“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида геология-қидирув ишларини кенгайтириш ҳамда углеводород қазиб чиқариш жараёнларига оид сайёр йиғилиш ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 25 декабрь куни “Uzbekistan GTL” заводига ташрифи давомида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида “Шўртан” кони штабида сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “ЎзЛИТИнефтгаз” АЖ, Давлат геология қўмитаси, “Ўзбекгеофизика” АЖ ва ИГИРНИГМ давлат муассасаси каби корхоналарнинг мутахассислари, шунингдек, қудуқларни бурғилаш ҳамда қазиб чиқариш бошқармаларининг мутахассислари, муҳандислар, геолог ва геофизиклар иштирок этишди.
Дастлаб “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2022 йилнинг I чорагида бажарилган нефт ва газ геология-қидирув ишлари, захираларни кўпайтириш, янги майдонларни бурғилашга киритиш ҳамда уларнинг келгуси истиқболли йўналишлари, эришилган натижалар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларига доир таклифлар батафсил муҳокама қилинди.
2022 йилнинг ўтган даврида “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўйича 445 кв.км 3D сейсмик-қидирув ишлари бажарилди, “Чўллиота” майдони бурғилашга киритилди ва жами 31,0 минг метр бурғилаш ишлари олиб борилди.
Бунинг натижасида “Ниёз” – янги газконденсат кони очилиши билан биргаликда 2,0 млрд.м3 табиий газ ва 100 минг тоннадан ортиқ суюқ углеводород захиралари кўпайтирилди.
Тадбирда 2022 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Давлат геология қўмитаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган нефт ва газ геология-қидирув ишлари кўриб чиқилди.
Қўмита ва унинг таркибидаги ташкилотлар билан бирга республикада нефт ва газ геология-қидирув ишларини ривожлантиришнинг асосий йўналиши сифатида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудуди белгилаб олинганлиги, Устюрт минтақасида нефт ва газ геология-қидирув ишлари бўйича янги тадбирларни лойиҳалаштириш, уларни мақсадли амалга ошириш, табиий газнинг янги конларини очиш ҳамда қўшимча захираларини аниқлаш энг устувор вазифа эканлиги қайд этилди.
Ушбу мақсадларда ҳозирда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Устюртдаги бошқармаларида жорий йил бошидан буён 60 дан ортиқ қўшимча иш ўринлари яратилганлиги ва уларга Қўнғирот ва Мўйноқ туманларининг ёшлари бурғиловчи, техник, механик, муҳандис ёрдамчиси сифатида ишга қабул қилинаётганлиги қайд этилди.
Соҳа мутахассисларига Устюрт ҳудудида нефт ва газ геология-қидирув ишларини янада жадаллаштириш учун қўшимча – техник қувватлари юқори бурғилаш ускуналарини жалб қилиш ва региондаги 4500 метрдан ортиқ чуқурликдаги катта истиқболларни ўрганиш ҳамда углеводород хомашёси захираларини кескин кўпайтириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, Устюртда қўшимча ҳудудларни ўрганиш ва янги майдонларни топиш, натижада республика бўйича нефт ва газга истиқболли структуралар дефицитини бартараф этиш бўйича тадбирлар ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-154 сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Геология фанлари университетида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳомийлик маблағлари ҳисобидан нефт ва газ йўналишида янги лаборатория ташкил қилиш ва уни 1,0 млн долларлик 13 турдаги ускуна ва лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга университет ва унинг таркибидаги институтлар билан биргаликда 2022-2023 йилларда 19 та илмий лойиҳалар бўйича ишларни ташкил қилиш, уларда университет ўқитувчилари ва талабаларнинг иштироки, кутилаётган натижалар ва уларнинг самарадорлиги каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, масъулларга зарур кўрсатмалар берилди.
Қарордаги топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, Давлат геология қўмитаси ва унинг таркибидаги ташкилотлар ходимларидан иборат қўшма “Ишчи гуруҳ” ташкил қилиниб, масъулларнинг вазифалари аниқ белгилаб берилди.
Тадбир давомида Бошқарув раиси бурғилаш ишлари ҳамда углеводород қазиб чиқариш жараёнларида йўл қўйилган камчиликларни ҳам танқидий муҳокама қилиб, тегишли раҳбар ва мутахассисларга уларни бартараф этиш, материал-техник ресурслар таъминотини тезкор ҳал қилиш ҳамда қисқа муддатларда тадбирлар самарадорлигини кескин ошириш бўйича ҳам зарур кўрсатмалар берди.
Бундан ташқари, келгуси беш йилликда “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўйича 10 200 кв.км.3D сейсмик ишларни бажариш, 100 дан ортиқ янги майдонларни ўзлаштириш, 950 минг метрдан ортиқ бурғилаш ишларини бажариш, 310 дан ортиқ қудуқларни қурилиш билан тугатиш ва натижада 180 млрд м3 атрофида табиий газ ҳамда 6,5 млн тоннадан ортиқ суюқ углеводород захираларини ўстириш мақсад қилинганлигини, уларни тўлиқ бажариш энг асосий вазифа эканлигини таъкидлаб ўтди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Устюрт, Қашқадарё ва Бухоро минтақаларидаги янги нефт ва газга истиқболли майдонларни ўзлаштириш, углеводородларнинг янги захираларини аниқлаш ҳамда уларни қазиб чиқаришни самарали ташкил этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда давом этмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ
Мавзуга оид
18:04 / 14.09.2024
Йирик энергетика корхоналарининг солиқ тўловлари кескин қисқаришда давом этмоқда
21:27 / 05.09.2024
GTL заводининг давлатга солиқ тушуми 2 баробарга камайгани маълум бўлди
20:27 / 29.08.2024
Йирик энергетика корхоналари солиқ тўлашни кескин камайтирди
13:59 / 29.08.2024