«Манчестер Сити» Чемпионлар лигаси 1/4 финалида «Атлетико»га қарши уй учрашувида минимал ҳисобда ғалаба қозонди.

Манчестер Сити — Атлетико 1:0
Гол: де Брюйне (70). 
Манчестер Сити – Эдерсон, Канселу, Стоунз, Лапорт, Аке, Гундўған (Грилиш, 68), де Брюйне, Родри, Силва, Стерлинг (Жезус, 68), Маҳрез (Фоден, 68). 
Атлетико – Облак, Врсалько, Савич, Фелипе, Рейнилду, Лоди, Коке (де Пауль, 60), Кондогбиа, Льоренте (Кунья, 60), Гризманн (Корреа, 60), Фелиш (Лемар, 81).
Огоҳлантиришлар: де Пауль (69), Корреа (83), Жезус (85), Врсалько (90+2), Эдерсон (90+2).

Хосеп Гвардиола ва Диего Симеоне жамоаси ўйини – турлича футбол фалсафалари тўқнашуви. Табиийки, Манчестердаги илк ўйин олдидан Пепдан аргентиналик мутахассиснинг «антифутболи» ҳақида сўрашди. Каталониялик мутахассис ҳамкасбини танқид қилишни истамади: «Мен бу аҳмоқона баҳсга бир секунд ҳам сарфламайман. Ҳамма ғалаба қозонишга ҳаракат қилади. Агар улар енгишса, улар ҳақ бўлиб чиқади. Агар биз ғалаба қозонсак, биз ҳақмиз. Футболчилар ҳал қилишади. Биз ҳам натижага эришиш учун шундай ўйин кўрсатишимизга тўғри келган. Бу футболнинг бир қисми. Мен уларнинг услубини танқид қилмайман, балки қандай яхши натижага эришиш учун таҳлил қиламан. Чиройли бўлмаган ўйин нима дегани? Менинг жамоам «Олд Траффорд»да 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва Бернарду Силва бурчак зарбаси ижро этишга беш дақиқа сарфлади. Бу чиройли ҳолат эмас, бу ҳисобни сақлаш. Мен ҳеч қачон рақибни қилаётган ишлари учун танқид қилмайман».

«Атлетико» — Европадаги энг ҳимоявий ўйин кўрсатувчи топ-клуб ҳисобланади. Диего Симеоне ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида мадридликларни бошқариб, бу ерда идеал ишловчи тизим қурган. Уни бундай ўйин учун ёқтирмасликлари мумкин — ижтимоий тармоқларда кўплаб мухлислар танқид қилишади — аммо бу стратегия самара бериб келмоқда.

Сайёранинг энг кучли жамоаларидан бирини сафарда қандай ютиш ёки ҳеч бўлмаганда очко олиш мумкин? Симеоне рецепти: очиқчасига автобус қўйиш. Аргентиналик мутахассис бундан ҳеч қачон уялмайди ва бошқаларнинг фикри уни ташвишга солмайди, у бу ўйинда ҳам фақат ўзи ва жамоаси натижаси ҳақида ўйлади.

Ўйин чиндан ҳам худди «Сити» 12 киши бўлиб ўйнаётгандек тасаввур уйғотди. «Атлетико» 5-5-0 схемасида жойлашди. Бу муболаға эмас: биринчи бўлимда (аниқроғи бўлимнинг тўртдан уч қисмида) тўпсиз ҳолатда Гризманн ва Жоау Фелиш қанотларда ўйнади. «Атлетико» икки номинал ҳужумчи билан майдонга чиққан бўлса-да, амалда улар мудофаа доктринасининг бир қисмига айланишди.