Ўзбекистон | 17:17 / 05.04.2022
13105
3 дақиқада ўқилади

«Мактаблардаги энг катта муаммо — ўқитиш методикаси эскиргани». Президент мактаб таълимини ислоҳ қилиш ҳақида

Шавкат Мирзиёев халқ таълими соҳасидаги ишлар қониқарсизлиги сабаб вилоят ва туман ҳокимларини кескин танқид қилди.

Мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича йил бошида белгиланган топшириқлар ижроси, йил якунига қадар устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бошланди.

«Январь ойида мактаб таълимини ривожлантириш бўйича 5 та устувор йўналишда аниқ вазифаларни белгилаб, барча масалалар ҳал қилиб берилган эди.

Лекин бирорта ислоҳот осон бўлмайди. 

2022 йилни ҳокимларнинг мактабга эътибори йили деб эълон қилганимиз ва туман ҳокими «РайОНО» мудири бўлади, деган вазифаларни, афсуски, ҳамма ҳокимлар ҳам ҳали тўлиқ тушуниб етгани йўқ», деди давлат раҳбари.

Президент соҳадаги ишлар аҳволи қониқарсизлиги учун вилоят ва туман ҳокимларини кескин танқид қилди.

Жумладан, икки ойда барча ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар натижасида республикадаги 852 та мактабда таълим сифати, муаллимлар салоҳияти ва ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш даражаси анча пастлиги аниқланган.

Бу борада энг оғир аҳвол Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистонда экани кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда республика бўйича 1 минг 526 та мактаб болалар тарбияси, давомат, маънавий муҳит бўйича «қизил» тоифага киритилгани таъкидланди.

Айниқса, Тошкент шаҳридаги 69 та мактаб, Сурхондарёда 169 та ва Қорақалпоғистонда 128 та, Сирдарёда 54 та, Фарғонада 162 та, Тошкент вилоятидаги 147 та мактабларда муҳит қониқарсиз деб топилган.

Мактаблардаги энг катта муаммо сифатида ўқитиш методикаси эскиргани келтириб ўтилди.

«Бу туман ва шаҳар ҳокимлари мактаб масалалари ичига умуман кирмаганидан далолат. Январда ўтган селектордан кейин ҳам улар ўзига хулоса қилмаган. 

Ушбу вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларини охирги марта огоҳлантираман. Агар уч  ойда ўзгариш бўлмаса, жиддий чора кўрилади. 

Бугунги кунда мактабнинг энг катта муаммоси – ўқитиш методикасининг мутлақо эскирганлиги. Афсуски, мактаб таълими эски қолипдан чиқа олмаяпти», деди давлат раҳбари.

Йиғилишда ҳокимлар мактабларда илғор методикаларни жорий этиш бўйича ишламаётгани ҳам танқид остига олинди.

«Ҳамма вилоятларда президент мактаблари очилди, уларда замонавий илғор методикалар асосида таълим берилмоқда. Хусусий мактабларда ҳам бундай илғор методикалар жорий қилиняпти.

Савол туғилади, қайси ҳоким ўз мактабларида ушбу илғор методикаларни жорий қилиш бўйича ишлаяпти? Афсуски, ҳозирча бундай ташаббуслар йўқ!» деди президент.

Шунингдек, республика бўйича айни пайтда 120 та мактаб юқори коэффициентда ишламоқда.

Бундан ташқари, кўплаб мактаб филиалларининг аҳволи мутлақо бугунги кун талабига жавоб бермайди.

Мактабларни компьютер билан таъминлаш бўйича маблағлар ажратилган бўлса-да, Қорақалпоғистон, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида ишлар суст кетаётгани танқид қилинди.

Олис ва чекка ҳудудлардаги ҳамда «оғир» шароитдаги мактабларда таълим сифатини ошириш билан боғлиқ ишлар қониқарсизлиги кўрсатиб ўтилди.

Мавзуга оид