«Кўзбўямачилик давом этяпти» — президент «Яшил макон» лойиҳасидаги камчиликлар ҳақида
Жойларда жами 5 миллион туп кўчат аслида экилмагани ҳолида ҳисоботда қўшиб ёзилган.
Шавкат Мирзиёев раислигида 7 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида кун тартибидаги иккинчи масала — «Яшил макон» дастури доирасидаги ишлар ҳам муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, лойиҳа доирасида баҳор мавсумида 125 миллион туп кўчат экиш режа қилинган.
«Мавсум тугашига ҳам озгина вақт қолди. Лекин бу борада қилинган ишлар аҳволи мени хавотирга солмоқда. Айрим ҳудудларда ҳали ҳам ишлар номигагина ташкил этилиб, кўзбўямачилик давом этаётгани тўғрисида менда маълумотлар етарли», деган президент.
Мисол учун, жойларда ҳақиқатда экилмаган жами 5 миллион туп кўчатларни ҳисоботда қўшиб ёзиш ҳолатлари бор.
Шу боис мутасаддиларга апрель ойида барча қолоқликлар ва камчиликларни тўлиқ бартараф этиш топширилди.
Умуман, апрель ойи якунига қадар вилоят ҳокимлари тегишли идоралар билан бирга:
- туманлардаги йирик маҳаллаларга 20-30 минг, ўрта маҳаллаларга – 10-15 минг, кичикларига – 3-5 минг терак қаламчалари;
- шаҳарларнинг ҳар бир маҳалласига 3-5 минг терак қаламчалари экилишини таъминлаши;
- автомобиль йўллари бўйида камида 5 миллион туп терак кўчатлари ва қаламчалари экишни ташкил қилиши шартлиги таъкидланди.
Йиғилишда Инновацион ривожланиш ва Қишлоқ хўжалиги вазирликларига теракнинг аллергия чақирмайдиган навларини экиш бўйича ҳудудларга илмий асосланган тавсиялар бериш топширилди.
Тошкент шаҳрида 5 ёшдан кам бўлмаган мевали ва манзарали дарахтларни тартибли бир текисда ўстириш учун янги тажриба бошланди. Вилоят ҳокимлари ушбу тажрибани ўрганиб, ўзида жорий қилади.
Шунингдек, «Яшил макон» дастури доирасида жорий йилда 700 километрдан зиёд янги суғориш тизими ва 260 та қудуқ ўрнатилиши режа қилинган.
Йиғилишда вилоят ҳокимлари, Автомобиль йўллари ва Ўрмон хўжалиги қўмиталари раҳбарларининг суғориш тизими учун қанча маблағ ажратилгани, қанча майдонда ирригация тизими яхшилангани, нечта техника олингани ва қудуқ қазилгани ҳақидаги ҳисоботлари эшитилди.
Мавзуга оид
19:16 / 21.10.2024
Кейинги йилда «Яшил макон» дастури учун 100 миллиард сўм ажратилади
13:18 / 13.08.2024
Солиқ қўмитаси йирик корхоналарнинг маҳаллий бюджетга тўловларини ҳисобга олиш тартибини жорий қилади
18:00 / 12.08.2024
Қувватидан тўлиқ фойдаланилмаётган ўқув бинолари ёшларни ўқитиш шарти билан тадбиркорларга ижарага берилади
17:13 / 12.08.2024