16:59 / 20.04.2022
14761

ICT4Girls – IT соҳасини танлаган қизлар учун катта имконият

Фото: ICT4Girls

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Инновация, технология ва стратегия маркази” ДУК “Қизларнинг IT кўникмаларини ривожлантириш” (“Digital Empowerment of Girls” / ICT4Girls) лойиҳасини амалга оширмоқда.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистонда ўқувчи қизларни АКТ соҳасига кўпроқ жалб этиш, рақамли кўникмаларини ривожлантириш мақсадида  Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда йўлга қўйилган.

ICT4Girls лойиҳаси 15 ва ундан катта ёшдаги мактаб, касб-ҳунар мактаби, коллежлар, техникум ва академик лицейлар ўқувчи қизлари учун мўлжалланган. Лойиҳа доирасидаги барча дастурлар мутлақо бепул.

ICT4Girls: қизларнинг IT йўналишида ишлаши оддий ҳолга айланади

Марказ қизларнинг IT соҳасида ўқиши ёки ишлаши яқин келажакда ҳайратланарли ҳол бўлмаслиги учун уларга кенг имкониятлар яратмоқда. Бу йўлда мазкур лойиҳа доирасида қуйидагилар амалга оширилмоқда:

Менторлик дастури – IT соҳасида маълум билим ва кўникмаларга эга бўлган 10 нафар қиз саралаб олиниб, соҳа мутахассислари орасидан танланган менторларга бириктирилган. Менторлар жорий йилнинг январь ойидан бошлаб қизларга ўз йўналишлари бўйича билим ва кўникмаларини ривожлантиришлари учун маслаҳатлар бериб бормоқда. Қизлар дастур давомида маълум ижтимоий муаммога ечим берувчи IT-маҳсулот яратишлари лозим, дастур якунида улар орасидан 3 та энг яхшисига лойиҳани амалга ошириш учун грант тақдим этилади.

Онлайн курслар – талаб юқори бўлган йўналишлар ҳақида онлайн маълумот берувчи курслар. Инновация, технология ва стратегия маркази томонидан UNICEF ва UNESCO билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган prof.maktab.uz платформаси ICT4Girls лойиҳаси доирасида яратилаётган янги курслар билан тўлдирилмоқда.

Тарғибот дастури – қизлар ва уларнинг ота-оналари IT соҳасига қизиқишини ошириш ва хаёлий тўсиқларини бартараф қилиш мақсадида ишлаб чиқилган махсус видеороликлар ОАВлари, оммабоп сайт ва блогларда намойиш этилмоқда. Ушбу роликларда IT келажак касби экани ва қизларнинг IT билан шуғулланиши оддий ҳолга айланиши тарғиб қилинган:

IT-оромгоҳда IT-спикерлар билан жонли мулоқот

IT соҳасида маълум билим ва кўникмаларга эга бўлган 100 нафар қиз 2022 йил 23-26 март кунлари ICT4Girls Digital Camp номли IT-оромгоҳда иштирок этди. Оромгоҳ Тошкент вилоятида Women Techmakers Tashkent Community билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Дастур иштирокчилар учун фойдали ва қизиқарли онларга бой бўлди. Оромгоҳда ўтказилган тадбирда халқаро миқёсдаги спикерлар иштирок этиб, ўз билим ва тажрибаси билан бўлишди:

  1. Камил Уордроп Аллейн – NASA ташкилоти вакили, америкалик аэрокосмик инженер;
  2. Сандра Жейкобс – АҚШ элчихонаси вакили;
  3. Садоқат Казиева – Apple компаниясида 3 йилдан ортиқ фаолият юритган, ҳозирда Ўзбекистонда UI/UX дизайнер бўлиб ишламоқда, Womenandtech.uz асосчиси;
  4. Дархонбек Маматалиев – халқаро Uber компаниясида iOS Engineer (iOS дастурчи-муҳандиси);
  5. Нигора Акилова – Ўзбекистонда кўзга кўринган PR-мутахассис, тадбиркор, IТ-лойиҳалар менежери;
  6. IT Queens жамоаси – мактаб ёшидаги ўзбекистонлик қизлардан ташкил топган жамоа, 2021 йил AI Journey номли халқаро конференцияда иштирок этиб, Data Lady номинациясида ғолиб бўлган;
  7. Наврўза Тулкунова – фермерларни истеъмолчилар билан боғлаш имконини берувчи Fermopolis асосчиси ва бош директори;

Иштирокчилар учун дастурчи бўлиш машаққатлари ва ривожланиш босқичлари, қизлар учун дастурчиликда муваффақиятга эришиш омиллари ҳақида гапириб беришди.

Шунингдек, оромгоҳда дастурчи қизлар учун соҳа мутахассислари иштирокида 5 та йўналиш – веб-дастурлаш, веб-дизайн, мобил дастурлаш, рақамли маркетинг ва STEM бўйича семинар-тренинглар ташкил этилди:

  • Ҳумоюн Иноятов – халқаро EPAM компаниясида дастурчи-муҳандис (Software Engineer)
  • Азизбек Матчанов – халқаро Super Dispatch компаниясида IТ- маҳсулотлар дизайнери (Product Designer)
  • Азамат Мажидов – етакчи Android дастурчиси (Senior Android Developer) Google Developer Groups Tashkent ташкилотчиларидан бири
  • Лазизбек Хамидов – Tasnif Group асосчиси ва ижодий директори
  • Умидхужа Рихсихужаев – Халқаро Вестминстер университети ҳамда Президент мактаби робототехника устози, Senior Hardware Developer.

Дастурда иштирок этган барча қизлар орасидан 5 нафарининг билим ва интилишлари юқори баҳоланиб, улар ноутбук билан тақдирланди.

Форум – кенг имкониятлар майдони

ICT4Girls лойиҳаси доирасида жорий йилнинг май ойида ўзбек қизларининг IT-кўникмаларини ривожлантириш ишларини тизимлаштиришга бағишланган форум ташкил этилади. Форум иштирокчилари соҳада мавжуд муаммоларни таҳлил қилиб, ечим ва таклифлар ишлаб чиқади. Форумда, шунингдек, айни дамда қизлар учун IT-таълим ва меҳнат бозорида мавжуд имкониятлар ҳақида маълумот бериш мақсадида меҳнат ярмаркаси ташкил этилади.

Юртимизда хотин-қизлар ўртасида инновацион технологиялар ва илм-фан йўналишида янги қиёфалар яратишга давлат даражасида эътибор берилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда 2022 йилдан бошлаб ҳар йили мактаб ва коллеж битирувчиларидан 20 минг нафар қизни давлат буюртмаси асосида IT соҳасида ўқитиш йўлга қўйилиши маълум қилинди. Бу эса қизлар таълимида IT соҳаси улушини кескин оширишга алоҳида эътибор қаратилишидан далолатдир.

Бугунги кунда Марказ жамоаси ҳам ушбу йўналишдаги фаолиятини кенгайтириш мақсадида лойиҳа доирасида ўтказилаётган сўровномада соҳани ўрганишда қизлар дуч келаётган муаммоларни аниқлаб, лойиҳани ривожлантириш учун берилган таклифлар устида мунтазам иш олиб бормоқда. Унда IT-таълимга бефарқ бўлмаган барча фаол қизлар иштирок этиши мумкин.

ICT4Girls – дастурчиликни орзу қилган қизлар учун муносиб йўл. Бу йўлда Инновация, технология ва стратегия маркази ўзбекистонлик қизларни қўллаб-қувватлайди ҳамда “Дастурчилик – қизлар учун эмас” деган стереотипларни парчалашга чақиради. 

Реклама ҳуқуқи асосида

Top