19:24 / 05.04.2022
23963

«Реал» «Челси»га қарши реванш илинжида, «Атлетико» яна Манчестерда меҳмон. ЕЧЛ чоракфиналлари олдидан

Фото: ЕЧЛ

Уч ҳафталик танаффусдан сўнг, бугун – 5 апрель оқшомида Чемпионлар лигаси мадҳияси садолари остида чоракфинал баҳсларига старт берилади. Сешанба куни «Атлетико» яна Манчестерга сафар қилса, «Ливерпуль» Португалияда тўп суради. Чоршанба оқшомида эса «Реал» Лондонда «Челси»га қарши саф тортса, «Бавария» Испанияда «Вильярреал» меҳмони бўлади.

«Реал» реванш илинжида, «Челси» уйида енгилмас жамоа

Чемпионлар лигаси 1/4 финал қуръа натижалари «Реал»га ўтган йилги мағлубият учун «Челси»дан ўч олиш имкониятини тақдим этди. Лондон клуби ўтган мавсумда турнирнинг яримфиналида икки ўйин натижасига кўра, Мадрид клубини ЕЧЛ билан хайрлашишга мажбур қилган эди. Бу мавсумда эса Карло Анчелотти жамоаси мусобақа ғолиблигига асосий даъвогар сифатида айтилган «ПСЖ»ни турнирдан чиқариб юборгач, чемпионлик учун фаворитлардан бирига айланди. Қуръа уларга «аристократлар»ни тақдим этгач, мадридликлар реванш ҳақидаги иштиёқларини яширишмади.

Аммо Лондонда «Челси»ни мағлуб этиш ҳозирча «Реал» бажара олмаётган натижадир. Қолаверса, Томас Тухель шогирдлари жорий мавсум ЕЧЛ доирасида «Стемфорд Бриж»даги 4 ўйинда умумий 11та гол киритиб, бирор маротаба ҳам ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишмади. Анчелотти Лондондаги ўйинда фақат Эдуар Менди дарвозасини қандай ишғол этиш ҳақида эмас, мезбонлар яримҳимоячиси Нголо Кантени «зарарсизлаштириш» ҳақида ҳам бош қотиришига тўғри келади. Канте «Реал»га қарши сўнгги икки яримфинал ўйинида ҳам, финалда ҳам энг яхши ўйинчи деб топилган эди.

Фото: Getty Images

Дарвоқе, Тухель шогирдлари ЕЧЛ жорий мавсумида ўз уйида ҳали умуман гол ўтказиб юбормаган бўлса-да, уч кун аввал «Брентфорд»га қарши АПЛ ўйинида дарвозадан бир эмас, тўртта гол олиб чиқишга мажбур бўлишди. Карло ота АПЛ дебютанти ғалабасини таҳлил қилиши аниқ.

Клопп Лиссабонга қайтмоқда

Юрген Клопп билан «Ливерпуль» ўртасидаги муносабатлар айнан Лиссабонда бошланган эди. 2015 йилда Юрген Клопп Португалия пойтахти кўчаларидан бирида қаҳва ичиб ўтирганида, унга Мерсисайд клубини бошқариш таклифи билан қўнғироқ бўлганди. Қизиғи, ўшандан буён Юрген Лиссабонга қайтмаган ва бу 7 йиллик танаффусдан кейинги қайтишдир.

«Чоракфиналда мен хоҳламаган ягона нарса, бу Англия клубига қарши тўп суриш», - деган эди Клопп қуръадан аввал. «Ливерпул»га «Бенфика» тушгач, у бундан хурсанд бўлгани аниқ. Гап «Бенфика»нинг нисбатан осон рақиб эканлигида эмас. Аксинча, немис мураббийи «Барселона» ва «Аякс»ни ортда қолдириб, шу ергача етиб келган рақиб ҳурматга лойиқ эканлиги ҳақида айтган.

Гвардиола Симеонега қарши

Сўнгги декадада жаҳоннинг энг яхши мураббийилари қаторида эътироф этиладиган Хосеп Гвардиола ва Диего Симеоне ҳозирга қадар бор йўғи уч марта ўзаро тўқнаш келган. Икки ўйинда испан, бир баҳсда эса аргентиналик мутахассиснинг қўли баланд келган. Футболда қарама-қарши тактикалар тарафдори бўлган мураббийлар баҳси катта интригани келтириб чиқариши аниқ.

«Атлетико» уч ҳафта аввал Манчестерда «Юнайтед»ни мағлуб этиб, чоракфинал йўлланмасини нишонлаган эди. «Сити»га қарши бу шаҳардаги иккинчи ташрифда ҳам жамоа Мадридга хурсанд қайта оладими – сешанба оқшомида кузатамиз.

«Вильяреал» «Бавария»да хавотир уйғотмоқда

ЕЧЛ нимчоракфинали жавоб баҳсида «Вильярреал»нинг Туринда «Ювентус»ни йирик ҳисобда мағлуб этиб, турнирдан чиқариб юборгани Испаниянинг камтарона клуби акцияларини сезиларли даражада оширди. Бу натижа «Бавария»да ҳам эътиборсиз қолмади. Туриндаги ўйинни томоша қилган Томас Мюллер «Бундай рақибга қарши сонияга ҳам хотиржамликка берилмаслик зарур», - деб айтган. 

«Вильярреал» катта жамоаларга қарши яхши натижаларга эришмоқда. «Бавария» эса аввалгидек барқарор кўринаётгани йўқ. Мюнхен жамоаси нимчоракфинал дастлабки баҳсида «Зальцбург» майдонида зўрға мағлубиятдан қутулган эди, ўз майдонида эса рақибни яксон қилди. Унаи Эмери жамоаси эса ўз уйида барқарор тўп суриб, меҳмонда сенсация қайд эта олишини Туринда кўрсатди. Шундай экан, 1/4 финал тўқнашувларида осон жуфтликнинг ўзи йўқ, десак муболаға бўлмайди.

Фото: ЕЧЛ

ЕЧЛ. 1/4 финал. Дастлабки ўйинлар

5 апрель (сешанба)

«Манчестер Сити» - «Атлетико»

Ўйин бошланиш вақти: 23:59

ТВ-трансляция: «Спорт»

«Манчестер Сити»: Эдерсон; Жоау Канселу, Ляпорт, Стоунз, Зинченко; Бернарду Силва, Родри, де Брюйне; Маҳрез, Фоден, Стерлинг

«Атлетико»: Облак; Льоренте, Савич, Фелипе, Рейнилду, Ренан Лоди; Коке, Кондогбиа, Лемар; Гризманн, Жоау Феликс

«Бенфика» - «Ливерпуль»

Ўйин бошланиш вақти: 23:59

ТВ-трансляция: «Маҳалла»

«Бенфика»: Влаходимос; Жилберто, Отаменди, Вертонген, Гримальдо; Вайгль, Таарабт, Жоау Мариу; Дарвин Нуньес, Гонсалу Рамуш, Рафа Силва

«Ливерпуль»: Алиссон; Александер-Арнолд, Матип, ван Дейк, Робертсон; Фабиньо, Ҳендерсон, Тьяго Алькантара; Салоҳ, Мане, Диас

6 апрель (чоршанба)

«Челси» - «Реал»

Ўйин бошланиш вақти: 23:59

ТВ-трансляция: «Спорт»

«Челси»: Менди; Аспиликуэта, Чалоба, Рюдигер; Жеймс, Канте, Жоржиньо, Алонсо; Ковачич, Ҳаверц, Пулишич

«Реал»: Куртуа; Карвахаль, Эдер Милитао, Алаба, Менди; Кроос, Каземиро, Модрич; Вальверде, Бензема, Винисиус Жуниор.

«Вильярреал» - «Бавария»

Ўйин бошланиш вақти: 23:59

ТВ-трансляция: «Маҳалла»

«Вильярреал»: Рульи; Фойт, Альбиоль, Пау Торрес, Педраса; Тригерос, Капу, Парехо; Ло Чельсо, Жерар Морено, Данжума

«Бавария»: Нойер; Павар, Зюле, Упамекано, Эрнандес; Киммих, Горецка; Сане, Мюллер, Коман; Левандовски. 

Top