганди.

Аъзамжон Раҳмонов Kun.uz’га берган интервьюсида ўлим сабабини аниқлаш бўйича суд-тиббий экспертизаси ўтказилмагани, Самир Раҳмоновнинг жасадини экспертизага олиб бормоқчи бўлишганда у ўғлининг танаси ёрилишига рози бўлмаганини айтган, бу ҳаракатини ўлим сабаби экспертизасиз ҳам рўйирост маълумлиги, фарзандининг бош миясида қон томирлари ёрилгани яққол кўриниб тургани билан изоҳлаганди.

Аъзамжон Раҳмонов (марҳум) Фото: Kun.uz

Шунингдек, марҳумнинг яқинлари ҳодиса рўй берган куни иш берувчи – Бош прокуратура меҳнат инспекцияларини жалб қилиб, ходимининг ўлими юзасидан суриштирув ўтказмагани, қонунчиликда белгиланган тартибда далолатномалар тузмаганини айтишганди.

Суд мазкур ҳолатларда қонунчилик талаби бузилган деб топган ва ишни пухта ўрганмагани учун 2021 йил 6 декабрь куни судлов ҳайъатининг ажрими билан РСТЭИАМ Тошкент шаҳар филиали Морфология бўлими Сергели пунктининг давлат суд тиббий экспертизаси бошлиғи ҳамда Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси бошлиғига нисбатан хусусий ажримлар чиқарган.

Иш биринчи инстанция судида қайта кўрила бошлаганда Аъзамжон Раҳмонов оламдан ўтган эди.

Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар беришича, марҳум Аъзамжон Раҳмоновнинг жавобгар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига нисбатан боқувчисининг вафоти муносабати билан нафақа пулини ундириш ва маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъво аризасини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етиб, суд қарори эълон қилинган.

Суднинг 2022 йил 10 мартдаги ажрими билан даъвогар Аъзамжон Раҳмонов вафот этгани сабабли унинг жавобгар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига нисбатан боқувчисининг вафоти муносабати билан нафақа пулини ундириш ва маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъво аризаси иш юритувидан тугатилган.

Фото: Kun.uz

Суд ташаббуси билан даъвогар томонидан мустақил талаб билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида жалб қилинган марҳум Самир Раҳмоновнинг беваси – Н.Раҳмонова судга жавобгар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига нисбатан турмуш ўртоғининг иш жойида вафоти муносабати билан вояга етмаган фарзандлари ва ўзи учун нафақа, суғурта товони ва маънавий зарар ундириш тўғрисидаги даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2022 йил 28 мартдаги ҳал қилув қарорига асосан Бош прокуратура марҳумнинг оиласига 951 275 952 сўм миқдорида бирйўла тўланадиган нафақа пули ва 20 000 000 сўм миқдорида маънавий зарар тўлаши ҳамда идорадан давлат фойдасига 76 642 076 сўм давлат божи ундирилиши белгиланган.

Бош прокуратура ахборот хизмати 33 ёшида вафот этган ходимининг оиласига 951 млн сўм товон пули тўлаш ҳақидаги хабарларга муносабат билдириб, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди қарорининг ҳали қонуний кучга кирмаганини эслатган ва ҳал қилув қарори асослилиги Бош прокуратура томонидан атрофлича ўрганилишини маълум қилганди.

Мавзуга оид