Иқтисодиёт | 22:00 / 06.04.2022
48719
4 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Британия Россияга нисбатан янги санкцияларни эълон қилди

Буча қирғини маълум бўлиши ортидан, Россия банк тизимининг учдан бирини ташкил этувчи Сбербанк АҚШ ва Британия санкциялари остида қолди. Вашингтон РФдаги энг йирик хусусий банк бўлмиш Алфа-банк активларини ҳам музлатди. Санкциялар пакетидан, шунингдек, Россияга инвестиция киритиш ва бошқа тақиқлар ҳам ўрин олган.

Фото: Максим Блинов / РИА «Новости»

АҚШ ва Буюк Британия Украинага босқини сабаб Россияга навбатдаги санкцияларни эълон қилди.

Икки мамлакатнинг бир вақтда эълон қилинган санкцияларидаги асосий умумийлик – Россияга инвестиция киритиш тақиқланиши ва Россиянинг энг йирик банки бўлмиш Сбербанк активлари музлатилиши билан боғлиқ.

АҚШнинг Россияга киритаётган янги санкциялари:

  • Россиянинг энг йирик банки Сбербанк ва энг йирик хусусий банки Алфа-банкка нисбатан тўлиқ блокловчи санкциялар – уларнинг АҚШдаги активлари музлатилади, АҚШ субъектларига бу банклар билан иш юритиш тақиқланади (бу хабардан кейин Сбербанк акциялари сезиларли арзонлашди);
  • АҚШ фуқаролари ва компанияларига Россия иқтисодиётига инвестиция киритиш тақиқланади;
  • Россия ҳукуматига қарашли йирик компанияларга нисбатан тўлиқ блокловчи санкциялар (компаниялар рўйхати эртага эълон қилинади);
  • Россия АҚШ юрисдикциясидаги маблағлар ёрдамида ўз қарзларини тўлай олмайди;
  • Россия элитаси – президент В.Путиннинг вояга етган фарзандлари, ТИВ раҳбари С.Лавровнинг рафиқаси ва қизлари, бош вазир М.Мишустин, РФ Хавфсизлик кенгаши раиси Д.Медведев ва кенгашнинг бошқа қатор аъзоларига нисбатан персонал санкциялар – уларнинг ҳисобрақамлари музлатилади;
  • Россия ҳукуматининг қатор вакиллари – бош вазир ўринбосари, адлия вазири, молия вазири, Президент администрацияси раҳбари, Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари, Федерал божхона хизмати раиси, Москва мэри, Петербург губернатори, президентнинг айрим расмий вакилларига нисбатан персонал санкциялар.

Оқ уй баёнотига кўра, санкциялар Россия банк секторининг учдан икки қисмини қамраб олади. АҚШ давлат котибининг ўринбосари Венди Шерман санкцияларнинг кўлами Хитой учун “яхшигина белги” бўлиши кераклигини таъкидлаб, яна бир бор расмий Пекинни Россияга моддий ёрдам беришнинг оқибатларидан огоҳлантирди.

Буюк Британия Россияга киритаётган янги санкциялар:

  • Сбербанк ва Москва кредит банкининг активлари музлатилади;
  • Россияга инвестиция киритиш тақиқланади (биргина 2020 йилнинг ўзида Британия Россияга 11 млрд фунт инвестиция киритган);
  • темир ва пўлатдан ишланган маҳсулотларни Россиядан импорт қилиш тақиқланади;
  • нефтни қайта ишлаш ускуналарини Россияга экспорт қилиш тақиқланади;
  • Британия 2022 йил охиригача Россиядан кўмир ва нефт импортини тўхтатади;
  • Россиянинг 8 нафар олигархига нисбатан персонал санкциялар (SGM хўжайини Борис Ротенберг, “Газпромбанк” раҳбари Андрей Акимов, “Новатек” хўжайини Леонид Михельсон, “Акрон” компанияси эгаси Вячеслав Кантор ҳам шулар жумласидан).

Европа Иттифоқи Россияга нисбатан янги жазо чоралари ҳақида эртага, 7 апрел куни эълон қилиши кутилмоқда. Reuters хабарига кўра, ЕИга аъзо мамлакатлар санкциялар кўлами борасида ҳозирча бир тўхтамга кела олмаяпти.

Манбаларга кўра, Еврокомиссиянинг янги санкциялар пакетига РФдан кўмир ва каучук импортини тақиқлаш, РФга яримўтказгичлар ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш технологиялари экспортини тўхтатиш кабилар киритилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, апрел ойи бошида Россия ҳарбийлари қарийб бир ой давомида назорат қилиб келган Киев яқинидаги қатор ҳудудларни тарк этган, улар кетгач бир нечта аҳоли пунктлари, хусусан Буча шаҳрида кўплаб тинч аҳоли вакилларининг жасадлари ваҳшийларча ўлдирилган ҳолатда топилган эди.

Ғарб мазкур воқеага ҳарбий жиноят сифатида қараб, Россияга нисбатан янги санкциялар ваъда қилган эди. Расмий Москва жасадларни саҳналаштирилган деб атаб, рус қўшинлари эгаллаб турган жойларда бирорта ҳам тинч аҳоли вакилига зиён етказилмаганини иддао қилган.

Мавзуга оид