15:37 / 25.04.2022
12897

Россия «Азовстал»да гуманитар йўлак очишини эълон қилди

Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг Мариупол шаҳрида жойлашган «Азовстал» металлургия комбинатида гуманитар йўлак очишини эълон қилди.

Фото: Reuters

Хабарда айтилишича, Россия қуролли кучлари ва тан олинмаган ДХР аскарлари 25 апрел куни маҳаллий вақт билан соат 14:00 дан бошлаб (Тошкент вақти билан 16:00) «Азовстал» заводидан хавфсиз масофага чекиниб, ҳар қандай ҳарбий ҳаракатларни тўхтатади.

«Киев ҳукумати таъкидлаётган тоифадаги одамлар завод ҳудудидан ўзи истаган йўналишда чиқиб кетишига қаршилик қилинмайди. Украина томонининг гуманитар операцияга розилиги ҳар қандай кўринишдаги оқ байроқлар кўтарилиши билан ифодаланади», дейилади баёнотда.

Россия томонининг маълум қилишича, гуманитар йўлаклар очилгани ҳақида «Азовстал»даги Украина вакилларига ҳар 30 дақиқада радиоканаллар орқали хабар қилинади. Украина ҳукуматига эса бу борада бош вазир ўринбосари Ирина Верешук орқали хабар берилади. Баёнот Россия мудофаасини бошқариш маркази раҳбари, генерал-полковник Михаил Мизинцев томонидан имзоланган.

Бир кун аввал, 24 феврал куни Украина президенти Володимир Зеленский туркиялик ҳамкасби Ражаб Эрдўған билан телефонда гаплашиб, суҳбат чоғида Мариуполдан, хусусан, «Азовстал» заводидан тинч аҳоли вакилларини эвакуация қилиш жуда муҳимлигини айтганди. Зеленский билан гаплашгач, Туркия президенти Эрдўған Россия президенти Путин билан телефон орқали суҳбат ўтказиши кутилганди. Ҳозирча бу суҳбат бўлгани аниқ эмас.

Турк нашрларининг ёзишича, Эрдўған ҳамон Зеленский ва Путинни Истанбулда учраштирмоқчи. Туркия етакчиси Украинадаги урушни дипломатик йўл билан ҳал қилиш мумкин деб ҳисоблайди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top