Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Болалар омбудсмани Шаҳрисабзда юпун кийинган ўқувчи қизларни совуқда тадбирга жалб қилган шахсларга чора кўришни сўради
Омбудсман бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда барча давлат органлари бир хил масъул ҳисобланиши ва Шаҳрисабздаги ачинарли ҳолатнинг содир бўлишида ҳудуддаги ҳар бир мутасаддининг айби борлигини таъкидлаган.
Омбудсманнинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова ёш қизларни совуқда тадбирга жалб қилган шахсларга чора кўришни сўраб Қашқадарё вилояти ҳокимига мурожаат қилган. Бу ҳақда Омбудсман матбуот котиби Фотима Мадраҳимова Kun.uz’га хабар берди.
Алия Юнусова, болаларнинг мактабдан ташқари вақтларда тадбирга жалб этилиши, совуқ ҳавода юпун кийимларда чиқарилиши ачинарли экани ва ушбу ҳолатнинг содир бўлишида ҳудуддаги ҳар бир мутасаддининг айби борлигини таъкидлаган.
Шунингдек, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда барча давлат органлари бир хил масъул ҳисобланишини маълум қилган.
Шундан келиб чиқиб, Болалар омбудсмани Қашқадарё вилояти ҳокимига Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирдаги ҳолатларни тезкорлик билан қонуний ўрганиб, айбдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўрилишини ўз назоратига олишини сўраган.
Маълумот учун, 2022 йил 30 ноябр куни кечки пайт Ёшлар ишлари агентлигининг Шаҳрисабз шаҳар бўлими ва сектор раҳбарлари “Ёшлар дафтар”ида турганларга навбатдаги субсидия асосида меҳнат қуролларини ва тўловлар учун сертификатлар топшириш учун 1-мактаб ҳовлисида тадбир ташкил этишган. Гарчи тадбир мактабга ва таълимга алоқаси бўлмаса ҳам унга юпун кийинган ёш ўқувчи қизлар жалб қилинган.
Тадбирдан сўнг шаҳар ҳокимлигининг Telegram-каналига қўйилган фотосуратларда шаҳар ҳокими Акром Сулаймонов бошчилигидаги мутасаддилар тунда ўзлари иссиқ кийим кийиб олган ҳолда, уларнинг олдида турган камида 6 нафар қиз юпун кийингани акс этган. Кейинчалик суратлар каналдан ўчириб ташланган.
Ҳолат ОАВ орқали оммага ошкор бўлгач, юпун кийинган ёш ўқувчи қизларнинг Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги томонидан ўтказилган тадбирга жалб қилингани ижтимоиий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Шундан сўнг, Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги қизларни тадбирга жалб қилиш таклифи тўгарак раҳбари ва ота-оналардан чиққан деб айбни ўз гарданидан соқит қилишга уринди. Ҳокимиятнинг бу иши ҳам ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама бўлмоқда.
Мавзуга оид
22:12 / 06.06.2026
Андижонда вояга етмаган қиз билан жинсий алоқа қилган ИИБ ходими қамоққа олинди
13:52 / 26.05.2026
Бувиси мунтазам тазйиқ ўтказиб келган 3 нафар бола Туркиядан ватанга қайтарилди
10:24 / 24.05.2026
$57 миллионлик эзгу ташаббус ва ИИВдаги икки хил стандарт — ҳафта дайжести
16:15 / 23.05.2026