Ўзбекистон | 09:03 / 09.04.2022
13858
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Сув академияси ташкил этилади

Фото: Kun.uz

Президентнинг “Сув таъминоти соҳасида малакали ходимларни тайёрлаш тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатда қуйидагилар қайд этилган:

  • республикадаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳамда демографик ўсиш динамикаларидан келиб чиқиб, сув манбаларини тежаш ва улардан самарали фойдаланиш мезонларини асосий деб қабул қилган ҳолда, сув балансини шакллантиришда инновацион ва замонавий илмий-техник ёндашувлардан фойдаланиш кўлами етарли эмас;
  • ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимлари соҳасидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини замонавий жаҳон стандартлари асосида доимий равишда ошириб бориш бўйича яхлит илмий-техник базавий платформанинг ташкил этилмагани туфайли соҳа ходимларининг 84 фоизи олий маълумотга эга эмас;
  • ичимлик ва оқова сув объектлари ҳамда тизимларини қуриш, модернизация, реконструкция қилиш бўйича, шу жумладан, халқаро молиявий институтлар, донор ташкилотлар ҳамда хорижий компаниялар иштирокида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар доирасида соҳа мутахассислари салоҳиятини ошириш бўйича “юмшоқ” компонентлар мавжуд;
  • “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан Жанубий Кореянинг “K-Water”, Франциянинг “Suez” ва “Veolia”, Исроилнинг “Maya” каби компаниялари билан амалдаги ҳамкорлик ва англашув меморандумлари доирасида соҳани институционал ривожлантириш ва кадрлар салоҳиятини ошириш чоралари амалга оширилмоқда.

Ичимлик ва оқова сув хизматлари соҳасига инновацион технологик ечимлар, илмий асосланган замонавий ёндашувларни жорий этиш, малакали кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган ягона марказ – Сув таъминоти соҳасида мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш академияси (Сув академияси) ташкил этилади.

Қуйидагилар Сув академиясининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

  • сув таъминоти соҳасини ривожлантиришга зарур бўлган бошқарув, ишлаб чиқариш ва эксплуатация қилиш бўйича кадрлар, шу жумладан, ўрта ва ўрта-махсус профессионал таълим, олий таълим ҳамда олий таълимдан кейинги таълимда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
  • халқаро эътироф этилган хорижий олий ўқув юртларининг етакчи профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда, ичимлик ва оқова сув соҳасида амалиёт билан узвий боғлиқликда изланишлар олиб бориш, илмий, илмий-педагогик ва илмий-техник кадрларни тайёрлаш бўйича ҳамкорликда дастурларни (joint programs) амалга ошириш, хорижий стажировка ва малака ошириш курсларини ташкил этиш;
  • ичимлик ва оқова сув соҳасида олиб борилаётган янги қурилиш, модернизация, реконструкция тадбирларида рақамлаштириш бўйича илғор технологик ечимлар, жумладан SCADA ва геоахборот тизимларидан кенг фойдаланиш, ҳисоб-китоблар, биллинг тизимида “сунъий интеллект” ва “буюмлар интернети”ни жорий қилиш, оқова сув тизимларига илғор технологияларни татбиқ этиш (мембрана ёрдамида тозалаш, сувни ионизация қилиш каби технологиялар, тозаланган сувни қайта ишлатиш), ичимлик сув сифатини назорат қилиш бўйича илғор технологиялар ва лаборатор изланишларни олиб бориш;
  • иншоот ва тармоқлар эксплуатацияси, сув ресурсларини интеграцион тарзда, сувни “ақлли” бошқариш ва ҳисобини юритиш, истеъмолчиларни ичимлик сув билан таъминлаш, ичимлик суви технологик ва тижорат йўқотишлари олдини олиш, ичимлик суви сифати ва хавфсизлиги таҳлили ва мониторинги, атроф-муҳитга зарарни камайтириш, муқобил сув манбаларини аниқлаш, маиший ва саноат оқова ҳамда ёмғир сувларни тозалаш ва қайта ишлаш, носозликларни бартараф этиш, меҳнат ва техника хавфсизлиги, насос ускуналарни таъмирлаш, метрология ва гидравлика, қайта тикланувчи ва энергосамарадор манбаларни жорий этиш, соҳани молиявий бошқариш, тарифларни шакллантириш, абонентлар ва жамоатчилик билан ишлаш бўйича доимий равишда қисқа ва ўрта муддатли ўқув курслари ва амалий ўқишларни, шу жумладан, тўлов-контракт асосида ташкил этиш;
  • соҳа ходимларининг илғор инновацион технологияларни яратиш бўйича ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг новаторлик ғояларини ишлаб чиқаришга жорий этишга кўмаклашиш учун Сув академияси ичида “Стартап-акселератор” ташкил этиш ҳамда ушбу акселераторни Марказий Осиё миқёсида кенг тарғиб қилиш;
  • соҳада қўлланиладиган техник талаблар, шартлар, стандартлар ва фаолият натижалари кўрсаткичларини соҳани ривожлантириш мақсадларидан келиб чиққан ҳолда янгилаб бориш бўйича асосланган тавсиялар тайёрлаш, бу борада норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришда бевосита иштирок этиш;
  • соҳада амалга оширилаётган инвестицион сиёсатга янги бошқариш ва молиялаштириш механизмларини жорий этиш юзасидан халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

Сув академияси Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Боғишамол кўчаси, 151-уй манзилда жойлаштирилади. Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги йиғимлар ва бошқа тўловлар ундирмасдан ушбу манзилда жойлашган “Мусаффо оби ҳаёт” масъулияти чекланган жамиятининг 1,4 га ер майдони ҳамда кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини (давлат улушини) Сув академияси тасарруфига ўтказади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид