Жаҳон | 14:36 / 07.04.2022
30639
5 дақиқада ўқилади

Черниговдаги харобалар ва аскарлар учун пул йиғаётган одессалик болалар. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 43-куни бошланди. Пентагон россиялик ҳарбийлар Киев ва Чернигов областларини тўлиқ тарк этганини маълум қилди. Бу ҳудудларда йўқотишларни ҳисоб-китоб қилишмоқда: Черниговнинг 70 фоизи вайрон бўлган, Киев атрофидаги ҳудудларда — юзлаб тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлган. Украина ҳукумати Донецк ва Луганск областлари аҳолисини эвакуация қилишга чақирмоқда. Россия ҳарбийлари Северодонецк ва Лисичанскни бомбардимон қилган. 

Черниговда вайрон бўлган уй. Шаҳар бир неча ҳафта давомида тинимсиз ўққа тутилган
EPA / Scanpix / LETA

Украинадаги вазият бўйича сўнгги маълумотлар:

  • Украина ҳукумати Донецк ва Луганск областлари, шунингдек Харьков областининг Донбассга яқин жойлашган шаҳарлари аҳолисидан хавфсиз жойга кетишни сўрамоқда. Бу ҳудудларда қаттиқ жанглар бошланиши кутилмоқда.
  • АҚШ президенти Жо Байден Бучадаги қирғинни оғир ҳарбий жиноят деб атади.
  • Думага Россияда ОАВ фаолиятини чекловчи қонун лойиҳалари муҳокамага киритилди: бош прокуратура «фейклар» учун нашрнинг регистрациясини қайтариб олиши, ОАВ Украинадаги воқеалар ҳақида бошқа нашрлардан олинган, лекин расмий баёнотларга мос келмайдиган иқтибослар учун жазоланиши мумкин.
  • Пентагон матбуот котиби Жон Кирби Россия армияси қисмлари Киев ва Чернигов областларини тўлиқ тарк этганини маълум қилди.
  • Буюк Британия ТИВ раҳбари Лиз Трасс The Telegraph нашридаги мақоласида Россия ва НАТО ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги таъсис акти энди аҳамиятини йўқотгани, «унинг даври ўтгани» ҳақида ёзди.
  • 7 апрель куни БМТ Бош ассамблеяси Россияни Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашдан чиқариш масаласини кўриб чиқади. РФ кенгашдан чиқариб юборилиши учун Бош ассамблеянинг 193 мамлакатдан иборат аъзоларининг учдан икки қисми овоз бериши етарли ҳисобланади.

Қуйида 6 апрелнинг асосий суратлари. 

Украина ҳудудий мудофаа жангчиси Черниговда уриб туширилган русларнинг Су-34 самолёти қолдиқларини тутиб турибди. 7 апрел куни Пентагон бу шаҳарда бирорта россиялик ҳарбий қолмаганини маълум қилди
Serhii Nuzhnenko / Reuters / Scanpix / LETA
Вайрон бўлган «Украина» меҳмонхонаси олдидан ўтаётган черниговликлар. Шаҳар мэри шаҳарнинг 70 фоизи вайрон бўлганини маълум қилган
Marko Djurica / Reuters / Scanpix / LETA
Бучалик киши ўз уйи яқинида. Унинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар оккупация вақтида унинг қўлини синдиришган
Alkis Konstantinidis / Reuters / Scanpix / LETA
Ўғлини уйдаги боғга кўмган бучалик она қабр тепасида
Ronaldo Schemidt / AFP / Scanpix / LETA
Одамлар телефонларини қувватлантирмоқда, Бучада электр таъминоти муаммо
Ronaldo Schemidt / AFP / Scanpix / LETA
Бучада ҳалок бўлганларни санаётган эркак. Дафн идораси март ойида Бучада 340 кишини дафн қилган. Шунингдек, одамлар биродарлик мозорларига ва уйлар ҳовлиларига ҳам кўмилган
Chris McGrath / Getty Images
Гостомелда вайрон бўлган уй. Гостомель 35 кун давомида россиялик ҳарбийлар назоратида бўлган. Руслар ҳозир шаҳарни тарк этган
Alexey Furman / Getty Images
Снарядлар ўртасида ўтирган мушук. Снарядларнинг бир қисмини чекинаётган россиялик ҳарбийлар қолдиришган, бир қисмини яксон этилган техникалардан чиқариб олшган. Андреевка қишлоғи, Бердянский райони
Vadim Ghirda / AP / Scanpix / LETA
Уйини йўқотган украинлар Запорожьедаги қочқинларни қабул қилиш марказига кетмоқда
Bulent Kilic / AFP / Scanpix / LETA
Мактаб ўқувчилари украиналик аскарларнинг ҳарбий анжомларига пул йиғиш учун ўз ўйинчоқларини сотувга қўйишган. Одесса
Oleksandr Gimanov / AFP / Scanpix / LETA
Украин аскари онаси унинг тобути устида. Львовдаги Личаковское қабристони
Yuriy Dyachyshyn / AFP / Scanpix / LETA
Болалар қум тўлдирилган қопларга қарашмоқда, бу қоплар билан болалар боғчасидаги ойналар тўсилган. Львов
Joe Raedle / Getty Images
Северодонецк артиллерия зарбаларидан кейин. Луганск шимоли-ғарбидаги бу шаҳар украиналик ҳарбийлар назоратида
Fadel Senna / AFP / Scanpix / LETA
Россиялик ҳарбийларнинг авиазарбасига учраган уйдаги оилавий сурат. Бородянка, Киев области. Украина бош прокурори Ирина Венедиктова озод этилган Бородянкадаги вазият Бучадагидан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкинлигини айтган
Matthew Hatcher / SOPA Images / Scanpix / LETA

Мавзуга оид