Ўзбекистон | 09:43 / 02.04.2022
9172
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда мактаб таъмирига ажратилган маблағнинг бир қисмини ўзлаштирган мансабдорлар ушланди

ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент 6та ҳудудда фирибгарлик ҳолатларига чек қўйди.

Фото: Kun.uz

Маълум қилинишича, ДХХ Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ва департамент ходимлари ҳамкорлигида текширувлар ўтказилган. Унда Амударё тумани халқ таълими бўлими ҳамда қурилиш-таъмирлаш ишлари билан шуғулланувчи 2 та МЧЖ мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, тумандаги мактаблардан бирининг ўқув биноларини таъмирлаш учун ажратилган жами 1 млрд 235 млн сўм пул маблағининг 177,6 млн сўмини талон-торож қилгани аниқланган. Улар ҳисоб-фактураларга сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиш орқали ноқонуний ўзлаштирган.

Шунингдек, Амударё туманидаги мактаб ўқитувчиси ўз ҳамкасбининг ишончига кириб, танишлари орқали унга малака тоифаси олиш бўйича аттестациядан ўтказиб беришни ваъда қилган. У хизмати эвазига 600 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Қашқадарё вилояти Косон туманидаги умумий ўрта таълим мактабларидан бирининг директори эса фуқарони ўқитувчи лавозимига ишга қабул қилиш эвазига 400 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган. Унда бир шахс 2 нафар фуқарони пойтахтдаги нодавлат олий таълим муассасаларидан бирига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 24 млн сўм олган вақтида ушланган.

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида яшовчи муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган шахс бошқа бир фуқарони ҳокимият идораларида ишловчи танишлари орқали “аёллар дафтари”га киритиб, янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан 3 хонали хонадон сотиб олиши учун субсидия олишида ёрдам беришини айтган. У эвазига 400 доллар олган вақтида ушланган.

Ҳозирда юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид