Урушнинг 44-куни: Донбассдаги шаҳарлар зарба остида, Суми области тўлиқ Украина назоратида
Украина қуролли кучлари Суми области устидан тўлиқ назорат ўрнатди, Донбассда бир неча шаҳарларга зарба берилди, Донецк областининг Украина назоратидаги қисмида жойлашган Краматорск шаҳрида эвакуация бошланишини кутиб турган минглаб кишилар тўпланган вокзалга ракета ташланди ва ўнлаб кишилар қурбон бўлди.
Украина Суми областини тўлиқ назорат қилмоқда
Украина қуролли кучлари Суми областини Россия билан чегарагача тўлиқ ўз назоратига қайтарди. Бу ҳақда ушбу ҳудуд маъмурияти раҳбари Дмитрий Живицкий маълум қилди. «Ҳудудлар босқинчилардан озод этилди», деган у ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида.
Живицкий аҳолини ҳозирча шаҳарга қайтмай туришга чақирган, ҳудудлар миналардан тозаланмоқда: «Ҳудуд хавфсиз эмас. Миналанган ва ҳозирга қадар тозаланмаган кўплаб участкалар бор».
Россия билан чегарага яқин жойлашган шаҳар босқиннинг илк кунларида кучли бомбардимон қилинган ва шаҳар учун қақшатқич жанглар олиб борилганди.
Буюк Британия мудофаа вазирлиги Россия ҳарбий қисмлари Украина шимолидан тўлиқ олиб кетилганини тасдиқлаган, бу қисмлар Украина шарқига жўнатилиши тахмин қилинмоқда, аммо бунинг учун камида бир ҳафта вақт кетади. Британия мудофаа вазирлиги Украина шимолидан олиб чиқилган қисмларнинг аксари жиддий тўлдирилишга муҳтож эканини қайд этган.
Британия ҳарбий разведкаси маълумотига кўра, Россиянинг Харьков областидаги қўшинлари Изюм шаҳридан жануб томон ҳаракатланмоқда.
Донбассдаги шаҳарлар ўққа тутилиши
Россияликлар кенг кўламли ҳужумга ўтиши кутилаётган Донбассдаги шаҳарлар зарбага учраши давом этмоқда.
Славянск шаҳри аҳолиси ертўлалар ва бомбапанагоҳларга тушишга мажбур бўлмоқда, шаҳарда доимий равишда ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сигналлар янграмоқда. Шунингдек, шаҳарга артиллериядан зарбалар йўлланмоқда.
Украиналик ҳарбийлар назоратида қолган Донбасснинг энг шарқий шаҳри Северодонецк ҳам ракета зарбаларига дучор бўлмоқда.
Пайшанба куни Россия ҳарбийларининг темирйўлга авиазарбалари туфайли тўхтаб қолган эвакуация жараёни йўл таъмирланганидан кейин тикланган.
Донецк областидаги Краматорск шаҳри вокзалига ракета зарбалари берилди.
Сўнгги маълумотларга кўра, бу ҳужум қурбонлари сони 50 нафарга етган, вокзал ҳудудида 38 киши ҳалок бўлган, шифохонада 12 киши жон берган. Қурбонларнинг беш нафари болалар. 98 киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонада қолмоқда.
Украина ҳукумати маълум қилишича, вокзалда эвакуация учун минглаб кишилар тўпланган вақтда икки ракета келиб тушган.
Президент Володимир Зеленскийнинг маълум қилишича, вокзалга «Точка-У» ракетаси билан зарба берилган, ракетада «За детей» ёзуви акс этган.
Ўтган тунда, «Украинская правда» нашрининг ёзишича, Харьковга зарбалар берилган, бунинг оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, 14 киши яраланган. Луганск областидаги Лисичанск шаҳрига берилган зарбалар оқибатида ҳам бир киши қурбон бўлган.
ЕИ амалдорлари Киевга келди
Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ЕИ дипломатик корпуси раҳбари Жозеп Боррел ва Словакия бош вазири Эдуар Гегер билан биргаликда Украинага келди.
Улар дастлаб Бучада бўлишди, Украина бош вазири Дмитрий Шмигал уларга шаҳарда россияликлар оккупацияси вақтида пайдо бўлган биродарлик қабристонини кўрсатган. Европа етакчилари қурбонларни хотирлашган.
Шундан сўнг улар Володимир Зеленский қабулида бўлишди.
Еврокомиссия раҳбари бу учрашувда Венгрия агар Россия энергия ресурслари учун рублда тўлов қиладиган бўлса, ЕИ санкцияларига хилоф иш тутган ҳисобланишини айтди.
Аввалроқ фон дер Ляйен бўлажак сафари ҳақида эълон қилиб, «Украина халқи бизнинг бирдамлигимизга муносиб» деган эди.
«Мен Украина халқини қўллаб-қувватлашдан оғишмаслигимиз ва уларнинг умумий қадриятларимиз учун жасорат билан курашаётгани ҳақида кучли сигнал йўллашни хоҳлайман», дея қайд этганди фон дер Ляйен.
Ўтган ҳафтада Украинага Европарламент спикери Роберт Метсол ташриф буюрганди - бу уруш бошланганидан буён Украинага ЕИ таркибидаги ташкилот раҳбарининг илк ташрифи бўлганди.
Шунингдек, 15 март куни, россиялик ҳарбийлар пойтахт атрофидан кетишидан анча олдинроқ Чехия, Польша ва Словения раҳбарлари Киевга келишганди.
Уруш яқин кунларда тугамайди
Франция президенти Эммануэль Макрон яқин ҳафталар ичида Россия ҳарбийлари Донбассда фаоллашишини кутмоқда.
«Бу уруш, афсуски, яқин кунларда тугамайди», деган Макрон RTL радиосига берган интервьюсида ва Россия президенти Владимир Путин томонидан қандайдир дипломатик ён бериш кутилмаётганини қўшимча қилган.
Макрон, Ғарбдаги бошқа етакчилар каби, Россия қўшинларининг Киев атрофидан олиб кетилиши асосий эътиборни мамлакатнинг шарқи ва жанубидаги ҳудудларга қаратиш ва Донбассдаги тан олинмаган республикалар ва Қрим ўртасида қуруқликда йўлак очиш мақсади билан боғлиқ эканини тахмин қилганди.
«9 май - Россиянинг миллий байрами, муҳим ҳарбий воқеа ва Путиннинг режасига кўра 9 май ғалаба куни бўлиши керак. Улар ўз кучларини Донбассга тўпламоқда ва яқин кунлар ва ҳафталарда бизни жуда оғир саҳналар кутади», деган Макрон.
Макрон 24 февраль куни Россия Украинага бостириб кирганидан кейин бир неча марта Путин билан телефон орқали мулоқот қилди, хусусан - ўққа тутилаётган шаҳарлар аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш масаласида, аммо бу мулоқотларда айтарли муваффақиятларга эришилмади.
Аммо у ўзининг Путин билан мулоқотлари самарасиз экани ҳақидаги танқидларга жавоб бериб, бундай мулоқот ҳарбий ҳаракатлар якунланганидан кейинги геосиёсий барқарорликни таъминлаш учун зарурлигини айтган.
«Агар биз эртанги кунга тайёрланмасак, Европада тинчлик бўлмайди», деган у.
Британия Украинага қўшимча қуроллар юбормоқда
Британия бош вазири Борис Жонсон Краматорскдаги вокзалга йўлланган «шармандали» ракета зарбасидан кейин Украинага қўшимча қурол етказиб беришга қарор қилганини маълум қилди.
Хусусан, гап ҳаво ҳужумига ва танкка қарши тизимлар ҳақида кетмоқда.
Бундан бироз аввалроқ Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Украинага Mastiff типидаги зирҳли машиналар етказиб берилишини айтганди.
«Биз Украинани қўллаб-қувватлаш учун Mastiff русумли зирҳли машиналарни етказиб берамиз. Муҳими, биз Украинага ёрдам бериш учун қўлимиздан келганини қилишда давом этишимиз зарур. Улар қандайдир қурол сўраса, агар у бизда бўлса ёки бошқа йўл билан таъминлай олсак, буни қилишимиз керак», деган Уоллес Sky News учун интервьюсида.
Бу вақтда Украинага Австралиядан Bushmaster русумли зирҳли техникаларнинг илк партияси етиб келган. Уларда Украина байроғи ранглари акс этган.
БМТ тинч аҳоли орасидаги қурбонлар бўйича ҳисоботини янгилади
БМТнинг сўнгги маълумотларига кўра, Украинага босқин бошланганидан буён бу ерда тинч аҳоли вакиллари орасида 1611 киши ҳалок бўлган, шундан 131 нафари болалар. Яраланганлар сони 2227 кишини ташкил этади.
Қурбонларнинг - 409 нафари эркаклар, 240 нафари аёллар, 25 нафари қизлар ва 43 нафари болалар экани аниқ, шунингдек 63 бола ва 831 нафар катта ёшли кишиларнинг жинси аниқланмаган.
Ҳисоботда аниқлик киритилишича, Донецк ва Луганск областларининг Украина назоратидаги қисмида 425 киши ҳалок бўлган. ДХР ва ЛХР назоратидаги ҳудудларда 67 киши қурбон бўлган. БМТ ҳисоботида Украинанинг бошқа ҳудудларида ҳалок бўлганлар сони 1119 киши экани келтирилган.
Хабарда айтилишича, тинч аҳоли орасидаги ўлим ҳолатларининг аксари артиллерия зарбалари, баравар ўт очиш тизимларидан берилган зарбалар, ракета ва авиация зарбалари оқибатида содир бўлган.
БМТ қурбонларнинг ҳақиқий сони бундан анча кўп бўлиши мумкинлиги, ҳисоботга фақат тасдиқланган ҳолатлар киритилишича, жанглар давом этаётган ҳудудлардаги маълумотларни оператив текширишнинг имкони йўқлигини қайд этган.
Мавзуга оид
21:23 / 31.10.2024
Фронтдаги вазият: Россия ва Украина Курахово учун кузнинг ҳал қилувчи жангини бошлади
18:22 / 20.09.2024
Россия Сумидаги кексалар пансионатига зарба йўллади — фотосуратлар
17:00 / 17.09.2024
Фронтдаги вазият: Украинанинг Донецк яқинидаги гуруҳига қуршов таҳдид солмоқда
15:25 / 13.09.2024