Ортиқхўжаев Тошкент йўлларидаги барча чуқурларни 10 кун ичида бартараф этишга топшириқ берди
Тошкентда барча воситаларни жалб этган ҳолда, шаҳарнинг асосий йўлларидаги чуқурларни 10 кун ичида тўлиқ бартараф этиш вазифаси белгиланди. “Бирорта ҳам чуқур қолмаслиги керак”, деди ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва йўлтаъмир ишларини аҳолига ноқулайлик туғдирмаган ҳолда олиб боришга кўрсатма берди.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев шаҳардаги асосий кўчаларда юзага келган барча чуқурларни 10 кун ичида бартараф этиш бўйича топшириқ берди. Мазкур топшириқ берилган йиғилиш видеосини ҳокимлик матбуот хизмати эълон қилди.
“Охирги 50-60 йилда Тошкент шаҳар бундай ёғингарчиликни кўрмаган эди. Ёғингарчиликдан кейин асфалтларимиз қиёфасини яққол кўрсатди, катта чуқурлар пайдо бўлди. [Бу] фуқароларимизнинг эътирозига сабаб бўляпти, ўзингизлар ҳам кўриб турибсизлар”, – деди шаҳар раҳбари.
Ортиқхўжаев ҳокимлик ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Умаровга 10 кун ичидаги Тошкент кўчаларидаги барча чуқурларни бартараф этишни топширди.
“Анвар ака, 10 кун муҳлатда туман ҳокимлари, барча керакли бошқармалар билан бирлашиб, Тошкент шаҳридаги мавжуд бўлган барча хусусий ва ўз бошқармангизга тегишли техникаларнинг ҳаммасини жалб қиласиз. 10 кун сизга муҳлат. Шаҳарда мавжуд бўлган асосий катта кўчаларни 10 кун ичида тўлиқ таъмирлашингиз керак.
Мен тушунаман, оғир, шаҳримиз катта, кичик эмас, лекин масъулиятни олишингиз керак. Керак бўлса, кечки пайт ишларни ташкиллаштирасиз”, – таъкидлади Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Ҳоким, шунингдек, ички ишлар ва прокуратура масъулларига ҳам юзланди.
“Мен ички ишларимизга илтимос қиламан, “ГАИ” ходимлари ҳам масъулиятни тушунган ҳолда таъмирланаётган жойларни қаттиқ назоратга олиб, одамлар учун ўтказувчанликни қулайлаштириб беришга масъул бўлишлари керак.
Жон-жаҳд билан курашиш керак. 10 кундан ўтиб кетиб қоладиган бўлса, кечирилмайди.
Ҳурматли прокуроримизга илтимос қиламиз, ҳаммасининг сифатини контрол қилиб, маблағларимиз бебилиска сарф бўлмаслигини текшириб берасизлар. Раҳмат.
Бирорта ҳам чуқур қолмаслиги керак! Сифатсиз қабул қилмаймиз”.
Тошкент шаҳри раҳбари зарурат бўлса Тошкент вилоятидан ҳам барча йўлсозлик техникаларини жалб қилиш кераклигини қўшимча қилди. Шунингдек, йўлтаъмирлаш ишлари одамларга ноқулайлик келтирмаслиги бўйича топшириқлар берди.
“Бугун қилиб, эртага, 10 кундан кейин у яна отвориб... Ишлатган пулимиз исроф бўлишига йўл қўйиш йўқ. Тушунтира олдим-а? Керак бўлса, илтимос қиламан, ишчиларингизга илтимос қилинг, кундуз куни дам олиб олсин, кечки пайт машина йўқ вақтида ишласин.
Кўп жойда иш қиламиз, одамлар ишга келиб-кетадиган тирбанд вақтда кўчаларни тўсиб қўйиб асфалт қилиш – бунақа вақтда тирбандликнинг олдини олиш учун тозалаб қўйинглар. Одамлар ишга кетаётганда, ишдан қайтаётганда шаҳар тоза бўлсин. Ундан кейин ишингларни давом эттиринглар”, – таъкидлади Тошкент шаҳар ҳокими.
Ортиқхўжаев шаҳар аҳлидан шаҳардаги катта кўчаларда пайдо бўлган чуқурлар ҳақида “Халқ назорати” портали орқали хабар беришни сўради.
“10 кунда шаҳар кўчаларида “яма” қолмаслиги керак. Маҳаллаларда ҳам бор, биламан, маҳаллаларни йил бўйи “Обод маҳалла” ва бошқа дастурлар доирасида қилаверасизлар. Лекин асосий кўчаларда чуқурлар қолмаслиги керак”, – деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Мавзуга оид
21:58 / 04.11.2024
Сариқ ва қизил рангларда товланаётган Тошкент — фотожамланма
17:42 / 04.11.2024
Хавфсизлик чегарасидан 80 баробар юқори: Лаҳор дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарларидан бири
08:10 / 04.11.2024
Тошкентда “Яшил шаҳар” куни ўтказилади
19:25 / 31.10.2024