Ўзбекистон | 15:35 / 25.04.2022
6628
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Макронни сайловдаги ғалаба билан табриклади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Франция президенти Эммануэл Макронга табрик йўллади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев Эммануэл Макронни Францияда бўлиб ўтган президент сайловида ғалаба қозонгани билан табриклаган. 

"Аминманки, давлатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишонч руҳидаги узоқ муддатли ҳамкорлик муносабатлари биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз ва интилишларимиз орқали халқларимиз фаровонлиги йўлида изчил ривожланиб бораверади", дейилади давлат раҳбарининг мактубида.

Францияда 24 апрель, якшанба куни президентлик сайловларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. 

Амалдаги президент Эммануэл Макрон сайловчиларнинг 58,55 фоиз овози билан ғалаба қозонди. Унинг рақиби – «Миллий бирлашув» партияси раиси Марин Ле Пен учун сайловга келганларнинг 41,45 фоизи овоз берди. Франция президенти тўғридан тўғри умумий овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади. Агар биринчи турда номзодларнинг ҳеч бири кўпчилик овозга эга бўлмаса, энг кўп овоз олган икки номзод ўртасида иккинчи тур ўтказилади. 

Франциядаги сайловлар натижалари бўйича бешта факт

  • Эммануэл Макрон сўнгги 20 йил ичида қаторасига икки сайловда ғолиб чиққан илк президент бўлди. Францияда сўнгги бор икки муҳлатга давлат раҳбари бўлган шахс Жак Ширак бўлганди — 1997 йилдан 2002 йилгача ва 2002 йилдан 2005 йилгача;
  • Эммануэл Макроннинг ғалабаси Францияда марказчи кучлар учун тарихдаги иккинчи ғалаба бўлди, амалдаги президент ҳокимият тепасида ўн йил қолиши мумкин. 1965 йилдан буён ўнг қарашлар вакили бўлган президентлар мамлакатни жами 33 йил мобайнида бошқаришган, сўл кучлар номзодлари эса — 19 йил;
  • Elabe институти маълумотига кўра, президентлик сайловида овоз беришдан бош тортган француз сайловчилари улуши 28 фоизни ташкил этган. Бу 1969 йилдан буён энг юқори кўрсаткич. Таққослаш учун, 2017 йилда французларнинг 25,44 фоизи, 2012 йилда — 19,65 фоизи овоз беришда иштирок этмаган;
  • Ipsos ўтказган сўров натижаларига кўра, Эммануэл Макрон ёш сайловчилар (18-24 ёшлилар) томонидан фаол қўллаб-қувватланган, ёшларнинг 61 фоизи марказчилар номзодини танлаган, шунингдек кекса ёшли (70 ёшдан катта) сайловчилар ҳам амалдаги президент учун овоз берган; 
  • Эммануэл Макрон — Евроиттифоқдаги энг кучли иқтисодиётларга эга асосий учликдаги энг тажрибали етакчи бўлиб қолди, бу учликка Франциядан ташқари Германия ва Италия киради. ГФРнинг собиқ канцлери Ангела Меркел ўрнини 2021 йил декабрида Олаф Шольц эгаллаган, италянлар бош вазири Марио Драги — ҳукумат тепасига 2021 йил февралида келганди.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид