Ўзбекистон | 16:10 / 26.04.2022
6699
2 дақиқада ўқилади

Бирорта ҳам ҳудудий ҳокимлик бюджет бўйича очиқ маълумотларни эълон қилмаган – Ҳисоб палатаси

Қишлоқ хўжалиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари ҳам бюджет жараёни очиқлигига риоя қилмаган. 2та ташкилот маъмурий жавобгарликка тортилган.

Фото: Shutterstock

2021 йилнинг 3-чорак якуни бўйича 91та, 4-чорак якуни бўйича 54та ташкилот бюджет қонунчилиги бўйича очиқ маълумотларни умуман жойлаштирмаган. Бу ҳақда Ҳисоб палатаси бюджет очиқлигига оид жамоатчилик эшитувида маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Ҳисоб палатаси ҳисоботига кўра, 3-чорак якуни бўйича маълумотларни тўлиқ жойлаштирган ташкилотлар сони 10та бўлган бўлса, 4-чорак якуни бўйича ушбу кўрсаткич 66тагача етган.

Палата бюджет жараёни очиқлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чораларга қарамасдан айрим ташкилотлар ҳанузгача мазкур йўналишга жиддий эътибор қаратмаётганига урғу берган.

“2021 йилнинг 3-чорак якуни бўйича 91та, 4-чорак якуни бўйича 54та ташкилот очиқ маълумотларни умуман жойлаштирмаган.

Масалан, барча ҳудудий ҳокимият органлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ва бошқа бир қатор ташкилотлар”, дейилади палата ахборотида.

Шунингдек, 2та ташкилот мансабдор шахслари бюджет жараёни очиқлигини таъминлаш тартибига риоя қилинмагани сабабли маъмурий жавобгарликка тортилган. Бироқ палата ахборотида булар қайси ташкилотлар экани очиқланмаган.

“Бугунги кунда яна бир қатор ташкилотларнинг мансабдор шахсларини маъмурий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судга юборилган”, дейилади палата ҳисоботида.

Маълумот ўрнида, Бюджет жараёни очиқлигини таъминлаш тартиби, Бюджет кодексининг 1661-моддасида ҳамда Адлия вазирлиги томонидан 3299-сон билан рўйхатга олинган Низомда белгилаб берилган.

Ушбу Низомда, бюджет жараёни очиқлигига оид маълумотларни расмий веб-сайтларга жойлаштириб бориш шакллари, тартиби ва муддатлари аниқ кўрсатилган.

Мавзуга оид