Ўзбекистон | 15:30 / 14.04.2022
5746
9 дақиқада ўқилади

Бизнинг имкониятлар сизнинг муваффақиятингиз учун

Фото: Ўзчармсаноат

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, гуманитар алоқалар йилдан йилга ортиб бормоқда. Саноатнинг чарм-пойабзал ва мўйначилик тармоғида ҳам икки давлат учун етарлича имконият ва салоҳият мавжуд. Эндиги мақсад уларни ишга солишдир. Бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш юзасидан Президент Шавкат Мирзиёев 24 январь куни чарм-пойабзал саноатидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда муҳим топшириқларни соҳа мутасаддилари олдига қўйган эди. Халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, чет эл сармояларини мамлакатимизга жалб қилиш мақсадида давлат раҳбари томонидан жорий йилнинг 26 февралида қабул қилинган “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарор билан мамлакатимиз ҳудудларида махсус чармсаноат зоналари ташкил этилмоқда. Бу ўз навбатида халқаро компанияларни бу йўналишга янада кенг жалб қилишга катта имконият яратади. Юқоридаги топшириқлардан келиб чиқиб, “Ўзчармсаноат” уюшмаси делегацияси Ҳиндистонга ўз бизнес миссиясини амалга оширди.

Нега айнан Ҳиндистон?

Ҳиндистон Республикаси дунёнинг энг тез ривожланиб бораётган The BRICS nations (Brazil, Russia, India, China and South Africa) давлатларидан бири бўлиб, бугунги кунда ушбу давлатларнинг умумий ЯИМ ҳажми қарийб 20 триллион АҚШ долларидан ортиқни ташкил этади. Пандемия ва бошқа кўплаб оммавий тартибдаги муаммолар яқин 2 йил ичида мамлакат иқтисодиётига кескин таъсир кўрсатганига қарамасдан, бошқа кўплаб саноат тармоқлари қаторида чарм-пойабзал соҳаси Ҳиндистон иқтисодиётида муҳим ўринда эканлиги намоён бўлди.

Таъкидлаш жоизки, Ҳиндистон дунёнинг 20% мол ва буффало (қўтос) ҳамда 11% эчки ва қўй ҳайвонлари билан таъминланган. Бу эса соҳанинг тўхтовсиз ривожланишига ўз таъсирини кўрсатади. Шу билан бирга, чарм-пойабзал саноатининг барча турларида фаолият олиб бораётган корхоналар энг замонавий технологиялар, асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ҳамда илғор ва малакали ишчи кучи билан таъминланган. Жумладан, соҳадаги умумий ишчи кучи сони қарийб 4,5 млн кишига тенг ва бу миқдорнинг сезиларли қисмини, яъни 30%ини аёллар ташкил қилади.

Ҳиндистон йилига 279 млн м² тери маҳсулотини қайта ишлаб чиқаради. Мамлакат қарийб 4 млрд АҚШ долларига тенг чарм-пойабзал ва чармдан тайёрланган маҳсулотларни бутун дунёга экспорт қилади. Бу кўрсаткич бутунжаҳон тери ишлаб чиқариш саноатининг 13 %ига тенг.

Пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича эса Хитой Халқ Республикасидан кейин 2 ўринда бўлиб, Ҳиндистонда йилига қарийб 3 млрд жуфт маҳсулот ишлаб чиқарилади. Пойабзал экспорти умумий соҳа экспортининг 46%ини ташкил этади. Дунёнинг энг йирик чарм-атторлик маҳсулотларини экспорт қилувчи 5 мамлакатдан бири ҳам айнан Ҳиндистондир. Айни кўрсаткичларнинг ўзиёқ Ҳиндистон билан чарм-пойабзал соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш учун асос бўла олади.

“Ўзчармсаноат” уюшмаси делегацияси Ҳиндистонга амалга оширган бизнес-миссиясининг дастлабки манзили Уттар Прадеш провинциясининг Агра шаҳри. Қайд этиш керак, CLE – Тери экспорти кенгаши берган маълумотларга кўра ҳар куни Агра шаҳрининг ўзида 200 000 жуфт пойабзал ишлаб чиқарилади. Бугунги кунда, Аграда 5000 дона пойабзал дўконлари мавжуд. Аҳолининг қарийб 60 фоизи пойабзал савдосида, аксарият қисми, қўлда тайёрланган ёзги енгил оёқ кийимлар савдосида олди-сотди билан шуғулланади. Ҳиндистоннинг асосий пойабзал ишлаб чиқариш маркази ҳисобланадиган бу шаҳар, умумий ички талабнинг тахминан 65 фоизини ва мамлакатнинг умумий пойабзал экспортининг 28 фоиз улушини ташкил этади. Шаҳарнинг экспорт географияси асосан қуйидаги давлатлардан иборат: АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Россия, Канада, Голландия, Жанубий Африка, Испания ва бошқалар.

Ўзбекистон: Муваффақият учун янги манзил!

Уюшма делегацияси дастлаб Агра пойабзал ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар палатасида Ҳиндистонлик 10дан ортиқ пойабзал ва чарм-атторлик буюмларини ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, мамлакатимизга Ҳинд сармояларини фаол жалб этиш бўйича музокараларга киришди. Мазкур корхоналарнинг йиллик даромади 10-15 млн АҚШ долларини ташкил этади. Учрашувда “Аутсорсинг” асосида маҳсулот ишлаб чиқариш борасида ҳам фикр алмашилди. Шунингдек, “Ўзчармсаноат” уюшмасига аъзо корхоналар ва Ҳиндистон компаниялари ўртасида тажриба алмашиш, янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, технологик жараёнлар, энг асосийси янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказилди. Делегация аъзолари мазкур давлат тадбиркорларига мамлакатимизда хорижий сармоядорларга яратилган шароитлар, инвестиция сиёсати, ишлаб чиқариш салоҳияти, экспорт географияси юзасидан тақдимот ўтказди. Мулоқот чоғида Ҳинд корхоналари Ўзбекистоннинг чарм-пойабзал соҳасидаги салоҳиятини юқори баҳолаб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ўз ташаббусларини илгари суришди. Ҳинд компаниялари мамлакатимизнинг бу йўналишдаги имконият ва салоҳияти билан яқиндан танишар экан, Ўзбекистонни муваффақиятли бизнес учун қулай ва самарали манзил эканини қайд этишди.

Тажриба алмашиш ва ҳамкорлик учун дастлабки қадам!

“Ўзчармсаноат” уюшмаси делегацияси Агра шаҳрига амалга оширган бизнес миссияси давомида Ҳиндистондаги йирик чарм-пойабзал корхоналарига ҳам ташриф буюриб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва компаниялар капиталини Ўзбекистонга жалб этиш юзасидан музокараларга киришди. Дастлабки манзил “DAWAR” компанияси. Мазкур корхона Ҳиндистонда чарм-пойабзал ишлаб чиқарувчи кластер саналади. Терини қайта ишлашдан то тайёр маҳсулотгача бўлган жараёнларни қамраб олган компаниянинг йиллик экспорт ҳажми 400 млн АҚШ долларини ташкил этади. Делегация аъзолари компания раҳбарияти билан учрашувда корхона билан маҳсулотлар ишлаб чиқаришда ўзаро тажриба алмашиш, хорижий сармояларни жалб этиш ва янги корхоналарни барпо этиш бўйича музокара ўтказди. Компания раҳбарияти юртимизда айни йўналишдаги ишлар билан яқиндан танишиб, экспорт бозори кенглиги ва бу учун мамлакатимизда барча имкониятлар мавжуд эканини қайд этди. Ташриф чоғида пойабзаллар дизайнини яратишдан тортиб, тикув жараёнлари билан яқиндан танишилди. Корхона раҳбарияти компания филиалини Ўзбекистонда очиш бўйича музокараларга тайёрлигини маълум қилди.

Шундан сўнг, “Ўзчармсаноат” уюшмаси делегацияси Агра шаҳрида жойлашган “ROGER GROUP” компаниясига ташриф буюрди. Корхона асосан болалар ва аёллар пойабзалларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компания раҳбарияти билан мулоқотда икки давлат ўртасида айнан болалар ва аёллар пойабзалларини ишлаб чиқариш йўналишида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказилди. Корхона раҳбарияти мамлакатимизда  чармсаноатнинг айни йўналишида ҳали ишга солинмаган имкониятлари мавжудлигини, бу борада манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш ва ўз сармояларини Ўзбекистонга олиб кириш бўйича мулоқотларга тайёрлигини маълум қилди.

Ҳиндистоннинг “GC” компанияси билан мулоқотларда эса аёллар пойабзалларини ишлаб чиқариш ва бу борада Ўзбекистон бозори чуқур таҳлил қилингани маълум қилинди. Компания раҳбарияти мамлакатимизда ўз бизнесини очиш мақсадида эканини, шу боис жорий йилнинг 25-27 май кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган “Charmexpo-2022” 12-халқаро кўргазмасида иштирок этиб, ўзбекистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликнинг келгуси истиқболларини атрофлича муҳокама қилиб олишга келишиб олинди.

Марказий ва Жанубий Осиёда саноати йирик давлатлар ишончли ҳамкорлар!

Ўзбекистон сўнгги беш йилда дунёга ўзининг иқтисодий ва сармоявий имкониятларини намойиш қилиб келмоқда. Бу эса чарм-пойабзал саноатидаги йирик лидер давлат Ҳиндистон тадбиркорларини ҳам юртимизга фаол жалб этмоқда. Мақсад аниқ Марказий ва Жанубий Осиёда чарм- пойабзал саноати ривожланган икки давлатнинг бир мақсад ва ташаббуслар сари ҳамкорлигига кенг йўл очишдир. “Ўзчармсаноат” уюшмаси айни режани самарали ҳаётга жорий қилиш мақсадида ҳинд тадбиркорларига индивидуал ёндашиб,  инвест лойиҳалар ва манфаатли келишувларни таклиф қилмоқда. Яқин кунларда чарм-пойабзал тармоғида Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкорлари cаналган Италия, Туркия, Хитой, Россия каби йирик шериклари қаторидан Ҳиндистон ҳам жой олади.

“Ўзчармсаноат”  уюшмаси Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид