Бир муддат олдин Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида ёш аёл вояга етмаган икки нафар қизини шафқатсизларча калтаклагани акс этган видеолар тарқалганди. Ушбу ҳолатга Болалар омбудсманининг Ўзбекистондаги вакили Алия Юнусова ўз муносабатини билдирди.

Эълон қилинган видеони кўришим биланоқ, бу видеони республикамизда ташкил этилган Болаларни ҳимоя қилиш масалалари шуъбасининг Telegram каналига юбордим. Чунки ушбу орган шундай болаларни ҳимоя қилиш, ота-оналарини жавобгарликка тортиш, шу жумладан уларнинг келажакдаги тақдири билан боғлиқ барча масалалар билан бевосита шуғулланади.

Ҳозирда онага нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида маълумот берилди. Лекин шу билан бирга, ҳеч нарса ота-оналар томонидан болаларга нисбатан зўравонликни оқлай олмайди.

Афсуски, оилада болаларга нисбатан зўравонлик, ижтимоий норма ҳисобланиб қолмоқда. Кўпинча унинг оқибатлари муҳокама қилинмайди. Фарзандни тарбиялаш учун зўравонлик зарур, жисмоний куч жазо сифатида ишлатилиши мумкин, деб ҳисоблайдиган ота-оналар бор.

Ота-оналар турмуш шароитининг оғирлиги, қашшоқ ва камбағаллиги, спиртли ичимликларни истеъмол қилиши ва ўз фарзандларини ташлаб кетиши ҳамда миграцияси болаларнинг қаровсизлиги, таҳқирланиши ёки эксплуатацияси хавфини оширади.

Болалар зўравонлик ҳолатлари ҳақида гапирмайдилар ва шунинг учун камдан кам ҳолларда керакли ёрдамни олишади.

Ўзбекистон болалар ҳуқуқларини, шу жумладан, фавқулодда вазиятларда ҳимоя қилишга содиқлигини намойиш этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси томонидан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция 1992 йил 9 декабрда ратификация қилинди. Давлат ўз зиммасига мазкур халқаро ҳужжатда қайд этилган болаларнинг барча ҳуқуқларини, шу жумладан, жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликлардан, қийноққа солишлардан ёки шафқатсизлик, қўпол ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шакллардаги муомаладан ҳимоя қилиш мажбуриятини олди.