19:00 / 07.04.2022
28895

«Пахтакор» ва «Насаф» ўзидан қиммат рақибларга қарши. Клубларимиз Осиёдаги юришини бошламоқда

Фото: Насаф ФК

Бугун, 7 апрель кунидан бошлаб қитъамизда клублар ўртасидаги энг нуфузли турнир Осиё Чемпионлар лигаси янги мавсумига старт берилади. Жорий йил халқаро майдонда Ўзбекистон шарафини икки клубимиз – Ўзбекистон чемпиони «Пахтакор» ва кубок соҳиби «Насаф» ҳимоя қилади. «D» ва «E» гуруҳларидан ўрин олган жамоаларимиз марказлашган тизимда ўтадиган гуруҳ босқич мезбони – Саудия Арабистонига етиб борган.

«Пахтакор»нинг рақиблари кимлар?

Тошкент клуби «D» гуруҳидаги ўйинларини Бурайда шаҳрида ўтказади. Славче Войнески шогирдлари гуруҳдан кейинги босқичга йўлланма олиш учун Эроннинг «Сепахон», Саудия Арабистонининг «Ат-Таавун» ва Қатарнинг «Ад-Дуҳайл» клублари билан кураш олиб боришади.

Гуруҳ фаворити сифатида Қатарнинг «Ад-Дуҳайл» клуби эътироф этилмоқда. Аргентиналик таниқли собиқ футболчи Эрнан Креспо мураббийлигидаги жамоа сўнгги икки мавсумдан буён Қатар чемпионатида «Ас-Садд»дан кейинги 2-жамоага айланди. «Тоттенҳэм» собиқ ҳимоячиси Тоби Алдервейрелд, Қатар миллий жамоаси етакчилари Али Алмоэз, Муҳаммад Мунтари сингари футболчилар тўп сураётган клуб умумий таркиби бўйича «D» гуруҳининг энг қимматбаҳо жамоаси саналади – 29 миллион евро. «Ат-Таавун» 21 миллион евро трансфер баҳоси билан 2-ўринда, «Пахтакор» 9,8 млн евро нарх билан 3-поғонада бўлса, «Сепахон» бу борада гуруҳда охирги - 9,6 млн евро.

Қайд этиш жоиз, «Ад-Дуҳайл» таркибининг трансфер баҳоси борасида «Ал-Ҳилол», «Шанхай Порт» ва «Ар-Райян»дан кейинги Осиёнинг 4-жамоаси бўлиб турибди. «Пахтакор» эса турнирда 23-ўринда қайд этилган, «Насаф» эса таркиби қиймати борасида ОЧЛ гуруҳ босқичидаги 40 жамоа орасида 27-ўринда.

«Шерлар» ОЧЛ 1-турини бугун, 7 апрель куни «Сепахон» клубига қарши баҳс билан бошлайди. Форс клуби Эрон чемпионатида 3-ўринда бормоқда. 6 тур учрашувлари 19 кун ичида ўтказилиши белгиланган.

Фото: Tribuna.uz

«Пахтакор» жой олган «D» гуруҳидаги ўйинлар тақвими:

1-тур. 7 апрель.

22:15. «Пахтакор» - «Сепахон»

01:15. «Ад-Дуҳайл» - «Ат-Таавун»

2-тур. 10-тур

22:15. «Сепахон» - «Ад-Дуҳайл»

01:15. «Ат-Таавун» - «Пахтакор»

3-тур. 14 апрель

22:15. «Ад-Дуҳайл» - «Пахтакор»

01:15. «Ат-Таавун» - «Сепахон»

4-тур. 18 апрель

22:15. «Пахтакор» - «Ад-Дуҳайл»

01:15. «Сепахон» - «Ат-Таавун»

5-тур. 22 апрель

22:15. «Сепахон» - «Пахтакор»

01:15. «Ат-Таавун» - «Ад-Дуҳайл»

6-тур. 26 апрель

22:15. «Ад-Дуҳайл» - «Сепахон»

01:15. «Пахтакор» - «Ат-Таавун»

«Насаф»нинг рақиблари кимлар?

ОЧЛ плей-офф ўтиш баҳсида «Банияс»ни мағлуб этган ҳолда «E» гуруҳидан жой олган Қарши клуби ўйинларини Даммамдаги «Prince Mohamed Bin Fahd stadium» ўйингоҳида ўтказади. «Насаф» ўз квартетида Қатарнинг «Ас-Садд», Саудия Арабистонининг «Ал-Файсали» ҳамда Иорданиянинг «Ал-Виҳдат» клублари билан гуруҳдан чиқиш учун курашади.

Шубҳасиз, гуруҳ фаворити сифатида «Ас-Садд» эътироф этилмоқда. Хави бу клубни тарк этган бўлишига қарамай, доҳаликлар Қатарда пешқадамликни ҳеч кимга бермай келмоқда. Испаниялик Санти Касорла, жазоирлик Боғдод Бунеджаҳ, ганалик Андре Айю, қатарлик Ҳассан Ал-Ҳайдос етакчилигидаги «Ас-Садд» 24 млн евро трансфер нархи билан «E» гуруҳининг энг қимматбаҳо таркибга эга жамоаси бўлиб турибди. Хавининг ўринбосари сифатида таклиф этилган испаниялик мутахассис Хавьер Гарсия бошчилигидаги жамоа Рўзиқул Бердиев шогирдларининг илк турдаги рақиби бўлади.

Насаф ФК

Таркибнинг трансфер қиймати борасида «Ал-Файсали» 15 миллион евро баҳоси билан гуруҳда 2-ўринда бўлса, «Насаф» футболчиларининг жами 7,85 миллион евро трансфер баҳоси билан 3-поғонада, «Ал-Виҳдат» эса бу борада 4-ўринда қайд этилган – 4,61 млн евро.

«Насаф» жой олган «E» гуруҳидаги ўйинлар тақвими:

1-тур. 8 апрель

22:15. «Ас-Садд» - «Насаф»

01:15. «Ал-Виҳдат» - «Ал-Файсали» (Тошкент вақти билан 9 апрелга ўтган бўлади)

2-тур. 11 апрель

22:15. «Насаф» - «Ал-Виҳдат»

01:15. «Ал-Файсали» - «Ас-Садд»

3-тур. 15 апрель

22:15. «Ас-Садд» - «Ал-Виҳдат»

01:15. «Насаф» - «Ал-Файсали»

4-тур. 19 апрель

22:15. «Ал-Виҳдат» - «Ас-Садд»

01:15. «Ал-Файсали» - «Насаф»

5-тур. 23 апрель

22:15. «Насаф» - «Ас-Садд»

01:15. «Ал-Файсали» - «Ал-Виҳдат»

6-тур. 27 апрель

22:15. «Ал-Виҳдат» - «Насаф»

01:15. «Ас-Садд» - «Ал-Файсали».

«Пахтакор» - ОЧЛ рекордчиси

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпион жамоаси Осиё Чемпионлар Лигаси-2022нинг илк турида турнирдаги 109-ўйинини ўтказади.

«Пахтакор» ҳозирга қадар Осиё Чемпионлар лигасида 108 беллашув ўтказиб, 48 ғалаба, 23 дуранг ва 37 мағлубият қайд этган. Рақиб дарвозасига 149 тўп киритиб, дарвозасидан 137 гол қўйиб юборган ва 167 очко тўплаган. Илк ўйин бундан деярли 20 йил аввал Тошкентда Иорданиянинг «Ал Виҳдат» жамоасига қарши ўтказилиб, унда жамоамиз 3:0 ҳисобида зафар қучган. Шунингдек, чемпионлар мусобақаси саналган Осиё Чемпионлари кубогида икки ўйин ўтказилган.

Осиё клублар мусобақаларида эса жамоамиз жами 124 беллашувда майдонга тушиб, 55 ғалаба, 25 дуранг ҳамда 44 мағлубиятга эга. Рақиблар дарвозаси 192 марта ишғол қилиниб, 171 гол ўтказилган.

Фото: Пахтакор ФК

Чемпионлар Лигасида умумий иштирок борасида «Пахтакор» Саудия Арабистонининг «Ал Ҳилол» клуби билан биргаликда рекордчи саналади. Иккала жамоа 16 мартадан турнирда иштирок этган. Гуруҳ ўйинлари ва плей-офф босқичи натижаларини ҳисоблаганда «Пахтакор» ОЧЛнинг умумий жадвалида 6-поғонани эгаллаб турибди. Осиёдаги янги юришини бошлаш арафасида турган «Пахтакор» ва «Насаф»га омад тилаб қоламиз.

Дарвоқе, клубларимиз иштирокидаги ўйинлар ОЧЛ ва ОФК кубоги баҳслари ТВ-трансляцияси ҳуқуқини қўлга киритган «UzReport TV» ва «Futbol TV» каналлари орқали жонли эфирда намойиш этилиши режалаштирилган. 

Top