15 март куни «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги қонун президент томонидан имзоланди. Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 25 феврал куни қабул қилинган, Сенатда 17 март куни маъқуллаган. 40 та моддадан иборат мазкур қонун расман эълон қилинганидан 3 ой ўтиб, 2022 йил 17 июлдан қонуний кучга киради.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистонда киберхавфсизлик соҳасидаги ягона давлат сиёсатини президент белгилайди (10-модда), Давлат хавфсизлик хизмати эса киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Қонунда соҳадаги асосий тушунчаларга таъриф берилган. Унга кўра, кибержиноятчилик – ахборотни эгаллаш, уни ўзгартириш, йўқ қилиш ёки ахборот тизимлари ва ресурсларини ишдан чиқариш мақсадида кибермаконда дастурий таъминот ва техник воситалардан фойдаланилган ҳолда амалга ошириладиган жиноятлар йиғиндиси ҳисобланади. Кибермакон эса – ахборот технологиялари ёрдамида яратилган виртуал муҳитдир. Шунингдек, қонунда бошқа кўплаб зарурий атамаларга ҳам изоҳ берилган. (3-модда)

Киберхавфсизликни таъминлашдаги асосий принциплар – қонунийлик, шахс ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳага ягона ёндашув, тизимни яратишда (давлат харидларида) маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга устуворлик бериш, халқаро ҳамкорлик учун очиқлик ҳисобланади. (4-модда)

Ушбу қонунда ҳам, бошқа кўплаб ҳужжатлар каби Ўзбекистон қўшилган халқаро шартномаларда кўзда тутилган бошқача қоидаларда устуворлик берилган. Яъни, халқаро шартномада «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги қонундан бошқача қоида назарда тутилган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади. (2-модда)

Киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли орган – ДХХга кўплаб ваколатлар берилган, хусусан:

  • соҳага доир норматив ҳужжатлар ва дастурлар ишлаб чиқиш, уларнинг ижросини назорат қилиш;
  • киберхавфсизлик ҳодисалари юзасидан тезкор тадбирлар ва тергов ҳаракатлари олиб бориш, шунингдек уларнинг олдини олиш, бартараф қилиш ва оқибатларини тугатиш бўйича техник чоралар кўриш;