Ўзбекистон | 07:42 / 15.04.2022
6362
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги техникасини ривожлантириш бўйича режалар билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 14 апрель куни қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластерини ривожлантириш режалари тақдимоти билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

– Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги – катта ва муҳим тармоқ. Бу ҳосилдорлик юқорилиги, озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ масала. Замонавий техникалар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, сифат ва хизмат нуқтаи назаридан ҳали қилинадиган ишлар кўп, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бу ишларни тизимли олиб бориш учун бош вазир раҳбарлигида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги масалалари бўйича комиссия тузилиши белгиланди.

Чирчиқдаги кластерга кўчирилган қувватлар негизида культиватор, сеялка, косилка, чизель, борона ишлаб чиқаришни бошлаш зарурлиги таъкидланди. Тошкент трактор заводини ҳам кўчириб, кластерни 2023 йил январдан тўлиқ ишга тушириш вазифаси қўйилди. Унгача агрокластерлар ва фермерлар талабини ўрганиб, аниқ буюртмаларни шакллантириш муҳимлиги айтилди.

Бугунги кунда ерни лазер орқали текислаш техникаларига талаб юқори. Шу боис, мутасаддиларга шундай техника ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш топширилди. Эскирган тракторлардан тўлиқ воз кечиб, янги миллий трактор моделини яратиш бўйича кўрсатма берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Пахтани комбайнда териш улуши жорий йилда 35 фоизга, 2023 йилда эса 50 фоизга етказилиши қайд этилди. Йил якунигача Андижонда металл қуйиш заводини ишга тушириб ҳамда 90 турдаги бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириб, техникалар таннархини камида 12 фоизга камайтириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Деҳқон ва фермерларни ўйлантирадиган масалалардан яна бири – техника бузилса, уни тузатиш, эҳтиёт қисмлар топиш ва таъмирлаш. Шу боис президент машинасозликда савдо ва сервис хизматлари кўрсатиш бўйича яхлит тизим яратиш, 14 та ҳудудда сервис маркази ва 100 та мобил гуруҳлар ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Янги техникалар, умуман, қишлоқ хўжалиги механизацияси бўйича мутахассисларни ўқитиш бўйича ҳам вазифалар белгиланди, дейилади расмий хабарда. 

Мавзуга оид