Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ Финландияга нисбатан ортиқча дефицит сабабли жарима тартибини бошламоқчи
Финландия давлат бюджети дефицити Европа Иттифоқида рухсат этилган ЯИМга нисбатан 3 фоизлик даражадан ошди. Еврокомиссия Ҳелсинкига жарима қўллаш тартибини бошлаш билан таҳдид қилди. Финландия расмийлари эса буни, аввало, Россия таҳдиди туфайли мудофаа харажатларининг ўсиши билан изоҳламоқда.
Фото: Dudlajzov/Depositphotos/IMAGO
Европа комиссияси (ЕК) Финландияга нисбатан бу мамлакат бюджети дефицити ҳаддан ташқари юқори бўлгани учун жарима чораларини қўллаш тартибини бошлашни тавсия этди. Бу ҳақда сешанба, 25 ноябр куни эълон қилинган ЕК баёнотида айтилади. ЕИ қоидаларига кўра, бюджет танқислигининг энг юқори йўл қўйиладиган даражаси ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг 3 фоизини ташкил этади. Финландияда эса бу кўрсаткич 2025 йил учун 4,5 фоиз, 2026 йилда 4 фоиз, 2027 йилда эса 3,9 фоиз даражасида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Агар бюджет дефицити ўсиши мудофаа харажатлари билан боғлиқ бўлса, ЕК истисно тарзида муносабат билдириш ҳуқуқига эга. Бироқ Брюсселда таъкидлашларича, Финландия ҳолатида қарзларни фақат мудофаа харажатлари билангина изоҳлаб бўлмайди.
Финландияга нисбатан жарима тартибини бошлаш тўғрисидаги қарор 20 январ куни бўлиб ўтадиган йиғилишда ЕИ молия вазирлари томонидан маъқулланиши керак. Назарий жиҳатдан кўп миллиард еврога тенг жарима қўлланиши мумкин, аммо амалиётда бундай чора ҳалигача бирор марта қўлланмаган, дея ёзади dpa агентлиги.
«ЕИнинг дефицитни қисқартириш бўйича тартиби кутилган эди. Ҳатто 10 миллиардлик бюджет тузатиши ҳам асосан Россиянинг агрессив уруши туфайли бизнинг иқтисодиётимизга етган зарарни қопламайди. Ҳукумат ҳаракатлари тўғри бўлган, ишимиз давом этиши керак», — деб ёзди Х ижтимоий тармоғида Финландия бош вазири Петтери Орпо.
«ЕКнинг баҳоси кутилмаган ҳолат эмас, чунки Финландия давлат молия тизимининг аҳволи ёмонлашишда давом этмоқда. Декабр ойида ЕИ биздан вазиятни қай даражада тез тузатишни кутaётганини билиб оламиз. Тузатувчи чоралар ўзимизга боғлиқ бўлади», — деди Финландия бош вазири ўринбосари, молия вазири Риикка Пурра. Унинг сўзлари ҳукумат сайтида чоп этилган.
Баёнотга кўра, Финландия эндиликда 20 январ куни ЕИ қандай тавсиялар беришига қараб ҳаракат қилади, уларни инобатга олишга тайёр ва уч ой ичида кўрилган чоралар юзасидан ҳисобот тақдим этиши лозим. Ҳелсинки, шунингдек, худди шу тартиб аввал Белгия, Италия, Австрия, Малта, Полша, Франция, Руминия, Словакия ва Венгрия каби мамлакатларга нисбатан ҳам қўлланганини эслатиб ўтди.
Мавзуга оид
10:00 / 04.12.2025
Фон дер Ляйен: Украина эҳтиёжларининг учдан икки қисмини ЕИ қопламоқчи
09:26 / 04.12.2025
ГФР канцлери ЕИни Украина манфаати учун РФ активларини ишга солишга чақирди
13:20 / 03.12.2025
ЕИ 2027 йилгача Россия газидан тўлиқ воз кечиш режасини келишиб олди
10:42 / 03.12.2025