Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ташаббусли бюджет”: Водийдаги маҳаллалар ғалабага қандай эришди, буёғига нима бўлади?
Kun.uz мухбири Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида бўлиб, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ғолиб чиққан маҳаллалар аҳли билан суҳбатлашди; шунингдек, ташаббусларни амалга ошириш бўйича кейинги жараёнлар қандай бўлиши билан қизиқди.
Молия вазирлигининг “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ғолиблар аниқлангани ҳафтанинг энг шов-шувли янгиликларидан бири бўлди. Ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда бирлашиб, ҳамжиҳатликда ютуққа эришган аҳоли вакиллари ўз муваффақиятларини кўтаринкилик билан кутиб олишди.
Биз Фарғонанинг Қува тумани Қўшкечик маҳалласида, Андижоннинг Олтинкўл тумани Бўстон маҳалласида ва Наманганнинг Норин туманида бўлиб, лойиҳа ғолиблари билан учрашдик.
Бундан ташқари, “Ташаббусли бюджет”да ғолиб бўлган объектларда бунёдкорлик ишлари қай тартибда ва қанча муддатда ташкил этилиши бўйича молия соҳаси мутахассислари билан ҳам суҳбатлашдик.
“Таниш-билишчилик ўтмайдиган лойиҳадан хурсандмиз”
Фарғона вилояти Қува тумани Бойистон маҳалласи аҳли неча йилдан бери қийнаб келаётган ичимлик суви муаммоси бартараф этилишидан хурсанд. Овоз беришда фаол бўлган ёшлар ва нуронийлар ўз фикрларини билдиришди.



“Иккита лойиҳа – маҳаллага ичимлик суви тармоғи (650 млн сўм) ва кўчаларни асфальт қилиш (120 млн сўм) лойиҳаларида ғолиб бўлдик. Маҳалла аҳли, нуронийлар, айниқса ёшлар жуда катта меҳнат қилишди. Мана энди 4600 нафар аҳоли муаммоси ҳал бўлади”, – дейди Ёқубжон ота Эргашев.
Қува тумани Қўшкечик маҳалласининг қишда лой-кўлмак, ёзда чангга ботадиган 1,5 км абгор йўли ниҳоят асфальт кўрадиган бўлди.


Маҳалла нуронийси Аҳрор ота Усмонов ўз фикрларини билдирди.
“Лойиҳада коррупция, таниш-билиш йўқ экан. Ҳаммаси шаффоф бўлди. Молия вазирлигининг шу қилган янгилиги маҳалламизга жуда маъқул келди. Аввалига ишонмадик. Кейин бутун маҳалла ҳамжиҳатликда иш кўрди. Уйма-уй юрдик, масжидларда жамоатга тушунтириш ишларини олиб бордик. Ёшлар жуда қаттиқ ҳаракат қилишди. Натижада 600 миллион сўмлик лойиҳани ютиб олдик.
Навбатдаги босқичда маҳалланинг яна бошқа муаммоларини олиб чиқмоқчимиз. Айниқса, трансформатор ва симёғочларимиз жуда эскирган. Мана шу масалага эътибор қаратамиз”, – дейди Аҳроржон ота Усмонов.
Андижон вилояти Олтинкўл тумани Бўстон маҳалласи аҳли ўз кўчалари таъмири учун овоз беришда ғолиб бўлганини тантана қилдилар. Аҳоли маҳалла гузарига йиғилиб тантана уюштирди. Ҳатто мушакбозлик ҳам бўлди.



“Бўстон маҳалласи иккита лойиҳада ғолиб бўлдик. Бир километрлик Ёғду кўчасини асфалтлаш ва ҳудуддаги 42-мактаб ошхона жиҳозларини сотиб олиш лойиҳасида. Мана кўриб турибсизлар, аҳоли вакиллари бирлашиб ютуқларга эришиш кераклигини тушуниб етиб, ўз ғалабасини байрам қилмоқда”, – дейди 42-мактаб директори Сарварбек Назаров.
Норин тумани 3-мактаб ўқитувчилари, ота-оналари ҳамжиҳатликда таъмирга муҳтож спорт залининг мукаммал таъмири учун 960 миллионлик лойиҳани ютиб олишди.
Мактаб директори Азизахон Раҳмончоева ўқувчилар ва атрофдаги маҳаллалар ёшларига хизмат қилувчи спорт мажмуасининг таъмирга тушиши барча учун жуда катта қувончли воқеа бўлганини гапирди.



“Мукаммал таъмирталаб бўлган залимизнинг йиллаб дастурга тушишини кутиш, мутасадди ташкилотларга мурожаатлар қилиш ўрнига ташкил этилган “Ташаббускор бюджет” лойиҳаси жуда қўл келди.

Ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналар, маҳалла аҳолиси баҳамжиҳат бўлиб роса катта овоз тўпладик. Насиб қилса, мактабимизда худди пойтахтдаги шароитга эга спорт зали бўлади”, дейди директор Азизахон Раҳмончоева.
Барча лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишлар йил охиригача якунланади
Ғолиб лойиҳаларни амалга ошириш механизми ҳақида Андижон вилоят молия бошқармаси мутахассиси Алижон Расулжоновдан интервью олдик.

“Ғолиб таклифлар бўйича туман (шаҳар) халқ депутатлари кенгаши томонидан қарорлар қабул қилинади. Сўнг лойиҳа-смета ишлари амалга оширилиб, қурувчи ёки пудратчи ташкилот онлайн тендер орқали аниқлаб олинади. Ғолиб бўлган барча объектлар йил охиригача амалга оширилиши кўзда тутилган.
Агар фуқаро томонидан таклиф қилинган лойиҳа қиймати бажариладиган ишга нисбатан кам бўлса, туман кенгаши томонидан маблағ беш фоизгача миқдорда кўпайтириб берилиши мумкин. Ёки бунинг акси, режадаги иш ҳажми учун кўп маблағ ажратилган бўлса, ортиқча маблағ туман ҳокимликлари ҳузурида очилган ташаббусли бюджет ҳисобрақамига қайтарилади”, деди Алижон Расулжонов.
Унинг қўшимча қилишича, йилнинг иккинчи ярми учун ўтказиладиган “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ҳам биринчи босқичдаги билан тенг миқдорда – 1,1 трлн сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Иккинчи босқич учун ташаббуслар қабул қилиш июл ойидан бошланади.
Элмурод Эрматов,
Азизбек Исмоилов
Мавзуга оид
12:37 / 19.12.2025
Яккабоғ ҳокимлигининг ўзбек “демократияси”га қаршилиги синди. Қайрағоч аҳолиси сув билан таъминланади
16:14 / 18.12.2025
“Халқнинг ҳақидан қўлингизни тортинг, ҳоким бобо!” - Яккабоғнинг Қайрағочидан мурожаат
00:21 / 30.11.2025
Энг яхши солиқ тўловчи маҳаллалар учун рағбатлар эълон қилинди
17:20 / 01.11.2025