Кўпчилик бор-йўғи 105 кун давом этган Совет-фин уруши ҳақида батафсил маълумотларга эга эмас. СССР даврида, у парчаланиб кетгач Россия тарих китобларида ҳам асосий урғу фашизм устидан қозонилган ғалабага қаратилади. Совет-фин урушида мақтанадиган нарсанинг ўзи йўқлиги учун бу ҳақида узуқ-юлуқ маълумотлар бериш билан чекланишади.

Совет-фин урушининг энг аҳамиятли томони шундаки, СССРнинг жуда катта армияси финларнинг сон жиҳатдан бир неча баробар кам бўлган қўшини устидан батамом ғалаба қозона олмайди. Айрим тарихчилар совет армиясининг Фин урушида муваффақиятсизликка учраганини ва ғалаба қозона олмаганини кўриб, Ҳитлер СССРга ҳужум қилишга қарор қилган, деган фаразни илгари суришади. Нима бўлганда ҳам, бу урушда фин халқи босқинчиларга мардонавор қаршилик кўрсатади ва айрим чегарадош ҳудудларини СССРга бериб бўлса-да, ўз мустақиллигини сақлаб қолади.

Бугун собиқ иттифоқ ҳудудида яшаётган кўпчилик Иккинчи жаҳон уруши 1941 йил 22 июнда бошланган деб билади. Аслида у 1939 йил 1 сентябр куни бошланган. Ўшанда СССР ва Германия армияси Полшага бостириб кирган эди. Ундан кейин иккита иттифоқдош давлат Чехословакия ва Руминияни биргаликда босиб олиб ўзаро тақсимлашади. Сўнг СССР Финландияга ҳужум қилади.

Молотов-Риббентроп пакти ва Шарқий Европанинг босиб олиниши

1939 йил 23 августда Москва шаҳрида нацистлар Германияси ва совет иттифоқи ўртасида ўзаро ҳужум қилмаслик бўйича шартнома имзоланади. Бу шартнома ҳар икки давлат ташқи ишлар вазирлари Вячеслав Молотов ва Иоахим фон Риббентроп томонидан имзолангани учун у «Молотов-Риббентроп пакти» деб номланади.

Молотов ва Риббентропнинг ана шу учрашувида фашистлар Германияси ва СССР томонидан Шарқий Европа давлатларини биргаликда босиб олиб, ўзаро тақсимлаш масалалари ҳам яширинча келишиб олинади. Келишувга кўра, СССР Болтиқ денгизи бўйида жойлашган Латвия, Литва, Эстонияни тўлиқ, Финландия, Полша, Чехословакия ва Руминиянинг бир қисмини олиши, қолган ҳудудларга Германия эгалик қилиши керак эди.