«Атлетико» – «Реал» 5:2
Голлар: Ле Норман, 14 (1:0). Мбаппе, 25 (1:1). Арда Гулер, 36 (1:2). Серлот, 45+3 (2:2). Алварес, 51 – пеналти (3:2). Алварес, 63 (4:2). Гризманн, 90+3 (5:2)
«Атлетико»: Облак, Лангле, Ле Норман, Ганцко (Галан, 83), Лиоренте, Коке, Барриос, Гонсалес (Гризманн, 83), Симеоне (Молина, 90+2), Сёрлот (Галлаҳер, 67), Алварес (Баэна, 90+2)
«Реал»: Куртуа, Эдер Милитау (Раул Асенсио, 46), Ҳаусен (Гарсия, 89), Каррерас, Карваҳал (Камавинга, 59), Валверде, Тшуамени, Винисиус Жуниор, Арда Гулер (Мастантуоно, 59), Беллингҳэм (Родригу, 70), Мбаппе
Огоҳлантиришлар: Сёрлот, 22. Гонсалес, 40. Лангле, 56. Симеоне, 82. Галлаҳер, 90 – Арда Гулер, 50. Раул Асенсио, 58. Каррерас, 62. Мастантуоно, 90

«Реал» Ла Лига стартидаги олти турда максимум натижага эришди. Еттинчисида Мадрид дербисидаги жиддий синов кутаётганди. «Атлетико» эса, аксинча, мавсум стартида муваффақиятсизликка учраб, турнир жадвалида тўққизинчи ўринда жойлашганди. Аммо муҳим нюанс бор эди: «Реал» «Метрополитано» ўйингоҳида 2022 йил сентябридан буён ғалаба қозона олмаётганди. Якунда бу серия давом этди, ўйиндан олдин имконияти паст баҳоланган мезбонлар ўйиннинг катта қисмида устунлик қилишди ва йирик ҳисобдаги ғалабага эришишди.

Ҳаби Алонсо шу куни клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан буён илк бор Беллингҳэмни бошланғич таркибга киритди, шу туфайли Гулер ўнг қанотга туширилди, Мастантуоно эса захира ўриндиғида қолдирилди. Ёзги трансферлар вақтида таркиби жиддий ўзгарган (саккиз нафар янги футболчи харид қилинди, ўтган ёзда еттита трансфер амалга оширилганди) «Атлетико» аста-секин ўйинини топиб бораётганини кўрсатди ва ўйинни рақибга нисбатан фаолроқ бошлади. Алварес қаршисида икки футболчи турганига қарамай, ҳужум уюштирди ва бурчак зарбаси ишлади. Сёрлот эса Куртуа билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетишига бир бахя қолди – фақат тўпга зарба бериш ўрнига оёғи остига ташланган Милитаонинг оёғини тепди (бразилиялик ҳимоячини танаффусда алмаштиришга тўғри келди). Кейинроқ норвегиялик ҳужумчи бошда йўллаган зарба тўсин остига бораётганида дарвозабон қутқарди. 14-дақиқада эса босим голга олиб келди. Жулиано Симеоне ўнг қанотдан узатма берди, Ле Норман Тшуаменидан илдамроқ ҳаракат қилиб, бошда аниқ зарба берди.

«Реал» эса биринчи бўлим ўрталаригача ҳужумда ҳеч нарсага эриша олмади. 23-дақиқага келиб зарбалар бўйича устунлик мезбонлар фойдасига 4:0 (учтаси – дарвоза соҳасига тўғри борган), бурчак зарбалари бўйича 3:0 кўринишида эди – мезбонларнинг устунлиги яққол эди. Жулиано ва Сёрлотда яна вазиятлар бўлди, аммо Куртуа яна ўзини кўрсатди. Кейин эса «Реал» илк жиддий ҳужумида ҳисобни тенглаштирди: Мбаппе тўпни ўнг қанотдаги Гулерга оширди ва жарима майдонида ўзини таклиф қилди, туркиялик яримҳимоячининг ҳимоячилар орасидан ўтказиб берилган пасидан кейин олис бурчакни аниқ нишонга олди.