Юнусовага кўра Самарқандда содир бўлган воқеа жамоатчиликка маълум бўлган ҳолатлардан бири холос. У жамиятда бефарқлик кайфияти сабабли болаларга нисбатан қилинаётган зўравонлик ҳолатларига қўл силтаб келиниши, “менга нима” қабилида иш кўрадиганлар ҳам йўқ эмаслигини таъкидлаган.
“Самарқанд вилоятидаги шифохонада содир бўлган ҳолатни олсак, палатада она-боладан ташқари камида икки нафар шахс бор эди. Уларнинг шовқинини касалхона ходимлари ва шифокорлар эшитишмадими? Нега дарҳол болани она қўлидан тортиб олиб, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига мурожаат қилинмади?” дея таъкидлайди Бола ҳуқуқлари бўйича вакил.
Унинг қайд этишича, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 10-11-моддаларига мувофиқ давлат болани зўравонликнинг барча шаклларидан, шу жумладан, жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликдан, қийноқларга солишдан ёки шафқатсиз, қўпол ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шаклдаги муомаладан ҳимоя қилинишини амалга оширади. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси, ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор, суд томонидан амалга оширилади.
Алия Юнусова бола ота-она ва ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар томонидан қилинадиган суиистеъмолчиликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканини эслатган.
“Боланинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилганидан, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигидан хабардор бўлган шахслар бу ҳақда бола ҳақиқатда турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органига маълум қилишлари керак. Шундай маълумотлар олинган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органи боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўриши шарт.
Амалдаги қонунчиликда шунча нормалар бўлишига қарамай болалар барибир азият чекишяпти. Ота-оналарнинг зўравонликка йўл қўйиши, фарзандига нисбатан қўпол ва шафқатсиз муомала қилишлари – кечириб бўлмас хато. Ҳар бир киши қонунлар билан белгиланган масъулиятини ва мажбуриятини зиммасига олишга ва уни бажаришга мажбур.
Акс ҳолда давлат болаларини зўравонлик ва куч билан “тарбиялайдиган” ота-оналардан фарзандини олиб қўйиш механизмини ишлаб чиқишга мажбур бўлади. Болалар озор чекмаслиги учун Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ушбу таклифни илгари суради ва буни тўғри деб ҳисоблайди”, дейди у.















