Жаҳон | 19:54 / 18.04.2022
16090
2 дақиқада ўқилади

Путин ташқи савдода рубл ва бошқа мамлакатлар валюталарига ўтишни тезлаштиришни буюрди

Владимир Путиннинг сўзларига кўра, Россияга қарши санкциялар мамлакат бизнеси имкониятларига таъсир кўрсатди, экспорт ва импорт логистикасини қийинлаштирди, ҳисоб-китобларда тўсиқлар пайдо қилди.

Фото: РИА Новости

Россия ташқи савдодаги ҳисоб-китобларда рубл ва ишончли ҳамкор мамлакатлар миллий валюталарига ўтишни тезлаштириши лозим, деди Россия президенти Владимир Путин.

Путиннинг сўзларига кўра, Россияга қарши санкциялар мамлакат бизнеси имкониятларига таъсир кўрсатди, экспорт ва импорт логистикасини қийинлаштирди, ҳисоб-китобларда тўсиқлар пайдо қилди.

«Тадбиркорларга бу муаммоларни ҳал қилишда максимал даражада ёрдам кўрсатиш, жумладан, ташқи савдодаги ҳисоб-китобларда рубл ва ишончли ҳамкор мамлакатларнинг миллий валюталарига ўтишни тезлаштириш керак», — деди у.

Путиннинг қўшимча қилишича, ҳозирги ўзгарган шароитда мамлакат «анча юқори суръатларда ҳаракат қилиши даркор».

«Коммерсантъ»нинг ёзишича, ушбу ҳафтада «Газпром»дан газ сотиб олаётган энергетика компанияларига газ етказиб бериш тўхтатилиши мумкин. Нашр маълумотига кўра, 15 апрел куни апрел ойи учун аванс тўлаш муддати етиб келди, компаниялар тўловни рублда амалга ошириши лозим.

Путин 31 март куни «нодўст мамлакатлар» Россия гази учун рублда пул тўлаши кўзда тутилган фармонни имзолаганди. Фармон 1 апрелдан кучга кирган. 

Мавзуга оид