“Янгиҳаёт туманидаги 12 яшар қизнинг аянчли ўлими барчани чуқур қайғуга солди. Интернет оламидаги муҳокамалар, халқнинг ғазаби ва албатта ёшгина қизалоқнинг нобуд бўлгани мамлакатимизда болалар хавфсизлиги тўлиқ таъминланмаганлигини кўрсатади.

Бу ҳолатда қизча бегона шахс томонидан зўравонликка учраган. Шахсан менга юборилаётган мурожаатлар орасида оила аъзолари, буваси, ўгай акаси ёки ўгай отаси томонидан мунтазам жинсий зўравонликларга учраётган болалар ҳам топилади. Ҳатто 4–9, 10–14 ёшли болаларга нисбатан жинсий зўравонликлар амалга ошириляпти. Албатта бу жуда ачинарли ҳолат. Бундай мурожаатларни ўқиш жуда оғир. Ахир болалар ҳимояга муҳтож-ку. Бу ҳолатларни ўзимиз назоратга олиб, Бош прокуратурага расмий хат билан мурожаат қиляпмиз”, деб ёзади Алия Юнусова.

Қайд этишилишича, Ўзбекистон 1995 йил 31 августда «1966 йил 16 декабрдаги Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга доир факультатив баённома”га қўшилган. Ушбу ҳужжатга асосан мамлакатимизда ўлим жазоси бекор қилинган ва бу давлатимизнинг халқаро мажбурияти ҳисобланади.

Кимёвий кастрация, очиқ реестр ва узоқ йиллик қамоқ: Хорижда педофиллар қандай жазоланади?

Алия Юнусова болаларга нисбатан қўлланадиган жинсий зўравонликларга бериладиган жазо турини кучайтириш орқали юқоридаги ҳолатларга барҳам бериш мумкинлигини, шу боис Бола ҳуқуқлари бўйича вакил болаларга нисбатан жинсий зўравонлик қилган шахсларга энг оғир жазо тури қўлланиши ҳамда уларга ҳеч қандай амнистия акти ёки афв этиш асосида жазодан озод қилиш, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланмаслиги керак деган позицияда турганини алоҳида таъкидлаган.

“Болалар омбудсмани мурожаатлар таҳлили ва ўтказган ўрганишлари давомида таклифлар тайёрлаб, тегишли ташкилотларга юборилган. Бундан ташқари, болаларга яратилган шароитларни ўрганиб, аниқлаган камчиликлар бўйича тавсиялар берилган. Лекин шу билан биргаликда, болалар шахсан ўзлари Болалар омбудсманига мурожаат юборишлари учун қисқа ишонч телефонлари фаолиятини зудлик билан йўлга қўйиш лозим.